ЯХШИЛИК ҚИЛИШГА ШОШИЛИНГ.
16 феврал 2021 й.
880 марта ўқилди.
ЯХШИЛИК ҚИЛИШГА ШОШИЛИНГ.
Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган.
Инсонларга яхшилик қилиш – уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ارْكَعُوا وَاسْجُدُوا وَاعْبُدُوا رَبَّكُمْ وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!”. (Ҳаж сураси, 77-оят).
Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.
Инсониятни жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишга сабаб бўлган улуғ зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир”.
Мусулмон киши ўзининг ижтимой ҳаётида адо қиладиган яхши амаллари билан намоз ўқиш учун масжид сари босган қадами ўртасидаги бу боғланиш қандай ҳам гўзал! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни алоҳида таъкидлайдиларки, Ислом дини инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади.
Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Улуғ саҳоба Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: “Яхшилик қилишнинг барчаси – садақадир”, - деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Бухоро шаҳар “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Рахимов Абдулбосит.
«орқага