ЗАКОТ МОЛНИ САҚЛАШ ВА ОШИРИШ ОМИЛИ
04 июл 2016 й.
«орқага
2665 марта ўқилди.
ЗАКОТ МОЛНИ САҚЛАШ ВА ОШИРИШ ОМИЛИ
Ислом динида инсонларни ўзаро ҳамжиҳатликка, бирдамликка ва аҳилликка ундаган ҳолда, ўзаро олди-берди қилишга чақиради. Бунда муқаддас динимиз Аллоҳ таоло мол-мулк ато этган кишилардан закот ва бошқа хайр-садақотларни олиб, мухтожларга беришни тавсия қилга ва бунга чақирган. Қуйида молиявй ибодатлар ичида энг улканларидан ири бўлмиш ЗАКОТ ҳақида суҳбатлашамиз.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 43-оятида:
“Намозни мукаммал ўқингиз, закот берингиз”, дея марҳамат қилиб, инсонларни икки улуғ ибодат, намоз ва закотни адо этишга амр қилмоқда. Аллоҳ таоло инсонларга ниманики амр қилса, ўша банда учун у амални бажаришда ҳам маънан ҳам бошқа кўп жиҳатлардан фойдалар, манфаатлар бордир. Аллоҳ таоло инсонларни закот беришга ундаб, уларнинг молини камайишини эмас, аксинча ўсишини, кўпайиш йўлини кўрсатмоқда. Қолаверса “ЗАКОТ” сўзи луғатда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини ифодалайди. Демак, молни ҳам покловчи, ҳам ўсишига омил бўлувчи ибодат – закот бўлиб ҳисобланар экан.
Закот бериш, хайр-эҳсон, садақотлар қилиш, кишининг молини камайтирмайди. Аксинча зиёда қилади, турли бало-офатлардан асралишига сабаб бўлади. Зеро, Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в):
“Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди”, дея марҳамат қилганлар.
Имом Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда эса:
“Сизлар молларингизни закот (беришлик) билан сақланглар. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”, деб марҳамат қилинган.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, закоти берилмаган мол-мулк қиёмат кунида инсонга заҳарли илонга айланиб, уни дўзах сари тортади, азоблайди дейилган.
Шу ўринда ҳаётий бир воқеани келтириб ўтишни лозим топдим. Ижодхон бир қори укамиз Рўзали ўзларининг ҳаётларида содир бўлган бир воқеани айтиб бердилар. Қалбимда Аллоҳнинг ҳақ дини қанчалар инсонларни ҳамжиҳатлик ва ўзаро меҳр-мурувватга ундаганлигини яна бир бора шоҳиди бўлиб, Аллоҳга ҳамдлар айтдим. Воқеани келтириб ўтишдан мурод, мақоламизни ўқиганларнинг қалбларида ҳам ҳудди бизнинг қалбимиздан ўтганлар ўтса, жамиятимиз бирдамлиги йўлида бир урғу, туртки бўлса ажаб эмас дея, ҳавола қилиб ўтдик.
“Талабаликда нималар ҳам бўлмайди дейсиз”, дея сўз қотди қори. Ўқув шартномасида кўрсатилган йиллик шартнома пулини тўлай олмай, мусофир ўлкадан уйимга қайтдим. Уйга борсам, оилавий шароитимиз ҳам яхши эмасди. Отам мени нима учун келганлигимдан эмас, қайтиб боришга йўл ҳаражат пулини нима қилиш борасида ўйланиб турганларини пайқаб, мақсадимни айтишга уялдим. Фарғона вилоятидан Қорақалпоғистонга бориб таҳсил олардим. Йўл ҳаржлар ҳам ўзига яраша, бир талай маблағни талаб қиларди. Юрагим эзилди...
Йигит бўла туриб, отамни бундай аҳволга солиб қўйганимдан ўзимни қўярга жой топа олмай, дўстларим билан бирга зарур ишим бордек кўчага чиқиб кетардим. Аслида эса, қишлоғимиз масжидига бориб Қуръон такрор қилардим. Кўзимга дунё тобора торайиб кўринар, тиловат қилибгина ўзимни овутардим. Ўқиш муассасамдан уйга бориб-келиш учун олган рухсатимда кўрсатилган кунлар тамом бўлишига икки кун қолганида, йўлда кетаётиб бир яқин кишимни учратиб қолдим. У билан йўл-йўлакай суҳбатлашиб борарканман, вазиятимни тушунтирдим. Ўша пайтда 1.650.000 минг сўм тўлашим керак эди. Йўл ҳаражатларидан ташқари шунча маблағ топиб, ўқишни давом эттиришим лозим эди. Суҳбатдошим бир амаллаб 100 АҚШ долларини ва яна 350 минг сўм пулни топиб бериб, “мен оилавий ҳаражатларимни бир амалларман. Мана деҳқончиликлар ҳам етишиб қолди. Ҳа демай киримга ҳам кириб қолармиз. Сиз ўқишни давом эттиринг. Яна бировдан озроқ топиб, ўқишга қайтинг. Ўзингиз топсангиз қайтарарсиз...”, дея кўмаклашди.
Ўша пулни олдимда, отамга йўл ҳаржларига етадиган пулим боригини айтиб, ҳавотирланмаслигини тушунтирдим. Шунчасини берган Аллоҳни Ўзи қолганига ҳам бир йўл кўрсатар дея, бомдод намозидан сўнг йўлга чиқдим. Тошкентга келиб, Чорсу бозоридан камчиликларни олаётган эдим. Ёнимда олган сўм пулларимни поезд чиптачи ва йўл ҳаржларига сарфлагандим. Ўша 100 долларни сўмга алмаштириб олиш мақсадида қўйган чўнтагимга қўл солганимни биламан-у... не кўз билан қарайманки у пул йўқ эди. Ортимга қайтдим, кирган дўконларим, борган расталарим атрофини кўздан кечириб, топа олмай ўйланиб қолдим. “Бу энди қандай кўргулик, қандай синов бўлди”, дея ўзимга-ўзим савол бердим. Ғайритабиий бир ирода билан ёнимда “пулингиз топилдими болам” деб сўраб турган отахонга “Аллоҳнинг Ўзи берганди, қайтиб олди. Агар хоҳласа ундан яхшироғини беради”, дедимда Оятал курси, Ясин, ва бошқаларни ўқиб вокзал томонга йўл олдим.
Ўқишга бордим. Буҳгултериянинг йўқлаганига “Шу кунларда тушиши керак эди”, деб қоя қолдим. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан бошқа бир яқин кишим қўнғироқ қилиб ҳол сўради. Суҳбатимиз якунланиши асносида ҳисоб рақамимни сўраб қолдилар. “Закотим бор эди. Шуни толиби илмларга берсам, бизнинг фарзандларимиздан ҳам қорилар, олимлар чиқса, юртимизга, халқимизга, димизга манфаати етадиганлар бўлиб етишишини ният қилгандим...”, дедилар. Хурсанд бўлиб кетдим. Қанчалигини сўрамадим ҳам, қанча кераклигини айтмадим ҳам. Ҳудо ҳаққи ўзгалар ҳам унга айтмаганди.
Ҳисоб рақамимга пул тушганлигини буҳгалтер ҳола айтди. Қанча тушди деб сўрадим. “БИР МИЛЛИОН ОЛТИ ЮЗ ЭЛЛИК МИНГ СЎМ” дея жавоб қайтарди. Субҳаналлоҳ! Аъзойи баданим жимираб кетди. Хонамга кириб олдимда, Аллоҳга ҳамд айтиб тўйиб-тўйиб йиғладим...
Азиз ўқувчи! Мана бу ислом динидаги фазилатли ибодатлардан бирининг яққол ҳаётий кўриниши! Агар ўша шартнома пулини тўлай олмаганида талаба ўқишдан бир йилга қолдирилиши айни ҳақиқат эди. Унинг иродаси, ўша оғир вазиятда ҳам қалбидан Аллоҳни унутмаганлиги боисиданми Аллоҳ илгувчи Зот, уни сийлади, мукофотлади.
Мулоҳазаларимиз интиҳосида закотга қодир бўлганларни уни муносиб ўринга, хос кишиларга топширган ҳолда, зиммаларидаги молиявий ибодатни адо этишларида, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, турмушимиз фаровон бўлшида Аллоҳнинг нусатини сўраб қоламиз!
“Халифа Худойдод” жомеъ масжиди
имом хатиби О.Садуллаев мақоласи