Зикр айтишнинг фазли
20 май 2020 й.
1076 марта ўқилди.

 
Зикр айтишнинг фазли

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким бир кунда юз марта: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиз, шериксиз Зотдир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир ва У барча нарсага қодирдир) деса, унга ўнта қул озод қилгандек ажр бўлади, юзта ҳасана ёзилади, юзта гуноҳи ўчирилади, ўша куни то кечгача унга шайтондан ҳимоя бўлади, ундан кўра афзалроқ ишни ҳеч ким қилган бўлмайди, фақат ундан ҳам кўпроқ айтган кишигина (бўлиши мумкин). Ким бир кунда юз марта: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» (Аллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман) деса, хато-гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса-да ўчирилади». (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким тонг пайти ва кечқурун юз марта: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» (Аллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман) деса, қиёмат куни ҳеч ким ундан кўра афзалроқ нарсани олиб келган бўлмайди, фақатгина у айтганча ёки ундан ортиқроқ айтган киши (келтириши мумкин)». (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Икки калима борки, тилга енгил, тарозида оғир, Раҳмон таолога суюмлидир: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм» (Аллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман, Буюк Аллоҳни поклайман)» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» (Аллоҳни поклайман, Аллоҳга ҳамд бўлсин, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Аллоҳ буюкдир) деб айтишим менга қуёш нури тушган барча нарсалардан суюмлироқдир». (Имом Муслим ривояти).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Сўзларнинг қайси бири энг афзал?», - деб сўралди. «Аллоҳ малоикаларига – ёки бандаларига – танлаган сўз: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», - дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳга тасбеҳ айтиш – Уни ҳар қандай нолойиқ сифатлардан пок ва муқаддас санаш бўлиб, у зикрларнинг энг афзали, тилга энг енгили, Аллоҳга энг суюмлиги ва гуноҳ сағира-кичик гуноҳларнинг кечирилишига сабабдир. Катта гуноҳларга чин тавба, гуноҳдан тийилиш каффорат бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тавба қилувчи бандалардан қилсин!

ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги 
Матбуот хизмати
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram