Закот кимларга берилади?
10 март 2026 й.
266 марта ўқилди.
Закот кимларга берилади?
Аллоҳ таоло инсонларни икки дунё саодатига эришиши учун нозил қилган шариатларда молиявий ибодат – закот беришни фарз қилган. Жамиятдаги бой қатлам кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган кишиларга ёрдам кўрсатишлари уларнинг диний мажбуриятлари саналади.Аллоҳ таоло охир замон умматларига ҳам садақанинг махсус кўринишини фарз қилди ва уни “закот” деб номлади.
Закот мол-мулкнинг қўрғонидир;
Закоти берилган мулк – бойлик камбағаллар ҳаққидан покланади ва кўпайишига сабаб бўлади. Турли офатлардан сақланади. Тобеинларнинг саййиди Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинишича:
“Молларингизни закот билан ҳимоя қилинг, беморларингизни садақа билан даволанг. Балолар тўлқинига хокисорлик ила дуо ва илтижолар билан пешвоз чиқинг”, дейилган (Имом Табароний ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
“Саховатли киши Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзахдан узоқдир. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзахга эса яқиндир, деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Закотнинг бундан бошқа кўплаб фойдалари бор: Закот берувчи Аллоҳ таоло ҳузурида итоатли мўмин банда деб мақталади. Хулқи сахийлик фазилати билан зийнатланади. Гуноҳларига каффорат бўлади. Камбағаллар ичида ҳурмати ошади. Қиёмат кунида эса, бошига соябон бўлиб, юқори даражаларга эришади.
Муҳтарам азизлар! Закот олтин, кумушдан, савдо учун
боқилаётган мол-ҳоллардан, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотдан, нақд пуллардан, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қиймати берилади. Кундалик аслий ҳожатига кирадиган нарсалар қўшилмайди. Кундалик аслий ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой, авто-улов, соғин сигир, уй ичини безаш учун қўйилган матоҳлар, бисотда ўғил-қизга аталган
совға-сарполар, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.
Демак, кимнинг моли нисобга етиб, бир йил тўлса ёки шунга қиймати тенг молга бир йил тўлса, унга закот фарз бўлади. Ана шу молнинг қирқдан бирини ҳақдорга чиқариб беради. Молидан закотини ажратаётганда шуни ният қилади.
Нисобга етган молга бир йил тўлган бўлиши керак. Бир йил тўлмаган молдан закот бериш фарз эмас.
Закот бериладиган молда эгасининг тижорат нияти бўлиши керак, яъни сотишни, ундан моддий фойдани кўзлаган киши шу нарсасидан ҳам закот беради. Агар сотиш нияти бўлмаса, қиймати ҳарчанд баланд бўлса-да, унга закот берилмайди. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқарадиган цех – корхона ва ундаги қимматбаҳо ускуналарга закот берилмайди.
Закот беришни, ҳақли бўлишса, ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, тоға-хола ва уларнинг фарзандларидан бошлаш афзалдир.
Закот берилаётган киши чиндан ҳам фақир ва муҳтож киши бўлиши лозим. Акс ҳолда бойнинг зиммасидан закот соқит бўлмайди. Шунинг учун уни суруштириб, аниқ бир муҳтожга бериш керак бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарорлари қабул қилинди, унга кўра:
ЗАКОТ (https://t.me/diniysavollar/103)
Рамазон ойи учун закот нисоби 85 грам 585 пробали тилло қийматидан келиб чиқиб 100.000.000 ( Юз миллион ) сўм этиб белгиланди.
Демак, кимда зарурий эҳтиёжидан ташқари 100.000. 000 ( Юз миллион ) сўм ва ундан ортиқ пул маблағи ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат моли бўлса, жами маблағининг қирқдан бири (2,5 фоизи)ни закот ниятида ҳақдорларга беради.
ФИТР (https://t.me/diniysavollar/1671)
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
2 кг буғдойдан – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
4 кг арпадан – 20. 000 ( йигирма минг) сўм;
2 кг майиздан – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
4 кг хурмодан – 200 000 ( икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини бериши мумкин бўлади.
ФИДЯ (https://t.me/diniysavollar/5687)
Фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади. Ҳар ким ўз имкониятига қараб, ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фидя миқдорини ажратиши кифоя қилади.
Вобкент тумани бош имом-хатиби Ғолиб домла Очилов
«орқага















