ЗУЛҲИЖЖАНИНГ ЎН КУНИ
27 июл 2020 й.
877 марта ўқилди.

 

ЗУЛҲИЖЖАНИНГ ЎН КУНИ

Аллоҳ таолонинг баъзи кунларни бошқа кунлардан ортиқроқ ва фазилатли қилиб қўйганининг сабаби бандаларига бу ҳаёти дунёда хайрли ишларини, савобларини янада кўпайтириб олишлари учун берган неъматидир.
Бу кунларни ғанимат билган, уларни бекорга ўтказиб юбормаган, ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланган инсон қандай ҳам бахтлидир. Бундай улуғ кунлар ҳар биримиздан уни гўзал қарши олиш, фазилатини англаб етиш ва қолаверса, унда кўпроқ солиҳ амалларни қилишимизни талаб этади. Ана шундай улуғ кунлардан бири Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир. 
Бу кунларнинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар айтиб ўтилган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " مَا مِنْ أَيَّامٍ أَفْضَلُ عِنْدَ اللهِ وَلَا الْعَمَلُ فِيهِنَّ أَحَبُّ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ هَذِهِ الْأَيَّامِ الْعَشْرِ، فَأَكْثِرُوا فِيهِنَّ مِنَ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ، فَإِنَّهَا أَيَّامُ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ وَذِكْرِ اللهِ، وَإِنَّ صِيَامَ يَوْمٍ مِنْهَا يَعْدِلُ بِصِيَامِ سَنَةٍ، وَالْعَمَلَ فِيهِنَّ يُضَاعَفُ سَبْعمِائَةِ ضِعْفٍ "

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у(кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у(кун)ларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки, у(кун)лар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолога зикр (айтиладиган) кунлардир ва у(кунлар)дан бир куннинг рўзаси бир йилги рўзага баробардир. У(кун)ларда қилинган амал етти юз баробарга баробар бўлади», дедилар».
Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ тало учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир», дедилар. Шунда: «Ё, Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд (ёки жиҳод) қилиш ҳам-ми?» деб сўралди. У зот: «Ҳа, Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд (ёки жиҳод) қилиш ҳам», дедилар» (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: «Бу ўн куннинг афзаллигининг сабаби, бу кунларда намоз, рўза, ҳаж, арафа куни ва садақалар беришдан иборат улуғ ибодатлар жамланганидир. Бошқа кунларда бундай улуғ ибодатлар бирга жамланмайди».
Абдулҳақ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: «Мухтор қавлга кўра Зулҳижжанинг аввалги ўн кунининг кундузи ҳамда Рамазон ойининг охирги ўн кунининг кечаси афзал ҳисобланади».
Биз ҳам Зулҳижжа ойининг ушбу ўн кунлигини ғанимат билиб, бедор бўлиб, ибодат қилиб ўтказсак, кўпроқ тиловат, зикр билан машғул бўлсак, Роббимиз тарафидан улкан савобларга эришамиз.

Мир-Араб ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Эркин Қудратов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram