Аҳли зиммага зулм бериш ҳаром
13 июн 2020 й.
1023 марта ўқилди.
Аҳли зиммага зулм бериш ҳаром
Аллоҳ таоло биз мусулмонларни ғайридинларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармаганлиги «Мумтаҳана» сурасининг 8-оятида ўз аксини топган: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас...».
Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлиши лозим. Афсуски, бугунги кунда биз жаҳоннинг турли нуқталарида, айниқса Яқин Шарқ мамлакатларида диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сиёсий омиллар негизида юзага келган қуролли тўқнашувлар оқибатида юзлаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, минглаб кишиларнинг ўз бошпаналаридан айрилиб, туғилиб ўсган юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётгани каби аянчли жараёнларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир ёшлар билиб-билмай мана шундай уруш ўчоқларида иштирок этмоқдалар.
Мулло Али Қорининг “Мирқот ул-масобиҳ” асарида келган хабарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Барча дин аҳлига хайру-эҳсон қилингизлар” Имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак инсоний табиати диний эркинлик тўғрисидаги кўрсатмаларига, у зотдан кейинги ислом ҳукмдорлари ҳам қатъий амал қилишди. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобеинлар ҳаммамизга ўрнак ва намуна кўрсатишган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ғайридинларга хайрихоҳлиги, муруввати ва адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди.
Ислом динига кўра, бошқа эътиқодда бўлган аҳли китобларнинг ибодатхоналари ҳам худди масжидлар каби ҳимояга олинади, уларни бесабаб бузиш ёки бирор зарар етказиш динимизга кўра таъқиқланади. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таҳсил беришган. Ҳатто, айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.
Ғарблик диншунос тарихчилардан Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлаган: “Мусулмонлар қатори бошқа дин вакиллари ҳам ҳукумат ҳизматида ҳамжиҳатликда фаолият олиб борар эдилар”, - деб ёзади ўзининг рисолаларида.
Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин. Амин!
Шофиркон туман бош имом-хатиби
Жасурбек Латипов
«орқага