Ёмонлик нима?
05 август 2016 й.
3263 марта ўқилди.

    Ёмонлик нима? 

      Ан-Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёмонлик ҳақида  сўради. Расулуллоҳ: “Ёмонлик кўксингда тўқилган бўлади ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир”, дедилар.Муслим ва Термизий ривояти.
    Ёмонлик шундай бир иллатки агар инсон уни бажарса қалби беҳузур бўлиб хотиржамлиги кетади ва қилган ишидан афсусланади. Ёмонликларнинг тури ва кўринишлари  жуда кўп. Расулуллоҳ ( сав ) бу ҳадисларида қисқа қилиб, ёмонликни умумий мазмун-моҳиятини баён қилдилар.
       Бир куни касалманд, дарди оғир, бировнинг кўмагига жуда муҳтож опа давлатманд, молини ҳисобини билмайдиган, навбатдаги янги иморатини зийнати билан овора бўлиб қолган, туғишган укасининг олдига келди.  Укажон менга бир оз қарзга, дори-дармонга пул бериб тургин. Буларни олмасам аҳволим бунданда оғирлашиб, касалим зўрайиб кетар экан, илтимос ёрдам бер, тузалганда қайтарарман. Укаси опа қанақа одамсиз кўрмаяпсизми? Учусткамда шунча усталар ишлаяпти,  иморат қилияпман ўзимга пул зарур бўлиб турганда келиб мендан пул сўрайсизми? Ортиқча сизга берадиган пулим йўқ. Опаси ғамгин қалб билан, дардига янги дард қўшилиб ортига қайтди ва кўп яшамасдан ўша касаллик билан вафот этди. Орадан бир оз вақт ўтиб укаси янги қаср уйини тугатиб, ички хоналарни ҳам барчасини тайёрлаб, қимматбаҳо жиҳозлар билан зийнатлаб, энди эртага кўчиб келиб шу уйда яшайман деб яхши орзулар оғушида эски ҳовлисига қайтди. Шу кечасининг ўзида уйига ўт кетиб барча нарсалари куйиб, эрталабгача кулга айланди.
    Биров келиб айтдики: Домла, яқинда укам янги “Малибу”  русумли авто улов олди. Мен бир жойга бориш учун укамдан уловини бериб туришини сўрадим. Укам: Ака бу янги машина бўлса, қўйинг, сўраманг, бирор ерини қирасизми,”, деб уловини беришдан бош тортди. Укамнинг бундай муомаласи менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Қалбим оғриди.Укамнинг улови бўлмаган вақтлари кунлаб, ҳафталаб менинг уловимни олиб фойдаланарди. Энди бир оз вақт ўтиб мен уловсиз, укам эса уловлик бўлиб ўз акасидан, бир темирни қизғанса-я! 
    Бундай воқеъалар ҳаётимизда, атрофимизда учраб турибди. Наҳот! Яқинларимизга бир яхшиликни раво кўриш бахтидан айрилган бўлсак. Наҳот! Дунёга шунчалар муҳаббат қўйиб яқинларимизни унутган бўлсак. Наҳот! Қалбларимиз қотган, меҳр- муҳаббатдан асар ҳам қолмаган бўлса. Афсус! Қўлимиздаги молу-дунё инсоннинг қадри-қиммати, азизлиги, улуғлигидан ҳам афзал бўлса. Инсон вафотидан кейин унинг ҳаққига қуръон ўқиб ёки ўқитиб дуо қиладиган, гуноҳларини кечирилишини Аллоҳдан сўраб истиғфор айтадиган, машинасига эмас, елкасига миндириб қабргача этадиган, кўпчиликни чақириб номидан хайри эҳсон, садақа қиладиган фарзанди, ака-укаси, опа-синглиси, яқин қариндоши ва дўстлари эмасми?.  Наҳот! Бу ҳақиқатни бугун баъзиларимиз унутган бўлсак. Наҳот! Оддий ҳақиқатни тушунишлик қийин бўлса.
    Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом:  “ Раҳм қилмаган раҳм кўрмайди”, дедилар ”.
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳдан: “ Раҳмдиллик фақатгина бадбахтдан суғуриб олинади”, деганларини эшитдим”, дедилар.
   Демак, меҳр-муҳаббатдан узоқлик, бешафқатлик Аллоҳ таолонинг раҳматидан йироқ бўлган бадбахт инсонларнинг аломатидан экан.
      Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “ Расулуллоҳ алайҳиссалом: “ Раҳм қилувчиларни Роҳман раҳм қилади. Ер аҳлига раҳм қилинг, Осмондаги Зот сизларга раҳм қилади”, дедилар”.
    Қачоники атрофимиздагиларга меҳрли бўлсак, уларга яхшиликларни раво кўриб ёмонлик қилишдан ўзимизни тийсак шундагина Аллоҳнинг раҳматига ва одамларнинг  муҳаббатига сазовор бўламиз.
    Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирларидан баъзи бир неъматларда ( молда, мансабда, қувватда ) устун қилиб қўйган. Шу неъматларга муҳтожларнинг ҳаққи бўлади. Шу ҳақни сўровчиларга бермасак Аллоҳ у неъматни биздан олиб бошқа бир бандасига беради. Инсонинг умрбоқийлиги, номининг инсонлар хотирасидан ўчмаслиги фақатгина инсонларга, жамиятига, миллатига қилган яхшиликлари, келтирган фойдалари билангина бўлади.
   Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек: Яхшиликка қулф, ёмонликка калит бўлиб, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азоби жаҳаннамига қолишдан Роббимиз ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин.
   Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Ҳақиқий мусулмон, қўли ва тилидан бошқаларга озор бермайдиган инсондир”. Аллоҳ таоло барчаларимизни ёмонликлардан узоқ қилсин. Ортимиздан ёмонлик қолмоғидан, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай инсонларга азияту-озор беришимиздан Парвардигорнинг ўзи ҳидоят қўрғонида сақласин. Омин.
 
« Соктари » жомеъ масжиди
     имом хатиби:Жасурбек Латипов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram