Ғийбат ҳаромдир
24 январ 2023 й.
«орқага
960 марта ўқилди.
Ғийбат ҳаромдир
Ўзгаларни ғийбат қилиш, бировларнинг гапини бошқаларга ташиб, чақимчилик қилиб юриш, жамиятда турли миш-мишларни тарқатиш билан одамлар орасида душманчилик солиш энг ёмон иллатлардан саналади. Булар динимизда қаттиқ қораланади. Ғийбат ва чақимчиликнинг ҳукми мусулмонлар ижмоси (якдил келишуви)га кўра ҳаромдир. Бунинг ҳаромлигига Қуръон, суннат ва ижмоъдан очиқ-ойдин далиллар келган.Ҳадисда айтилишича, “Ғийбат-биродаринг ёқтирмайдиган сўзлар билан у тўғрида гапиришдир” (имом Муслим,Абу Довуд Термизий,Насоий ривоятлари)
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинган ҳадисга кўра, бир биродарингиз ортидан ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш ғийбат саналади, бордию унда бу камчиликлар бўлмаса, унга нисбатан бўҳтон ҳисобланади (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 12-оятда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, роҳимдир”.
Айбларини гапириш ё масхара қилиш мақсадида бировнинг бирор ҳатти-ҳаракатини ўхшатиш ҳам ғийбат саналади. Ғийбат қилган кишининг тавба қилиши фарз дейилган. Ҳусайн Воиз Кошиорий айтади: “Ғийбат қабиҳ феъллардан биридир. Ғийбат оз бўлсада, келтирадиган зарари денгиз каби бепаён. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, бойлиги, хулқи ҳақида бемаза гапларни сўзлашнинг барчаси ғийбат саналади “Фавокиҳул-жуласо” китобида бундай ёзилган. “Бирор киши олдинга келиб биров ҳақида ғийбат гапларни гапирса, ундай одамнинг гапларига ишонма, чунки у сени ҳам бировга ёмонлаб, устингдан ғийбат қилиши мумкин”.
Аллоҳим ҳаммаларингизни тил офатлари бўлмиш ғийбат, чақимчилик, бўҳтонлардан ўзи сақласин.
Мўминжон Ҳазратқулов,
Бухоро шаҳар “Шайх Саъдий”
масжиди имом-хатиби