ЗАКОТ – МЎМИННИНГ ҚЎРҒОНИ
15 сентябр 2023 й.
168 марта ўқилди.

 ЗАКОТ – МЎМИННИНГ ҚЎРҒОНИ


بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таолонинг инсониятга, ҳаётларида бевосита татбиқ этиб, икки дунё саодатига эришишлари учун нозил қилган барча шариатида молиявий ибодат – закот бериш фарз қилинган. Жамиятнинг мол-мулк эгалари бўлмиш бойлари, унинг кам таъ¬минланган аъзоларига моддий ёрдам кўрсатишлари диний вази¬фалари ҳисобланган. Аллоҳ таоло охир замон умматларига ҳам садақанинг махсус кўринишини фарз қилди ва уни “закот” деб ном¬лади. 
«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади.
Шаръий истилоҳда «Закот – махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир».
«Махсус мол» – нисобга етган мол демакдир. «Махсус жуз» – закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдордир. Мисол учун, бир кишига «Ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот», деб бўлмайди. «Махсус шахс» деганда закот олишга ҳақли бўлган шахс назарда тутилган. «Аллоҳнинг розилиги учун» жумласи эса закотнинг ибодат нияти билан берилиши кераклигини англатади. «Шариат тайин қилган» деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилади. Озгина садақа бериб, «шу закот» деб бўлмайди. «Мулк қилиб бериш» деган жумладан эса «ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди» деган маъно англанади.
Закот – имкони бор бўлган мусулмон одамга Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: 
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
яъни: “Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят).
Қуръони каримнинг йигирма еттита ўрнида “закот” калимаси “намоз” билан бирга зикр қилинган. Бу ҳам ушбу икки ибодат билан бир мартабада эканига далолат қилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:  
إِذَا أَدَّيْتَ الزَّكَاةَ فَقَدْ قَضَيْتَ مَا عَلَيْكَ (رواه الامام الحاكم والامام البيهقي)
яъни: “Молингнинг закотини адо қилган бўлсанг, батаҳқиқ, зиммангдаги(бурч)ни бажарибсан”, деганлар (Имом Ҳоким, Имом Байҳақий ривоятлари).
Имом Абу Ҳомид Ғазолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир”. Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир.
Закот Исломдаги беш рукннинг учинчисидир. У исломий ибодат бўлиб, ақийданинг ажралмас қисмидир. Ким закотни инкор этса, кофир бўлади, бордию уни адо этмаса, осий бўлади. 

ЗАКОТНИНГ ФИҚҲИЙ ҲУКМЛАРИ
I. Закот берувчида бўлиши лозим шартлар:
1. Мусулмон бўлиш.
2. Балоғатга етган бўлиш.
3. Оқил бўлиш. 
4. Ҳур бўлиш.
II. Закот фарз бўлиши учун молда бўлиши лозим шартлар:
1. Нисобга етиши.
2. Тўлиқ мулк бўлиши.
3. Феълан ёки тақдиран ўсувчи мол бўлиши.
4. Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши.
5. Қарздан холи бўлиши.
6. Бир йил тўлган бўлиши керак.
III. Закотнинг тўғри бўлиши шартлари:
1. Ният.
2. Ҳақдорга мулк қилиб берилиши.
1. Ният. 
Закотни адо этиш вақтида ёки уни ажратиш вақтида ният қилиш шартдир. Молнинг ҳаммасини садақа қилиб юборса, ният қилиш шарт эмас.
Закотнинг тўғри бўлиб, ўрнига ўтиши учун энг муҳим шарт закот беришни ният қилишдир. Чунки Исломда ҳеч бир ибодат ниятсиз бўлмайди. 
2. Ҳақдорга мулк қилиб берилиши. 
Закот тўғри бўлиши учун ажратилган мол закот берувчи томонидан ҳақдорларга мулк қилиб берилиши керак. Фойдаланиб туришга берилган буюмлар закот бўлмайди, шунингдек, кишиларни таомлантириб, «мана шу менинг закотим» дейиш ҳам жоиз эмас. Лекин таом сотиб олиб, закот деб ният қилиб берса бўлади.
Закотни адо қилувчи банданинг зиммасида бажариши лозим бўлган қуйидаги вазифалар бор:
1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаши керак. У уч нарсадан иборат: Аллоҳ таолонинг муҳаббатини даъво қилувчини ўзи муҳаббат қўйган нарсасини чиқариши билан синаш; ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш; мол-мулк неъматига шукр қилиш.
2. Риёкорликдан холи бўлиш учун закотни сир тутиш. Уни изҳор қилишда фақирни хорлаш бор. Агар «закотни бермади» деган туҳматдан қўрқса, фақирларга жамоат ичида очиқчасига беради. Бошқаларга пинҳона равишда беради.
3. Закотини миннат ва озор билан бузмайди. Инсон фақирга эҳсон қилаётганида  миннат ҳосил бўлиши мумкин. Аслида эса, унинг закотини олган фақир киши Аллоҳ таолонинг унга буюрган ҳаққини қабул қилиб, унга яхшилик қилаётган, унинг молини бировнинг ҳаққидан поклаётган бўлади. Закот берувчи яхшироқ ўйлаб кўрса, унинг закот чиқариши у билан фақир ўртасидаги муомала эмас, балки мол неъматига шукрдир. Шунинг учун фақир одам фақирлиги учун ҳақоратланмаслиги керак, чунки фазл мол-мулкнинг борлиги ёки йўқлигида эмас.
4. Бераётган нарсасини кичик санаши лозим, чунки ишни катта санаган одам у билан фахрланади. Яхши иш уч нарса билан: уни кичик санаш, тезлатиш ва сир тутиш ила тугал бўлади.
5. Закот берувчи молидан энг ҳалолини, энг яхшисини ва ўзига энг маҳбубини чиқарсин.
6. Садақасини беришга лойиқ одам топиш. Уларда қуйидаги сифатлар бўлиши керак:
Аллоҳ таоло халқимизнинг фаровонлигини зиёда айлаб, Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин! Омин! 

Отабек домла Раҳимов
Ромитан туман бош имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:20
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram