Бидъат ва хурофот
26 июл 2017 й.
2628 марта ўқилди.

Бидъат ва хурофот

Инсон Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун шариатда кўрсатилган бирор амални бажарар экан, унинг ихлосу муҳаббати кўпроқ савоб топиш мақсадида бу амални яна-да кўркамроқ адо этишга ундайди. Бироқ бидъат деган тушунча, билиб-билмай бидъат амалини қилиб қўйиш хавфи уни ўз хоҳиш-иродасини амалга оширишига тўсқинлик қилади. Шунинг учун мусулмон киши бидъат сўзининг маъноси ва бундай амаллар ҳақида тушунчага эга бўлиши лозим.

«Бидъат» сўзи луғатда бир нарсани янгитдан пайдо қилиш маъносини англатади.

Бидъат сўзига истилоҳда шаръий асосга эга бўлмаган амални жорий қилиш деб таъриф берилган.

Ойша (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, радқилинади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.) бундай дейди: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шунинг билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди”.

Уламолар бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Бидъати ҳасана деб, шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрат Умар (р.а.)нинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллоҳ (с.а.в.) жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрат Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, дедилар. Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг жавҳарига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзахда бўлса, ҳолимиз не кечар эди. Пай-ғамбаримиз ҳаётлик даврларида Қуръони Карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган ва ҳоказолар эди. Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқуллайдилар.

Бидъати саййиа эса, шаръий аслга эга бўлмаган бирор нарсани жорий этиш ёки шаръий аслни хилоф равишда айрича талқин қилишдир. Бу эътиқод масалаларига тааллуқли бўлиб, шариат кўрсатган эътиқоддан четга чиқиш, ақидавий масалаларда ғулувга кетишдир.

Уламоларимиз аҳли сунна вал-жамоадан бошқа барча фирқаларни “аҳли бидъат” деб номлаганлар. Чунки улар аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид бўлган ақидаларни илгари суришган. Масалан, хаворижлар гуноҳи кабира қилган қилган киши кофир бўлади десалар, мўътазилалар ундай киши имондан чиқади, аммо кофир бўлмайди, дейдилар. Қадарийлар тақдирни инкор қилсалар, жабарийлар эса, инсон савоб ва гуноҳ ишларни қилишга мажбурдир, дейдилар. Мазкур ақидаларнинг барчаси аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид бўлиб, ундай эътиқодда бўлиш залолатдир.

Бидъат-хурофотлар ҳозирги кунда кўпгина марака-маросимларда жуда кўп учрайди. Уларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлар идораси (ЎМИ)нинг фатвоси чиқди.

“Ўзбекистон мусулмонлар идораси (ЎМИ)нинг фатвоси

Уч кундан кейинги махсус маросимларга тааллуқли, биз аниқлаган сўнгги таъқиқ диний раҳбариятимиз—Ўзбекистон мусулмонлар идораси мууфтиёти томондан эълон қилинган “ТЎЙ, МАРОСИМ ВА МАЪРАКАЛАРНИ МЕЪЁРИДА ЎТКАЗИШ ҲАҚИДА” чиқарган фатвосида расмий имом домлаларимиз зиммасига қўйилган ушбу талабномадир:

Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча расмий масжидларнинг имом хатиблари жума намози хутбаларида, никоҳ тўйлари, ақиқа маросимлари ва турли муносабатлар билан қилинадиган тадбирларда исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, риёкорлик каби иллатларнинг моддий ва маънавий зарарлари, шунингдек, тежамкорлик ва ўртаҳолликнинг фойдалари тўғрисида асосли далиллар ва ҳаётий мисоллар билан кенг ташвиқот ишларини олиб борсинлар.

Маросим ва тадбирларни миллий ва диний нуқтаи назардан мувофиқлаштирилган тарзда, намунали ўтказиш мақсадида имом хатиблар, маҳаллаларнинг оқсоқоллари ва фаоллари билан ўз таклиф ва тавсияларини маҳалла аҳлига тақдим этсинлар. Бу ишларни амалга оширишда ҳар бир вилоят ва туманларнинг ўзига хос маҳаллий урф-одатлари инобатга олинсин.
Марҳумлар дафнидан кейин одат тусига айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит кунларидаги фотиҳахонлик каби маросимларнинг шаръий эмаслиги, балки бидъат ишлардан эканлиги тушунтириб борилсин. Киши вафот бўлгандан сўнг таъзия 3 кун эканлиги тушунтирилсин.

Катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган худойи, маъракалар ўрнига марҳумлар руҳини шод этиш учун муҳтож оилаларга, меҳробонлик уйларига, ногиронлар ва қариялар уйига ёки ободончилик ишларига моддий ёрдам кўрсатишнинг афзаллик жуҳатлари ёритиб берилсин. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси. 2002 йил. 28 декабрь.

манба: http://www.muslim.uz/index.php?option=com_content&view=article&id=949&catid=44:2010-02-07-12-50-40&Itemid=75).”

Ҳикматуллоҳ Иброҳим ўз мақолаларида “Кўпгина далил ва қавлларни бир-бири билан таққослаб шундай хулосага келинди:

1-    Инсон вафот этган куни унинг қўни-қўшнилари томондан мусибат эгаларига таом чиқариб едириш суннатдир!

2-    Садақа ва зиёфат умумий жиҳатдан бирдек туюлсада, уларнинг бир-биридан фарқи бор.

Садақа—садақа олувчига мулк қилиб бериладиган молдир. Зиёфат—меҳмонлар олдига қўйилган нарсаларнинг истеъмолига омматан рухсат бериш, яъни мубоҳ қилиш демакдир!

3-    Маййитнинг ортидан ўлган куни ҳам, ундан кейин ҳам садақа қилиш жоиз ва унинг савоби маййитга шак-шубҳасиз етиб боради!

4-    Инсон вафот этган кундан то уч кунгача мусибат эгалари таом пишириб таъзияга келганларга зиёфат бериши жумҳури аҳли сунна, тўрт мазҳаб фақиҳларининг наздида макруҳдир. Ҳанафий фақиҳларидан бири Шайх Иброҳим Ҳалабий раҳматуллоҳи алайҳнинг суянган далили эса Роддул-мухтор соҳибининг қавлига кўра тасодифий бир ҳолат бўлган, ёки, у воқеъанинг ўзига хос сабаби бўлиб, ундан умумий ҳукм олинмайди!

5-    Маййит ўлимидан олдин молидан хайри-эҳсон қилишни васият қилган бўлса, унинг васияти шариатга мувофиқ тарзда, мерос молининг тақсимотидан сўнг учдан бирдан сарфлаб амалга оширилади. Ўшани ҳам ноиҳаларга едириш ҳаром бўлади. Ноиҳалардан бошқаларга едиришда кароҳият йўқ!

6-    Маййтхонада тунаб қолишга мажбур бўлган, узоқдан келганларга ўзларига яраша таом пишириб едиришнинг асло кароҳияти йўқ. Агарча ворислар сағир бўлса ҳам. Бу таомдан уйи яқин қўни-қўшни ва маҳалладошлар емаслиги керак. Шу таомдан кўп миқдорда ортиб қолса, унинг ҳаражатини васий сағир ворисларга тўлаб беради, оз миқдорда бўлса йўқ!

7-    Уч кундан кейин қилинадиган хайри-эҳсонларни мутлақо инкор қилиш тўғри эмас! Зотан шариат чегарасидан чиқмаган ҳолда қилинган маросимларнинг халққа маънавий жиҳатдан фойдали томонлари ҳам бор. Жумладан: ўликлар билан тириклар орасини авом ичида фақат шу маросимлар боғлаб туради; Қуръон ўқишни билмайдиганларнинг хонадонларида фақат шу маросимлар туфайли тиловатлар янрайди; авом билан аҳли илмлар орасида диний савол-жавоблар ҳам кўпинча шу маросимларда бўлади; қолаверса, бу каби маросимлар қадимдан улуғ устозлар иштирокларида амалга ошириб келинган; одамийлик, дўстлар дийдори, ўзаро ҳол-аҳвол сўраш каби исломий гўзал одоблар ҳам шу каби йиғинларда қайта жонланади!

8-    Уч кун ўтиб аза ниҳоясига етгач, маййит ворисларидан ёши катталари ўзларининг шахсий маблағларидан хоҳлаганча хайри-эҳсон қилаверадилар!

9-    Ворислардан ташқари маййитнинг дўстлари, бошқа яқин қариндошлари унинг ортидан. Уч кун ичида ўз уйларида, уч кундан кейин эса маййитнинг хонадонида ҳам, ўзларининг ҳисобидан, хоҳлаганча хайри-эҳсон қилаверади. Бунга асло моне йўқ ва бунинг савоби марҳумга шубҳасиз етади!

10-    Инсон вафот этгач, унинг қолдирган молини сарфлашга, унинг ҳисобидан зиёфат беришга шошилмаслик керак. Балки, тарака (мерос) моли тезда меросхўрлар орасида шариатга муовиқ тақсимланиши шартдир!

11-    Маййитнинг мероси тақсимланганидан кейин, унинг ворислари уч кун ўтгач, ҳар доим, ҳар қандай йўл билан хоҳ садақа бериб, хоҳ зиёфат ташкил қилиб савоб умидида хайри-эҳсон қилаверади. Бунда маййитни эслаб йиғлаш, унутилган мусибатни қайта эсга олиб маҳзун бўлиш, маййитнинг аҳлига қайта-қайта таъзия билдириш каби ишлар мумкин эмас!

12-    Маййитнинг ортида сағирлар қолса, бу ҳолатда уларга тегишли молни ҳеч қачон, ҳеч қандай йўл билан, садақа қилиб ҳам, зиёфат бериб ҳам сарфлаб бўлмайди. Улар балоғатга етиб, васийларидан ўзларига тегишли молни қайтариб олганларидан кейин, ўтганларининг ортидан хоҳлаганча хайри-эҳсон қилаверадилар!

13-    Уч кун ўтиб аза тамом бўлгач қилинадиган зиёфатларни бирор кунга тайинлаб, хослаб олишлик мумкин эмас. Агар махсус кунларда масалан, қирқинчи куни қилинган эҳсоннинг бошқасига нисбатан фазилати кўпроқ деб билса, ёки махсус кунларда эҳсон қилишни вожиб деб эътиқод қилса, унинг шу эътиқоди бидъат бўлади. Бу ҳақда имом Биргивийнинг “Жало ул-қулуб”да айтган ҳикоясини эсланг! У кишининг насиҳатларига кўра, макруҳ, мубоҳ бир ёқда тура турсин, ҳатто мустаҳабни ҳам вожиб даражасига олиб чиқиш макруҳ бўлади. Аслида инсон ўз эҳтиёжидан ортиқча молга қодир бўлган вақтида маййитни йўқлаши дуруст ва бунда кунларнинг бир-биридан фарқи йўқ. Балки, мол-дунёси кўплар қирқинчи кунгача маййитни музтар қилмасдан тезроқ ортидан хайри-худойи қилса маййитга янада манфаатли бўлади. Шариатда ҳар бир амални ўз ҳукмича эътиқод қилиш керак. мубоҳни мубоҳ, мустаҳабни мустаҳаб, вожибни вожиб, фарзни фарз, деб. Ўрнини асоссиз алмаштириш асло дуруст эмас! 

14-    Халқимиз орасида урф-одатга айланган “уч”, “пайшанба”, “қирқ”, “йил” маросимлари агар мерос тақсимотидан кейин бўлса, ёки ёши катта ворисларнинг шахсий ҳисобидан бўлса, ва бу амалларни вожиб эмас балки, мубоҳ фазилат, деган хайрли ниятлар билан, савоб умидида, риё, сумъа, шуҳратпарастлик ва исроф каби иллатлардан ҳоли амалга оширган бўлса,  у шубҳасиз дуруст бўлади!

15-    Агар “уч”, “пайшанба”, “қирқ”, “йил” маросимлари мерос тақсимланмай туриб, сағир ворисларнинг ҳаққидан зиёфатга сарфланаётган бўлса, у шубҳасиз ҳаром бўлади. Унга бориш, таомидан ейиш мумкин бўлмайди! 

16-    Агар уч кундан кейин, маййитни йўқлаб қилинган маросимларнинг ташкилотчилари шу маросимларни вожиб демаган ҳолда, ўтганларнинг руҳига холис хайрот қилса-ю иттифоқо йигирманчи, қирқинчи кунларга мувофиқ келиб қолса, бунинг зарари йўқ. Ундан бориб ейилаверади, берган ҳадялари олинаверади. Шунингдек, иттифоқо шу кунларга мос келиб қолган зиёфатни “қирқ”, “пайшанба”, “йил”, деб номлашларини ҳам аҳамияти йўқ. Зотан ном ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Муҳими—тўғри эътиқоддир!

17-    Маййит ортидан қилинадиган уч кундан кейинги зиёфатларда махсус таом масалан: Атала, ўрик шарбат ва ҳоказо таомлар пиширишни вожиб, уларнинг ўрнига бошқа нарса пишириш мумкин эмас,  деб эътиқод қилиш ҳам бидъат бўлади. Балки, инсон нимага қодир бўлса ўшани пишириб едириши мумкин. Ўзи қодир бўлмаган таомга такаллуф қилиши шариатнинг буйруғи эмас!

18-    Учинчи куни, қирқинчи куни қўй сўйишга маблағи йўқлар, қарз олиб қўй сўйиши ва халққа едириши шариатнинг амри эмас. Шариат инсон тоқатидан ортиқча нарсага асло буюрмайди!

19-    “уч”, “пайшанба”, “қирқ”, “йил” маросимлари ҳақида гапирганларни дарҳол “ваҳҳобий” дейишга шошилмаслик керак. Балки ундан бу сўзига изоҳ беришини талаб қилиш лозим. Агар у “Тиловати Қуръон ва бошқа хайри-садақотлардан ўликларга наф йўқ, шунга кўра 20, 40 “йил” каби маросимлар мумкин эмас”, деб изоҳ берса, уни айблаш, “бидъатчи” дейиш мумкин. Бироқ, юқоридаги каби тафсилотлар билан изоҳ берса, уни айблаш, “адашган”га чиқариш мутлақо нотўғри!
20-    Шуни унутмаслик керакки, маййитнинг ортидан шаръий меъёрга мувофиқ зиёфат бергандан кўра, ўша ҳаражатларни етим-есирларга, мадраса ва мактаб муаллимлари ёки талабаларига, дин хизматида қоим бўлиб дунёвий тирикчилигидан оқсаб қолган аҳли илмларга, қаровчиси йўқ бемор ва қарияларга сарфламоқ афзалдир!
”- деб ёзадилар.

 

 

Интернет маълумотларидан фойдаланиб тайёрланди.

 

Мир Араб ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси:                                                          И. Холназаров       

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:40
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram