ЁШЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК
29 январ 2025 й.
165 марта ўқилди.

ЁШЛАРНИ ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК

Ислом динида фарзанднинг маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки фарзанд нозик бир ниҳолга ӯхшайди, қай томонга эгса шу томонга мойил бўлиб ўсади, зеро Пайғамбаримиз с.а.в. «Ҳар бир фарзанд фитратда дунёга келади»-деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисдан маълум бўладики бола покиза табиатда туғилгани боис унинг шаклланиши айнан ота - онанинг тарбиясига боғлиқ бўлади.
Демак фарзанднинг эътиқодини мустаҳкам қилиш ота- онанинг энг асосий вазифаси бўлиб ҳисобланади. Буни Қуръони карим оятлари мазмун-моҳиятидан ҳам кўриш мумкин, жумладан: (Таҳрим сураси, 6-оят).
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَاراً وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ 
«Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз…» 
Мазкур ояти карима шарҳида инсон аҳли аёли ва фарзандларини ҳам доимо эътиборда тутиши, бунда фақат моддий таъминот билан чекланиб қолмасдан уларнинг иймон эътиқоди ҳам мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилиши лозим, деб алоҳида таъкидланади.
Хусусан ғоялар кураши авж олган бугунги кунда фарзандлар эътиқодига тажовуз қилаётган таҳдидлар қаторида динни ниқоб қилиб қадриятларни оёқ ости қилишга уринаётган бузғунчи ҳаракатларнинг фаолияти жиддий ташвиш солмоқда. Бундай кучлар фарзандлар онгини забт этиш мақсадида хар қандай йўллардан фойдаланишга уринмоқдалар. Айрим ёшлар орасида бузғунчи ғоялар тузоғига илиниб ота –онасини норози қилиб, оиласини ташлаб кўйиб, ҳалокат тузоғига тушиб қолаётган ёшларнинг учраб туриши ачинарли ҳолдир.
Исломда фарзанд тарбияси ота онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидандир. 
Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қиладилар:
مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ
яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”
Лекин, афсуски, бугун фарзанд тарбиясини ота-онадан кўра кўпроқ телефон, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар бажаряпти, десак, хато бўлмайди. Чунки дарвозасиз шаҳар бўлган ижтимоий тармоқлар ақидаси бузуқ, соф ислом таълимотига зид ғоялар билан ёшларнинг онгу шуурини заҳарлашга чиранмоқдалар.
Бундай шароитда ота-онага, устоз ва мураббийларга – барча барчага – ёшларни эътибордан четда қолдирмаслик, уларга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ назорат қилиб туриш вазифаси юкланади. 
Айниқса, интернетда, ижтимоий тармоқларда ёки хорижга борганда, бемазҳаблик ёки Ислом уламолари қоралайдиган “Ҳизбут-таҳрир” каби адашган оқимлар таъсирига тушиб қолишдан сақланишлари лозим. Хориждан туриб фейсбук ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали юртимизни динсизликда айблайдиган сохта даъватчилар, турли бидъатчи фирқаларнинг макридан эҳтиёт бўлишлари даркор.
Аввало ўзимизни қолаверса, фарзандларимизни мана шундай нокаслар қўлига тушиб қолишидан асрайлик. Бир марта бериладиган умрни Ўзининг розилигини топишга сарф қилайлик.
Асадулло Нажмиддинов,
Умар ибн Ҳаттоб жомеъ масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:40
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram