Яхшилик нима?
30 август 2016 й.
12777 марта ўқилди.

 Яхшилик нима?

 
     Дунёда инсон яшар экан албатта у атрофидагилар билан муъомала қилади, алоқа ўрнатади. Бу боғланишсиз инсон жамиятда яшай олмайди. Шу сабабдан инсонларнинг бир-бирларига ҳожати тушади. Кимларнингдир маънавий ва иқтисодий кўмаги ва ёрдамига муҳтож бўлади. Шу лаҳзаларда инсоннинг қадр-қиммати, кимлиги ва қандайлиги намоён бўлади.
    Бир кун узоқ сафардан қайтган дўстимиз меҳмонга келиб ҳаётидаги бир воқеъани хикоя қилиб берди. Уйда дам олиятганимда уйқум қочиб, кейинги хонадаги ота-онамни ўзаро суҳбатларини беихтиёр эшитиб қолдим. Отам айтдилар: “Онаси бундан бир неча йил илгари янги оила, шароитимиз ҳам оғирроқ эди. Эсингда бўлса, ўша вақтлар авто ҳалокатга учраганимизда уканг бизга ёрдам бериб, мошинамизни тузатиб берган эди. Салкам битта машина ( улов )ни маблағини биз учун сарфлаган эди. Лекин, орадан 20 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам шуни пулини биздан сўрамади, биз ҳам унга раҳматдан бошқа бир сўм ҳам беролганимиз йўқ. Ҳозирги кунда у вақтдаги пул арзимас бўлиб қолган бўлса ҳам шу яхшилигига муносиб бир ёрдам беролмадик”-деб.
   Онам айтдилар: “ Тўғри айтасиз, уни ҳам болалари кўп, ҳозир бироз қийналиб қолган, бир иш қилишим, машина олишим керак деб анчадан буён қийналиб юрибди ”- деб отамнинг гапларини тасдиқлаб қўйдилар.
    Мени бу воқеъадан хабарим йўқ. Илгари бирор маротаба улардан буни эшитмаган эдим. Шунда шу кечанинг ўзида ният қилдимки: “ Эрта тонг отганда биринчи қиладиган ишим, тоғамнинг беминнат қилган яхшиликларига муносиб жавоб бериш бўлади”.
   Эрта тонг ўрнимдан турдим. Машина бозорига бордим, нархларини билиб, қишлоқ жойда киракашлик учун ҳам кўп фарзандлик тоғам учун ҳам “Дамас” русумли улов қулай бўлади деган хаёлда янги бир “Дамас”ни харид қилиб олдимда, ҳужжатларини тайёрлаб тўғри Қаракўл туманига, тоғамни уйига миниб бордим. Тоғамни чақириб машинани калити ва ҳужжатларини қўлларига тутқазиб  айтдимки: “Тоға, бу сизга бизнинг оиламиздан ҳадя, дуо қилинг, фарзандларингизни роҳатини кўринг”. Тоғам ҳайрат ва қувончдан, миннатдорчилик ва севинчдан  кўз ёшларини яшира олмай йиғлаб раҳмат айтиб, дуо қилдилар.
    Ан-Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида  сўради. Расулуллоҳ: “Яхшилик ҳусни хулқдир.”, дедилар. Муслим ва Термизий ривояти.
   Яхшилик шундай амалки агар инсон уни қилса қалбига хурсанчилик киради. Ўзи қилган ишидан мамнун бўлади.
   Аксар ҳолатда кўпчилик инсон оилавий муҳит тарбияси, ҳаётий тажрибаси, ёнидагиларидан эшитган, кўрган, ёки ўқиганларидан келиб чиқиб қилиётган ишлари ва бажараётган амалларини тўғри деб баҳолайди.
    Аслида яхшилик нима-ю, ёмонлик нима?, яхши инсон ким-у, ёмон инсон ким? буларнинг ҳаммаси, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръонда ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаламнинг  ҳадисларида очиқ ва равшан баён қилинган.
     Аллоҳ таоло қуръони карим Бақара сурасида: “ Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса, аҳд қилганда аҳдига вафо қилгувчилар. Камбағаллик ва қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”-деган. ( 177-оят)
   Суфёни Саврий бу оятни ўқиб: “ Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир”- деганлар.
   Ибни Касир эса: “ Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади”-деганлар.
     Аллоҳ таоло яхшиликларнинг аввалида Ўзига иймон келтириш, охират, қиёмат куни, фаришталар, нозил қилган китоблари ва инсониятни тўғри йўлга бошловчи пайғамбарларига  ишонишни зикр қилди. Чунки мусулмонни амалининг қабул бўлиш шартларидан биринчиси иймон бўлади. Шунинг учун Қуръони каримнинг кўпгина оятларида: “Иймон келтирганлар  ва амали солиҳ қилганлар”, дейилган. Аввал иймон, Аллоҳга, пайғамбарига бўлган ишончни айтиб кейин амали солиҳ, яхшилик  қиладиганларга бериладиган мукофот ва жаннатдаги неъматлари ҳақида хушхабарлар берилади.
   Оятнинг давомида: “Яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса”, деб айтилмоқда.  Демак қиладиган эҳсонни оиладан, қариндошлар (ака-ука, опа-сингил, амаки, амма, тоғо, холалар) дан бошлаймиз ортганини эса етим, мискин, муҳтожларга берамиз. Берганда ҳам ўзимиз яхши кўрган, биз учун қадрли  бўлган молимиздан беришимиз лозим.
    Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз. Нимани нафақа қиганингизни Аллоҳ таоло билгувчидир”, деб марҳамат қилади. ( Оли Имрон. 92-оят)
       Яхшилик фақатгина молу-дунё билангина қилинмайди балки унинг турлари кўп. Инсонларга манфаат келтирадиган ва фойдали бўлган барча ишлар яхшиликдир.
    Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмон учун садақа лозим», – дедилар. «Эй Расулуллоҳ! Агар садақа қилишга нарса топа олмаса-чи?» – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касб-кор қилиб, ўзига ҳам манфаат келтиради, ортганини садақа қилади», – дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» – дейишди. «Қийналиб қолган бечораҳолга ёрдам беради», – дедилар. «Ёрдам ҳам беролмаса-чи?» – дейишди. «Яхшиликка буюради», – дедилар. «Бу ишни ҳам қилмаса-чи?» – дейишди. «Ёмонликдан тийилади. Мана шу ҳам унинг учун садақадир», – дедилар». Бухорий ва Муслим ривояти
     Демак, қўлимиздан бирор бир яхшилик қилиш келмаса, ҳеч бўлмаганда одамларга ёмонлик қилмайлик, зарар етказмайлик, бировларнинг яхшилик йўлларига  ғов бўлмайлик, биз сабаб яхшилик йўллари беркилиб қолмасин. Инсондан қоладигани яхшилик ва ёмонликдир.
       Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек: Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлиб, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва жаннатига эришган, ҳақиқий мўмини комил бўлиб яшамоқлигимизни Роббимиз барчамизга осон қилсин, Аллоҳ таоло барчаларимизни яхшилик қигувчилардан қилсин. Яхшилик йўлларини осон қилсин. Ортимиздан фақат яхшиликлар қолмоғини ва бир-бирларимизга меҳрли, оқибатли, шафқатли бўлмоғимизни насиб айласин. Омин.
 
                                             
« Соктари » жомеъ масжиди
     имом хатиби:                                                                                                  Жасурбек Латипов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram