Ҳудкушлик – энг оғир гуноҳлардан
19 март 2017 й.
2687 марта ўқилди.

 

 
Ҳудкушлик – энг оғир гуноҳлардан
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Алҳамдулиллаҳи роббил аламин, вассалоту вассалому ала росулиллаҳ.
Маълумки, Ислом дини тинчлик, меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи пок ва муқаддас диндир. Унинг таълимоти кўра ер юзини обод қилиш, эзгу амаллар билан шуғулланиш, Аллоҳ таоло томонидан ато этилган неъматлардан фойдаланиб, шукрона келтириш катта савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Ер юзида фисқу фасод қилиш, ноҳақ қон тўкиш, қолаверса ўз жонига қасд қилиш каби ишлар муқаддас динимизда қаттиқ қораланади. Шу билан бирга бу каби амаллар энг оғир гуноҳ эканлиги таъкидланади.
Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Ҳақ таоло Қуръони каримда унга жуда кўп неъматларни ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз қилиб берганини эслатиб айтади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик. Уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро, 70-оят) Мазкур оятда Аллоҳнинг наздида инсоннинг қадр-қиммати нечоғлик улуғ эканлиги, унинг барча жонзотлардан афзаллиги баён қилинган. Парвардигор бизга шунчалик мурувват кўрсатган экан, биз инсоният аҳли шунга мос равишда ҳаёт кечирмоғимиз даркор. Инсонга берилган ҳаёт, умр – энг катта омонатдир. Инсон бу омонатга хиёнат қилса, ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қаттиқ қоралангандир.
Инсонга ҳаёт неъматини Аллоҳ таоло ато қилди, унинг ҳаётини фақат Ўзигина олишга ҳақлидир. Ҳаттоки, яшаш ҳуқуқи берилган киши ўз ҳаётига ўзи суиқасд қила олмайди. Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик гуноҳ бўлса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик оғир маъсият саналади. Пайғамбар с.а.в. ҳам ўзларининг ҳадиси муборакларида ўз-ўзини ўлдириш –ҳудкушлик ҳаром эканлиги, бундай ишни қилганлар учун охиратда қаттиқ азоблар борлиги ҳақида айтиб ўтганлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жонига қасд қилиб ўткир тиғли нарса билан ўзини ўлдирса, жаҳаннам оловида қорнига ўша ўткир тиғни ушлаб абадул-абад санчаверади. Ким заҳар ичиб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оловида абадул-абад ўша заҳарни ютади. Ким тоғдан ўзини ташлаб ўз жонига қасд қилса, жаҳаннам оловига абадул-абад ўзини улоқтиради», дедилар. (Имом Бухорий ривояти)
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда баъзи замондошларимизга сабру матонат етишмай, ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ҳолат Аллоҳ таоло берган ҳаёт – умр деб аталган неъматга ношукурлик оқибатидир. Бу мудҳиш ҳодисалар қазои қадар тушунчаларини билмаслик, тақдирга рози бўлмаслик, Ҳақ таолонинг амрига қарши чиқишлик натижасида юз беради. Ислом илмидан етарли хабари бўлмаган иймони заиф кимсалар турмуш қийинчиликларига, бошга тушган турли хилдаги мусибатларга, баъзи ғийбатчи, туҳматчи кимсаларнинг миш-мишларига сабр қилмай, охирги чора сифатида ўз жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Аллоҳ таоло сабр қилган бандасига неъматини зиёда қилиб беришини, акс ҳолда ношукурлик қилувчилар учун азоби қаттиқ эканлигини баён қилиб: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада)  зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим  (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7оят) деб огоҳлантиради. Хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин шундайин тўкин, тинч ва фаровон замонда ва адолат устивор бўлган бир жамиятда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабр-қаноат,  чиройли тадбир, маслаҳат ва машварат билан ҳал қилса бўлади. Аммо сабрсизлик натижасида ношукурлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди.  
Ёки бўлмаса, айрим иродаси бўш кишилар ичкилик ва гиёҳвандликка берилиб, бебаҳо умрларини хазон қиладилар. Бундай кимсалар ушбу нарсалар динимизда ҳаром саналишини билмайдилар, ёки билиб туриб нафсларининг амрига қулоқ солиб, ўзларини абгор қиладилар. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу ҳақда барчамизни огоҳлантириб, айтади: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара сураси 195 оят)
Энг ачинарлиси, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш – ҳудкушлик  ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб тоифалар орасида одат тусига айланиб қолмоқда. Дунёда рўй бераётган ҳодисаларни, танасига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар тўғрисида эшитяпмиз. Бундай аянчли ҳолатни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кишилар ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир. Ҳолбуки, ўз-ўзини ўлдириш – ҳудкушлик шаҳидлик эмас, балки жаҳолат ва қабоҳатдир. Ўзларини портлатаётган кимсалар гуноҳи азимга қўл урмоқдалар, қанчадан-қанча одамларнинг ўлимига, болаларнинг етим қолишига, ота-оналарнинг фарзанд доғида куйишларига сабабчи бўлмоқдалар. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек тутиб, одамларни исломга даъват қилиб юрган, асл ниятлари эса, терроризм ва ноҳақ одам ўлдириш бўлган манфурларни бутун дунё қораламоқда. Улар мақсадларини амалга ошириш учун диний илми етарли бўлмаган, ғўр ёшлар онгига ўз ғояларини сингдириш  йўлида барча имкониятлардан, шу жумладан, интернет сайтларидан фойдаланмоқдалар. Ёшларимизнинг мана шундай қора ниятли кишиларнинг таъсир доирасига тушиб қолмасликлари учун ҳар бир ота-она ўз фарзандига, устоз ўз шогирдига, ёши улуғ отахонлар маҳалладаги ўғил-қизларга ҳамиша кўз-қулоқ бўлиб, гўзал тарбия берган ҳолда насиҳат қилишлари лозим. Зеро, Пайғамбар (с.а.в.) айтганларидек, “Дин - насиҳатдир”, вақт борида бу муаммоларнинг муолажасига киришмоғимиз керакки, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Мана шундагина кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинади, ҳаётимиз гўзал, фарзандларимиз эса салоҳиятли бўлади.
Аллоҳ таоло берган ҳаёт неъматини   савобли ишлар,  хайрли амаллар қилиш билан ўтказиш,    ҳаётий муаммоларни  чиройли тадбир билан ҳал этиш,  Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор  бўлиб  яшаш  ҳақиқий имонли кишининг  фазилатидир.
 
 
"Чаҳор Бакр" жомеъ масжиди 
имом-хатиби Азизхўжа Иноятов

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram