ЗАРАРЛИ ОДАТЛАР
17 феврал 2021 й.
1315 марта ўқилди.
ЗАРАРЛИ ОДАТЛАР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Аллоҳ таоло инсонни ер юзида мукаррам ва муаззам қилиб яратди. Пайғамбарлари орқали шариатини ва ундаги аҳкомларини етказди. Ҳаётимиз фаровонлиги Аллоҳнинг фарзлари, Пайғамбаримиз суннатларига амал қилмоқ билан бӯлади. Улуғларимиз: "Шариат ичида ёмонлик йӯқ, шариатдан ташқарида эса яхшилик йӯқ"- деб марҳамат қилишади. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти фақат яхшилик қилишдан иборат бӯлмоғи даркор. Шунда унинг ҳаёти мазмунли бӯлади.
Мазмунли ҳаёт кечиришимиз вақтдан қандай фойдаланишимизга боғлиқ. Беҳуда ӯтган ҳар бир соат, ҳатто дақиқалар учун сӯров бор. Вақтини яхши ишларга сарфлаган инсон икки дунёда пушаймон бӯлмайди. Дунёда ҳаёти фаровон, охиратда улуғ мақомларда бӯлади.
Қуръони каримда: ”… У кунларда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: ”Эй Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирсан”,-дерлар” ( Таҳрим сураси, 8-оят), дея марҳамат қилинган.
Афсуслар бӯлсинки азиз умрларини қадрламай, ҳаётларига раҳна соладиган ишларга қӯл урганлар ҳам бор. Зарарли ичимликлар ичиш, чекиш ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан жонини гаровга, ҳаётини ҳалокатга қӯяётганлар оз эмас.
Улар соғлигини йӯқотибгина қолмай, оиласи, дини, Ватани ва миллатини шаънига доғ туширмоқда.
Женева шаҳрида саратон (рак) касаллиги сабабларини ӯрганиш ва изланишлари давомида мутахассислар унинг келиб чикишига тамаки чекиш ҳам боис эканини алоҳида таъкидлашди. Спиртли ичимликлар эса аъзо тўқималарида ёмон асоратлар қолдиради ва ҳатто асаб тизимининг бузилишига олиб келади, дейишди.
Аллох таоло: “Эй имон келтирганлар! Албатта хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят), дея огоҳ этган. Демак, Аллоҳ таоло инсонга нимани ҳаром қилди унда зарар бор, нимани ҳалол қилди - унда инсон учун қӯпгина фойда ва манфаат мавжуддир.
Қалбини қорайтириб, инсонга кулфат келтирадиган ишларни билдикми, улардан сақланишимиз керак. Аллоҳ таоло ато этган умрни исроф қилмай, ёмонликдан тийилиб, сабрли бўлсак, яхшиликка эришамиз, савоб оламиз. Хуллас, қимматли вақтимизни Аллоҳ таоло рози бўладиган яхши амалларга сарфлайлик.
Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий” масжид
имом-хатиби Камолов Равшан
«орқага