Ёшликда олинган илм, тошга битилган нақш
Илм олишлик инсон бешикка қўйилганидан бошланиб, то қабрга киришига қадар давом этади. Инсон шу оз муддатлик вақтда дунё ва охиратини обод бўлишига сабаб бўладиган фойдали илмларни олишга улгуриши керак. Илм саодат калитидир, Аллоҳ таоло кимга яхшиликни раво кўрса, унга фойдали илм ато этади. Шунинг учун Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
عَنْ مُعَاوِيَةَ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ . رَوَاهُ اْلأَرْبَعَةُ.
“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” , дедилар. Ислом дини мусулмонларни илм олишга қизиқтиргани сабабидан ҳам, Ислом илм дини дейилади. Илм олиш туфайли банда Яратувчисини танийди. Роббисини таниган инсон эса, нима учун бу дунё яралганини, бу дунёга нима учун келганини, ҳаётлик вақтида қандай амаллар уни саодатли қилишини англаб олади.
Илмнинг турлари кўп. Лекин инсонга энг манфаатлиси, Аллоҳни танитадиган илмдир. Шу илм туфайли инсон барча яхши хулқларни касб қилади, турли хил гуноҳ ишлардан узоқлашади.
Шундай илмлар борки, инсонни Роббисидан узоқлаштириб, қалбини кўр, охиратини хароб қилиши мумкин. Бундай фойдасиз илмдан ҳаттоки, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам ҳам паноҳ сўраганлар. Саҳоба Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لاَ يَنْفَعُ وَمِنْ قَلْبٍ لاَ يَخْشَعُ وَمِنْ نَفْسٍ لاَ تَشْبَعُ وَمِنْ دَعْوَةٍ لاَ يُسْتَجَابُ لَهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِىَّ.
“Аллоҳим! Мен Сендан наф бермайдиган илмдан ва қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман.”
Бу учун ҳар бир киши илмни кимдан ва қаердан олаётганига эътибор қаратиши ниҳоятда муҳим. Аллоҳ таоло инсонга яхши ва ёмонни, фойда ва зарарни, пок ва нопокни ажрата олиш хусусиятларини берган. Кўзлар кўриш учун, қулоқлар эшитиш учун берилган. Инсон ҳам Аллоҳ таолони таниш учун покиза фитрат билан яратилган. Инсон фарзанди барча яхшиликларни асл ҳолича қабул қилиш хусусиятлари билан, покиза фитрат ва гўзал суратда туғилади.
لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيم
“ Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик.” Бу оятдан Аллоҳ таоло инсоннинг жисмини, руҳини, ақлини энг гўзал суратда яратганлиги биламиз. Аллоҳ инсонни ҳақни қабул қилиб, унга эргашиш хусусиятлари билан яратган. Покиза фитратда туғилган инсонни ёшлик пайтида олган илми унинг бир умрлик ҳаёти давомида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса гўдак туғилганида яхши хулқли, илмли, солиҳа онага, худди шундай хулқларга эга бўлган соғлом ақидадаги отага зарурати борлигини билдиради. Чунки, бола аввалги илмни ота ва онадан олади. Боланинг оилада, мактабгача таълим муассаларида, мактабларда олган илмлари унинг онгига худди нақш каби ўрнашиб қолади. Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ ота-онанинг мусъуляти ҳақида қуйдагиларни билдирадилар: “Билгин! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.”
Буюк имомнинг айтган қимматли насиҳатлари, ота-оналар фарзандларининг одоб-ахлоқли, илму диёнатли бўлишда қанчалик даражада масъул эканликларини чуқурроқ англатади. Машҳур даҳоларимизнинг ҳаётига боқсак, уларнинг ота-оналари илм олишликлари учун барча қулай шароитларни яратиб берганларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бугун биз боболаримиз деб фахрланадиган аждодларимизнинг аксариятлари етти ё ўн ёшларида Қуръони каримни ёдлаганлари, ўн саккиз, йигирма ёшларида эса бир қанча диний ва дунёвий илмларнинг билимдони бўлганларини биламиз. Бу зотларнинг ота-оналари фарзанд тарбиясига бефарқ қарамаган. Балки, илм олишга қулай муҳит яратиш учун барча куч- ғайратларини сарфлаган. Бу сарфлаган куч-ғайратлари эса, ажойиб маҳсуллар берган.
Бугун юртимизда ёш авлоднинг илм олишлари учун, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, турли йўналишларда ёш олимларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама чуқур ва пухта илм олишлари ва жамиятда ўз ўринларни топишлари учун кенг шароитлар яратиб берилмоқда. Шу имкониятлардан фойдаланган ёшларимиз бугун дунё миқёсида бўладиган фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб келаётгани барчани қувонтиради.
Жорий йилда юртбошимизнинг ташаббуслари билан Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасасининг очилиши, ёшларнинг диний илмларни янада чуқурроқ эгаллашларига имкон берди. Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳи ёнида жойлашган бу илмий даргоҳда ҳозир эллик нафар талаба диний илмларини оширмоқдалар. Шубҳа йўқки, келажакда мана шу даргоҳдан катта- катта улуғ олимлар чиқиб, соф диний эътиқодни ёйишликда катта ҳисса қўшадилар. Турли бузуқ ғаразли ғоя, эътиқолардан динимизни ва юртимиз мусулмонларни ҳимоя қиладилар.
“Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом хатиби О. Тўқсанов
«орқага