Маҳаллада ҳамжиҳатлик — жамият юксалишининг пойдевори
31 январ 2026 й.
118 марта ўқилди.
Маҳаллада ҳамжиҳатлик — жамият юксалишининг пойдевори
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Маълумки, муҳтарам юртбошимиз томонидан 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу ташаббус ҳар бир фуқарони, ҳар бир маҳаллани янада жипслашишга, ҳамжиҳатлик ва масъулият руҳида яшашга чорлайди. Чунки маҳалла — жамиятнинг илдизи, маҳалла обод бўлса, юрт ҳам барқарор бўлади.
Бугунги кунда жамиятимизда, айниқса маҳаллаларда, ўринли-ўринсиз турли урф-одатлар ва асоссиз “янгиликлар” кириб келмоқда. Бу эса ўз-ўзидан маҳалла муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ортиқча сарф-харажатлар, исрофгарчиликлар кўплаб фуқароларни қарз ботқоғига ботириб, айрим ҳолларда ёш оилаларнинг ажримгача боришига сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас.
Бу масалага Ислом таълимоти қандай ёндашади? Келинг, шу ўринда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан бирига мурожаат қилайлик. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятида шундай дейилади: “Кимки биз буюрмаган амални қилса, у албатта рад этилур”.
Ушбу ҳадиснинг мазмуни жуда чуқур: динимизда буюрилмаган амалларга мол сарфлаш, уларни “савоб” деб қилиш инсонга ажр олиб келмайди. Аксинча, бундай ишлар динни қийин қилиб кўрсатишга, жамиятда ортиқча юк ва ихтилофларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Айни пайтда таъзия маросимларида қилинадиган уч, етти, йигирма, қирқ, йил қилиш, тўйлардаги ортиқча киёв навкарлар, келин кўрди, турли чалловлар, шунингдек биби сешанба, мушкулкушод каби амаллар ҳам шулар жумласидандир. Бу ишлар на Ислом таълимотига, на юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатга мос келади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ғулув — чегарадан чиқиш ҳолатларидан умматни огоҳлантирганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар.” (Ҳашр сураси, 7-оят)
Демак, ҳақиқий ислоҳ ва юксалиш — соддаликда, шукрда ва меъёрда. Маҳалламизни обод қилиш ортиқча дабдаба билан эмас, балки ўзаро меҳр, ҳамжиҳатлик ва масъулият билан амалга ошади.
Аллоҳ таоло юртимизни ва маҳаллаларимизни доимо обод этсин, бандаларини исроф, бидъат ва ношукрчиликдан Ўзи асрасин. Омин.
Шавкат Рўзиев,
Шофиркон туман "Хўжа Бадарға" масжиди имом-хатиби
«орқага















