ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК
30 август 2021 й.
925 марта ўқилди.

 

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК

Бу қутлуғ ва шонли айём халқимиз учун янги тарихимиздаги энг улуғ санадир. Зеро, ушбу фурсат тарих учун қисқа давр бўлса-да, бунга осонлик билан эришилгани йўқ.
Бинобарин, мустақиллик ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирди. Шу сабабдан истиқлол деган улуғ неъмат, аввало, халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини берган, Ватанимиз мустақиллиги тарихда ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк сана ҳисобланади.
Истиқлол йилларида эришилган ютуқ ва марралар замирида мустақиллик аталмиш бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати намоён. Юрт равнақи, ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар инсон бахту саодатига, фаровонликка хизмат қилишини ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис қилмоқда, ўзи гувоҳ бўлмоқда.
Мустақиллик йилларида босиб ўтган шонли йўлимизга назар ташлаб, эртанги кунимизга, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортмоқда. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борада ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Энг муҳими, «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётир.
Муболағасиз айтаманки, бугун Ўзбекистон том маънода дунёга очилди ва кўплаб мамлакатлар билан дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Президентимизнинг қўшни мамлакатлар билан яқин, дўстона муносабат ўрнатишга қаратилган шахсий ташаббуси минтақада янги сиёсий ҳақиқатни шакллантирди.
Мустақиллик куни — халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми. Ҳар йили бу қутлуғ санани умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш анъанага айланган. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори халқимиз томонидан катта қувонч ва мамнунлик билан қарши олинди. Ўз навбатида, мазкур ҳужжат мамлакатимиз аҳлига кўтаринки руҳ бағишлаб, қалбларимизни қутлуғ айём шукуҳига тўлдирмоқда.
Айтиш мумкинки, бу бетакрор байрам барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиради, уларнинг қалбида энг гўзал ва олижаноб туйғуларни уйғотади. «Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун» ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдек эзгу ишларга чорлайди, кишини.
2021 йилги умумхалқ байрами «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар руҳида ўтади. Шак-шубҳасиз, ушбу шиор ҳар бир ватандошимизнинг қалбини меҳр ва ифтихорга, ватанга садоқат билан хизмат қилиб, юртимизни бундан-да қудратли бўлишига ундайди.
Мана азизлар Ўзбекистон истиқлолининг 30 йиллик юбилей байрамига ҳам етиб келдик. Бунинг учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсин. Жонажон юртимизни асраб авайлаш, унинг ободончилиги, фаровонлиги ва тинчлиги учун бир тану-бир жон бўлиб хизмат қилмоғимиз лозим.
Зеро "Ватанни севмоқ иймондандир" дейди уламоларимиз. Олимларимиз айтадиларки инсон қалбида бешта нарсага муҳаббат уруғи бордир: 
1. Аллоҳ таолога. 2.Унинг динига. 3.Унинг китобига. 4.Унинг расулига. 5.Ота-она ва Ватанига дейдилар.
Айниқса, охирги 4-5 йил ичида юртимизда барча соҳаларда катта ислохотлар, бунёдкорлик ишлар бўлгани каби, диний соҳада ҳам ўтган буюк аждодларнинг қолдирган бой илмий-маънавий мерослари, улар қўним топган жойларнинг обод қилинаётганлиги, етти пирларда қилинган ободончилик ишлари, янги-янги китоблар нашр қилинганлиги жуда ҳам қувончлик бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, тараққиёт, юксалиш, ободлик ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлмайди. Бугун Ўзбекистонда қайси соҳани олманг, истиқлол инъом этган улкан имкониятлар ҳаётда ўзининг ёрқин ифодасини топаётганини кўрасиз. Зотан, биз қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлсак, буларнинг барчаси мустақиллик, истиқлол шарофатидир.

Шофиркон тумани бош имом-хатиби Миржон Эгамбердиев
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram