ЗИНО -УЛКАН ГУНОҲ!
05 ноябр 2024 й.
«орқага
87 марта ўқилди.
ЗИНО - УЛКАН ГУНОҲ!
Маълумки Ислом дини инсоннинг ҳаёти, ақли, дини, шаънини ва мол-мулкини мухофаза қилишга буюриши билан бирга унинг наслини ҳам сақлашга амр этади.
Инсон наслининг пок бўлишлиги учун албатта эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларни никоҳ орқали бўлишига тарғиб этади.
Бу икки жинс ўртасидаги никоҳсиз муносабатлар эса зино деб аталади.
Аллоҳ таоло бандаларини зинога яқинлашишдан ва зинога сабаб бўладиган ишлардан қайтариб шундай дейди: «Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир.» (Ал-Исро сураси,32)
Зино энг оғир, энг қабиҳ фаҳш иш саналади. Зино гуноҳи кабирадир.
Эътибор берилса, бу оятда “зино қилманг”, дейилмаяпти, балки “зинога яқинлашманг”, деб амр қилинмоқда. Бундан келиб чиқадики, мўмин банда зинога олиб бориши мумкин бўлган ҳар қандай ишдан узоқ юриши лозим.
Маълумки, ҳали оила қурмаганлар зино қилса, уларга юз дарра уриш жазоси белгиланади. Аммо оилали эркак ва аёл зино қилган бўлса, улар тошбўрон қилинади. Шундай уларнинг гуноҳи ювилишидан умид қилинади.
Зинонинг катта-кичиги бўлмайди, унинг ҳар қандай тури ҳаромдир. Аммо яқин қариндошлар, ака-ука ёки қўни-қўшни ўртасидаги зино энг қабиҳ ва жуда катта гуноҳ иш саналади. Бу ишни қилган кимсалар Аллоҳнинг лаънатига учрайди.
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُرَحْبِيلَ عَنْ عَبْدِ اللهِ قَالَ: سَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ الذَّنْبِ أَعْظَمُ عِنْدَ اللهِ قَالَ: أَنْ تَجْعَلَ للهِ نِدًّا وَهُوَ خَلَقَكَ قُلْتُ: إِنَّ ذَلِكَ لَعَظِيمٌ قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ قَالَ: وَأَنْ تَقْتُلَ وَلَدَكَ تَخَافُ أَنْ يَطْعَمَ مَعَكَ قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ قَالَ: أَنْ تُزَانِيَ حَلِيلَةَ جَارِكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.
Амр ибн Шураҳбил Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Аллоҳ наздида энг катта гуноҳ қайси?” деб сўрадим. У зот: “Аллоҳга (бирон) нарсани шерик қилишинг. Ваҳоланки, У сени яратган”, дедилар. Мен: “Албатта бу жуда катта гуноҳ. Ундан кейин қайси (гуноҳ энг каттаси)?” дедим. У зот: “Сен билан қўшилиб таом ейишидан қўрқиб болангни ўлдиришингдир”, дедилар. Мен: “Ундан кейин-чи?” деб сўраганимда, “Қўшнинг хотини билан зино қилишинг”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) хадисларининг бирида қуйдагича мархамат қиладилар: “Қайси бир қавмда зино авж олса, Аллоҳ таоло ўша қавмга бир балони юборадики, бу балони уларнинг ота – боболари ҳам кўрган эмас”.
Кимки Аллоҳ таоло қайтарган харом қилган фахш ва зино ишлардан хазар қилмаса қайтмаса, Аллоҳ таоло унинг бошига турли бало ва офатларни солади.
Ўзини мўмин санаган, Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган, охиратда нажот топишдан умид қиладиган банда зинонинг ҳар қандай туридан сақланади. У кўз, тил, қўл ёки икки фарж зиноси бўладими, фарқи йўқ.
Шу билан бирга, мўмин киши ҳаром ишдан сақланиши билан бир қатордан ўзгаларни ҳам бу манфур амалдан қайтаради. Сабаби у амру маъруф ва наҳий мункар қилишга буюрилган. Акс ҳолда мусулмонлар жамияти бузилиб, оилалар тинчлигига хавф туғилади, фарзандлар тарбияси издан чиқиб, ҳар бир соҳада таназзулга юз тутилади.
Хулоса қиладиган бўлсак Зино бу Аллоҳ ва расули лаънатлаган иш экан. Унинг уқубати дунё ва охиратда ҳам бўлар экан. Дунёдагиси жамиятда тузалмас касалликлар тарқалишига сабаб бўлади, молидан ризқидан барака кетади. Аллоҳ ва расулини норизо қилади. Энг ачинарлиси эса унинг бадалини ўзининг қизи ёки яқинлари тўлайди. Охиратдагиси Аллолҳнинг ғазаби бўлган дўззахда аламли азобларга гирифтор бўлади.
Аллоҳ таоло ҳаммамизнинг бундай фахш ва мункар ишларни қилишдан сақласин, ўзи бизни икки дунё саодатига етиштирсин.
Ғолиб домла Очилов,
Вобкент тумани бош имом-хатиби
Вобкент тумани бош имом-хатиби