ЁЛҒОН АРАЛАШГАН ТИЖОРАТ ЗУЛМДИР
18 апрел 2024 й.
421 марта ўқилди.

ЁЛҒОН АРАЛАШГАН ТИЖОРАТ ЗУЛМДИР
Инсон кундалик ҳаёти давомида тез-тез молиявий муомалаларга дуч келиб туради. Баъзан савдо қилиб сотувчи сифатида иштирок этса, баъзида эса харидор бўлиб кишилар билан олди-берди қилади. Мусулмон киши ҳар икки ҳолатда ҳам ўзганинг ортиқча ҳаққини олиб қолишликдан ҳазар қилиши керак. Хусусан тижоратчилар ҳар куни одамлар билан молиявий муомалада бўлишлари сабабидан, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб қолмаслик учун савдо-сотиқга оид динимиз кўрсатмаларини унутмасликлари, тижорат тартиб-қоидаларидан хабардор бўлишлари айни муддаодир. Парвардигордан қўрқадиган, тўғри сўз, тижоратда Аллоҳ таолонинг чегарасини бузмайдиган, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилувчи савдогарни иши доим баракали бўлиб, ўнгидан келади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда тўғри сўз бўлишга буюриб шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا
* يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا*
  
Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди. (Аҳзоб сураси,70-71-оятлар)
Тижоратчи савдо молини мақташ учун ёлғон гапириши Исломда қаттиқ қораланиб, алдов орқали орттирилган мол динимизда ҳаром саналади. Бу борада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат этганлар:
عَنْ رِفَاعَةَ أَنَّهُ خَرَجَ مَعَ النَّبِيِّ  إِلَى الْمُصَلَّى فَرَأَى النَّاسَ يَتَبَايَعُونَ فَقَالَ: يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ فَرَفَعُوا أَعْنَاقَهُمْ وَأَبْصَارَهُمْ إِلَيْهِ إِجَابَةً لَهُ فَقَالَ: إِنَّ التُّجَّارَ يُبْعَثُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فُجَّارًا إِلاَّ مَنِ اتَّقَى اللهَ وَبَرَّ وَصَدَقَ. وَفِي رِوَايَةٍ: التَّاجِرُ الصَّدُوقُ اْلأَمِينُ مَعَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: «Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарадилар. Шунда у зот: «Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилтирурлар. Магар Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: 
«Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дейилган». 
Бу ҳадиси шарифдан савдода яхшилик қилмайдиган, ўзига ростгўйлик, тавқвони лозим тутмаган, алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўр савдогар охиратда шарманда бўлиши  маълум бўлмоқда. Ростгўй, тақволик тожирнинг савдоси ҳам ибодат. У ўзига фойда келтиришдан ташқари ўзгаларга ҳам яхшилик қилади. Яшайдиган жамияти учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширади. Одамларни оғирини енгил қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда тижоратни ҳалол қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган. Ушбу фазилатлар тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқ. Бундай гўзал сифатларга эга бўлган савдогарлар қиёмат кунида набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлишади.
 
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى -رضي الله عنه-: "أَنَّ رَجُلاً أَقَامَ سِلْعَةً وَهُوَ فِي السُّوقِ، فَحَلَفَ بِاللَّهِ لَقَدْ أَعْطَى بِهَا مَا لَمْ يُعْطَ لِيُوقِعَ فِيهَا رَجُلاً مِنَ الْمُسْلِمِينَ، فَنَزَلَتْ: { إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلاً} [آل عمران: 77] .(رواه البخاري)

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши бозорда туриб бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун, у(мол)га ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда, «Албатта, Аллоҳнинг аҳди ва қасамлари ила арзон баҳога сотиб оладиганлар...» ояти нозил бўлди.» Бухорий ривоят қилган.
Бу оятнинг давомида «Ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни уларга Аллоҳ гапирмайди ҳам, назар солмайди ҳам, уларни покламайди ҳам. Ва уларга аламли азоб бордир», дейилган.
Демак, одамларни қизиқтириб молини ўтказиш учун, бу мол менга ўзи бунчага тушган, деб ёлғон айтиб қасам ичиш охиратда ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун бу нарсадан ҳушёр бўлиш керак.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буғдой сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб, “қандоқ сотаяпсан?” деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга, қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ, деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини тиқсалар ҳўл экан. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан эмасдир, ким алдаса», дедилар». Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Муслим ва Термизийнинг лафзида: «У зот: «Эй, таом эгаси! Бу-нима?!» дедилар.
«Ёмғир теккан эди, эй, Аллоҳнинг Расули», деди.
«Буни одамлар кўришлари учун таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар».
Буғдойга осмондан тушган ёмғир тегса, шишиб оғир бўлиб қолади. Шунинг учун сотувчи ўлчовда ноўрин фойда кўради. Иккинчидан ёмғир теккан буғдой узоқ сақланмайди. Бу ўринда ҳам айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади. 
Ислом динида савдо-сотиқ, иқтисодий ишларни ҳам ўз таълимотлари мавуд. Савдо-сотиқ ишларида масъул кишилар ишларини шариатга мувофиқ боришини кузатиб туруши лозимдир. Савдо молида айби бўлса, уни харидорга айтиши ёки кўрсатиш лозим. Харидор айбини кўриб туриб олса, у ўзининг иши. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан эмас» деган сўзлари, оғир гап. Бу “менинг динимда эмас”, деганларидир. Бугунги катта-кичик савдогарлар бу сўздан огоҳ бўлишлари керак. Харидорни алдаш услубини ўйлаб чиқарган, нима қилиб бўлса ҳам, харидорга молни ўтказиб олишдан бошқа қайғу-ташвиши бўлмаган, яхши сифатли молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб берувчи тижоратчи кўп пул топяпман деб ўйлаши мумкин. Лекин у аслида ўзини алдаётган бўлади. Бировни ҳаққини ейдиган киши ҳаромхўрлик қилиши билан бирга бировга зулм қилган бўлади. 
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таъоло: “Эй қулларим, Мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим. Баски, сизлар ҳам бир-бирларингизга зулм қилмангиз!”, деди. Зулмнинг истилоҳидаги маъноси – ҳаддан ошиш, ўзганинг ҳаққига тажовуз, ўзганинг моли, жони  ва обрўсига ноҳақ равишда дахл қилишдир. Афсуски, тижоратда ёлғон қўшаётган баъзи савдогарлар бу гуноҳнинг қанчалик даражада оғир эканлигини яхши англамайди. Бу ишнинг оқибатини яхши англаганида асло бундай гуноҳ амалларга яқинлашмаган бўлар эди. Савдогарлик касбларнинг энг шарафлиси саналади. Фақатгина савдонинг одобларига риоя қилинганидагина. Савдонинг ҳалол бўлишига эришилганда у хайрли ва баракали бўлади. Динимиздаги  барча тартиб-қоида, одоблар кишилар ўртасида чиқиши мумкин бўлган низо-келишмовчиликларнинг олдини олишга, уларни бартараф қилишга қаратилган.

Ориф домла Тўқсанов,
“Абу Бакр Ас-сиддиқ” масжиди имом хатиби 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram