Заиф ҳолга тушмаслик
18 феврал 2020 й.
1186 марта ўқилди.
Заиф ҳолга тушмаслик
Аллоҳ таолонинг иродасига мувофиқ ҳар бир жонзотнинг туғилган куни ўлими сари қўйилган дастлабки қадами ҳисобланади. Бу йўлда у бир неча босқични босиб ўтади. Бу борада Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръони Каримда: “Аллоҳ сизларни яратгандир. Сўнгра, У сизларни вафот эттиради. Сизлардан баъзилар билимли бўлгандан сўнг, ҳеч нарса билмаслиги учун умрнинг энг заифлигига қайтариладир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва қодирдир", дейди (Наҳл сураси, 70-оят). Демак, инсон қариганида жисмоний ва ақлий заифликка қайтиши бор экан.
Бу ҳақда баъзи олимлар: "Инсон умри тўрт босқич бўлади”, дейишади:
Биринчи босқич "нушуъ ва нумув", яъни ўсиш ва улғайиш босқичи бўлиб, у туғилганидан ўттиз уч ёшгача. У воя ёшининг энг чўққиси ҳисобланади.
Иккинчи босқич "вуқуф", яъни турғунлик босқичи бўлиб, у ўттиз учдан қирқ ёшгачадир. Бу эса, инсоннинг энг кучга тўлган ва ақли камолга етган босқичидир.
Учинчи босқич "куҳулат", яъни етуклик босқичи бўлиб, у қирқ ёшдан олтмиш ёшга тўлгунча бўлган даврдир. Бу вақт мобайнида инсон кучдан қолишни бошлайди, бироқ бу заифлашиш махфий кечади.
Тўртинчи босқич "шайхуха ва инҳитот", яъни кексайиш, ақлий ва жисмоний таназзул ва ноқислик босқичи бўлиб, у олтмишдан то умрнинг охиригача давом этади. Бунда энди қариш ва кучдан қолиш очиқ-ойдин кўзга ташланади.
Лекин мазкур ояти кариманинг тафсирида Икрима розияллоҳу анҳу: "Ким Қуръон ўқиса, умрнинг энг заиф ҳолатига тушмайди", - деган.
Муфассирлар буни шундай тушунтиришади: "Қуръон ўқиб, унга амал қилса, мазкур даражага эришади. Шунингдек, илмига амал қиладиган олимлар ҳам қариганда ақлий заифликка дучор бўлмайдилар. Балки улар ёшлари ўтган сари илм-маърифат, ақл-заковатлари ортиб бораверади”. Дарвоқе, орифларнинг олий даражадаги гаплари уларнинг умрлари охирида айтган гапларидир.
Дарҳақиқат, воқеликда буларнинг ҳаммасига гувоҳ бўламиз. Ундан ташқари, Қуръонга амал қилиб ўтган улуғларимизнинг қабрлари баъзи сабабларга кўра очилганда, таналари чиримаганига бир неча бор гувоҳ бўлинган.
Биз ҳам Икрима розияллоҳу анҳунинг мазкур башоратларидан умидвор бўлиб, ҳаётимиз давомида Қуръони Карим тиловатини ва унинг аҳкомларига амал қилишни йўлга қўйсак, умрнинг энг заиф ҳолатига тушмаслигимизга ва икки дунё саодатига эришишимизга сабаб бўлса, ажаб эмас, омийн.
Хулоса:
Қариганда азиз бўлай десангиз, Қуръон ўқинг!
Қариганда хор бўлмай десангиз, Қуръон ўқинг!
“Шайх Умар ибн Ахмад Нажмиддин ал – Кокиштувоний”
жомеъ масжид имом - хатиби Тилавов Фаррух
«орқага















