"Яхшилик қилишга шошилайлик"
13 июн 2020 й.
1009 марта ўқилди.
"Яхшилик қилишга шошилайлик"
Инсон боласининг ўзига раво кўрган яхшиликни бошқа мўъминларга ҳам раво кўриши мусулмонга хос фазилатдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (Одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар”. (Тавба сураси, 71-оят).
Ҳаётда санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлардан бахраманд бўлиб юрганимиз Аллоҳнинг бизга мехрибонлиги, марҳаматидандир. Шуни яхши англаган ҳар бир мўмин ғанимат умри давомида баҳоли қудрат, имконият даражасида яхшилик қилишга шошилиши керак.
Юсуф Хос Хожиб ўзларининг “Қутадғу билиг” - “Саодатга йўлловчи билим” асарларида инсоний фазилатлар, одамларни яхшиликка, яхшилик билан ном қолдиришга, юксак ахлоқ ва одобга эга бўлишга чақиради:
Ўзим ўлсам яхши отим қолса бас,
Қолиб мангу отим тирик бўлса бас,
Фақат яхшилик қил, тила яхшилик
Номинг мангуликка яшаб юрса бас.
Яхшилик Аллоҳ таоло рози бўладиган ишдир. Аллоҳ таоло меҳрибон Зот, бандаларига фақат яхшиликни истайди.
Ривоят қилишларича, Анушервон замонасида икки киши бор эди Улар Анушервон ташкил этган базмларда ҳозир бўлар эдилар. Шундай базмларнинг бирида улардан бири баланд овозда қуйидаги байтни ўқиди:
Яхшилигим қайтсин десанг сен,
Яхшилик қил, яхши ўй ўйла!
Иккинчиси эса қуйидаги байтни ўқиди:
Ёмонлик қайтмасин десанг,
Ёмон бўлма, ёмон ўй қилма!
Бу байтлар Анушервонга ёқиб қолди. У биринчи байтни ўқиган кишига минг дирхам, иккинчи кишига эса беш юз дирҳам беришни тайинлади. Хозир бўлганлардан бири Анушервондан сўради:
Эй одил амир, уларнинг байтлари битта маънога эга, нега тухфани икки хил бердингиз?
Анушервон шундай жавоб қайтарди:
Чунки сўзлашувда тафовут катта. Биринчисининг сўзи бошдан-оёқ яхшилик ҳақида бўлди, иккинчисиники эса фақат ёмонликни эслатди. Яхши гап ҳам ёмоннинг оғзидан ёмон бўлиб чиқади, кимнинг юрагида яхшилик бўлса, доимо яхшиликни зикр қилади, ёмон кишилар эса ёмонликдан гапирадилар.
Хазрати Али розиаллоҳу анҳу: “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, - деганлар.
Ҳар бир ота-она ёки устоз мураббий фарзандининг иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларига мунтазам аҳамият бериши лозим. Агар фарзандларга яхшилик ўргатилса, иймон-эътиқодли, оқил фарзанд бўлиб камол топади. Яхши амалларимиз охират сафаримизда бизга ҳамроҳ, Аллоҳнинг фазли-карами билан саодат топишимизга сабаб бўлади.
Ромитан тумани “Хокимулломир” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Муротов
«орқага