Ёшларимизни таълим тарбиясига масъулмиз
17 январ 2022 й.
654 марта ўқилди.

 

 
Ёшларимизни  таълим  тарбиясига масъулмиз

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, – деб марҳамат қилганлар (Муслим ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Қиёмат кунида мезон тарозусида энг оғир келадиган амаллардан бири – бу Аллоҳ таолодан тақво қилиш ва ҳусни хулқликдир”, дедилар.
Бугунги ёш авлодларимиз келажакда бизларнинг меросхўрларимиз ва ҳаётнинг барча соҳасидаги катта-кичик вазифаларни эгалловчи ўринбосарларимиздир. Ҳар бир даврнинг ўзига хос табиати ва шарофати бўлганидек, фан ва техника жадал тараққий этиб бораётган мана шу асримизда ёшлар тарбияси алоҳида аҳамият касб этади.
Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касб-ҳунарлари билан бир қаторда ахлоқий фазилатлари ҳам ўсиб бориши лозим. Ёш авлоднинг таълим-тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилиш нафақат ҳукуматимизнинг ёки мактабларнинг вазифаси, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчларидан ҳисобланади. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини яхши, баркамол инсон бўлиб етишишини орзу қилади. Катта бўлиб жамиятдан ўзига муносиб ўринни топиб эгаллагач, ватанига содиқ, эл-юрт хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишини, албатта, ҳар бир фарзанд ўстирган ота-она ният қилади. Лекин ҳар бир ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига меҳр-оқибат ва тарбиявий муносабати бир хил бўлмас экан. Айрим ота-оналар бола тарбиясига унчалик аҳамият бермайди. Фарзандлари ким билан дўстлашган ва нима ишлар билан шуғулланаётганидан ҳам бехабардир. Маҳаллада ҳар бир шахс ўша маҳалланинг фарзанди учун ҳам масъулдир. Халқимизда бир мақол бор, ўзимизда ажойиб бир нақл бордир: “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” – деган.
Ёшлар бу – барчамизнинг келажагимиз. Уларни яхши тарбиялаб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан таъминлаш ота- она, устоз ва мураббийлар, қолаверса, маҳалла аҳли зиммасидадир. Ёшлар тарбиясига жиддий эътибор беришнинг аҳамияти нақадар улуғлиги ҳар биримизга маълум. Уларга лоқайдлик билан ўз ҳолларига ташлаб қўядиган бўлсак, қандай кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳаёт тажрибаларидан маълумдир.
 
Ромитан туман “Хокимулломир” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Муротов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram