Дунё тан олган мутафаккир шоҳ ва шоир
14 феврал 2023 й.
«орқага
1243 марта ўқилди.
Дунё тан олган мутафаккир шоҳ ва шоир
1483 йил ўзбек халқи учун улуғ йил: ҳазрат Навоий “Хамса” яратишни бошладилар, шу йили шоҳ ва шоир сифатида нафақат ўзбек халқи, балки дунё тарихида муҳим ўрин тутган етук зот Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунёга келди. Темурийлар сулоласининг бир вакили бўлиб 12 ёшида тахтга ўтирган Бобур вақт ўтиб дунё тан олган бир сулолага асос солди. 300 йил Ҳиндистон тупроғига осойишталик, тараққиёт олиб кирган бобурийлар сулоласи ҳазрат Бобурнинг мутафаккир шоҳ бўлгани сабаб, сулола асосини тўғри белгилаб бера олгани боис узоқ йиллар ўзга юртда ҳукм сура олди. Заҳириддиннинг болалиги Андижонда сарой муҳитида ҳар тарафлама яхши тарбия топиш билан ўтди. “Бобур”, яъни шер, йўлбарс лақабини олишига шерюрак ва ботирлиги сабаб эди.
Улуғ Амир Темур салтанатини қайта тиклаш ниятида сермашаққат курашларга бел боғлаган Бобур, афсуски, бу улуғ ниятига эриша олмади, Аллоҳдан ўзгаси боқий эмаслигини улуғ шоирнинг сиёсий фаолияти ҳам кўрсатиб бера билди. Бир умр барча нарсага эга бўлган шоҳ ва шоирнинг Ватанидан олисдалиги унинг улуғ армони эди.
Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.
Жонимдек ўзга жонни дилафгор кўрмадим.
Кўнглум киби кўнгулни гирифтор топмадим.
Дарҳақиқат, инсонга жондан ўзга ёри вафодор йўқ. Кўнгилдан ўзга маҳрами асрор топилмайди. Чунки кўнгил – улуғ манзил, Аллоҳнинг назаргоҳидир. Покланган кўнгил Каъба сингари улуғланади. Бобур ҳазратлари буни чуқур англаганлар. Умр бўйи инсонни, унинг кўнглигини авайлашга интилганлар. Ҳиндистонга борганлари билан эр ўлганда аёлини у билан қўшиб ёқиш одатига, аниқроғи, исломга зид одатга барҳам берадилар. Ҳинд ҳалқи Бобурни ўз фарзанди каби ардоқлади. Бобурийлар тарихини ўз тарихининг чиройли, дилбар саҳифалари деб билди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрининг қисқалиги, ҳаётининг нотинчлигига қарамай, илм билан, бадиий ижод билан тинимсиз шуғулланди.
Аруз илми, мусиқа назарияси ва амалиёти билан шуғулланди. “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” номли китоблар ёзди. “Мухтасар” асари аруз илмига бағишланган асар. Аруз илмини ҳазрат Навоий “Қуръони карим” оҳанглари борлиги учун шариф фан деб “Мезон ул-авзон” асарларида айтган эдилар. Шу боис Бобур шариф фанга оид асар яратди, дейиш мумкин.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур иккита шеърий девон тартиб берди. Икки тилда битилган 400 дан ортиқроқ гўзал шеърларни бизга мерос қолдирди. “Бобурнома” улуғ асар сифатида дунё тан олган етук саркарда, шоҳ ва шоир ҳаётининг акси ифодасидир.
Беқайдмену хароби сийм эрмасмен,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен,
Кобулда истиқомат қилди Бобур дерсиз,
Андоқ демангизларки, муқим эмасмен.
Бобур бойлик илинжида Ҳиндистонга юзланмаганини кўп бор таъкидлади, ўзини бахтсиз, толесиз ҳисоблади.
Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Не ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
Бу рубоийсида шоирнинг товбаси ўз ифодасини топган, албатта. Аллоҳни таниган, исломни чуқур билган шоир фикрича, инсонийликнинг асосий жиҳатларидан бири одамларга, элга яхшилик қилмоқдир.
Яхши киши кўрмагай ямонлиғ ҳаргиз,
Ҳар кимки, ямон бўлса, жазо топқусидур.
Шоир бир умр шу фикрга таяниб яшади, шунга амал қилди.
Салоҳиддин Гадоев,
Бухоро шаҳар “Хожа Исмат Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби