ЁШЛАРИМИЗНИ ИЛМ ФАНГА ЙЎНАЛТИРАЙЛИК
17 феврал 2024 й.
466 марта ўқилди.

 ЁШЛАРИМИЗНИ ИЛМ ФАНГА ЙЎНАЛТИРАЙЛИК

Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Шунингдек, Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлиши сўзимизнинг ёрқин далил бўла олади. Ўқиш – илмнинг калитидир.
Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Масалан, тиб ёки ҳисоб илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди  шулар кабидир. Бу илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар.Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Жамиятнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши муқаррардир. Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!
Илм олишга боғлиқ одоблар ҳам бор бўлиб, уларни билиш учун шунга тегишли бўлган китобларни ўқиб ўрганайлик. Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинхор унутмайлик.
А.Ҳамроев,
“Биби Саида” жомеь масжид имоми 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram