Интернет тармоғи ёхуд мафкуравий бозор расталари
21 июл 2020 й.
1133 марта ўқилди.
Интернет тармоғи ёхуд мафкуравий бозор расталари
Кўплаб тадқиқотчилар фикрича, инсоният янги тамаддунга қадам қўйганини ҳар нафасда ҳис қилиш мумкин. Бутун дунёда қадриятлар алмашиши, интеграциялашув, глобаллашув, агар таъбир жоиз бўлса, маданиятлар аралашуви, синтезлашуви жараёни кечаётган ҳозирги пайтда ўзга урф-одатларга, маънавий тамойилларга мойил бўлиши табиий ҳол. Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш ниҳоятда замонавий қиёфага кирди. Интернет тармоғининг жадал ривожланиши жамият ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Одамлар иш кунини интернетдан бошлаб, у билан тугатадиган бўлиб қолди. Ушбу жараён нафақат катталарга, ҳатто болалар психологиясига ҳам таъсир қилади. Фарзандларимиз жажжи маънавий дунёсини эгаллаш борасида турли ахборот расталаридан ташқари яна мафкуравий бозорларда ҳам “савдо” кетмоқда. Болалар онгу шуурини эгаллаш қуролларидан бири компьютердаги интернет тармоғи ҳисобланиб, у бошқа воситаларга қараганда етакчилик қилмоқда.
Бугун компьютер технологиялари ҳаётимизда мустаҳкам ўринга эга, компьютер саводхонлиги кўрсаткичи эса кўп ҳолларда инсоннинг юқори савиясини белгилаб берадиган омилга айланиб бормоқда. Эндиликда компьютерда ишлашни билмайдиган ходимни яхши мутахассис дейиш қийин. Агар ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлган бўлса, ҳозирги пайтда эса компьютер ва интернет аввалги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди. Замонамиз ёшларининг 70 фоизи ўз қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганда спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компьютер технологиялари, интернетга бўлган қизиқишини биринчи ўринда тилга олади. Шу боис, улар уйда ҳам интернетга уланиш имкони бўлишини хоҳлаши табиий. Лекин, мутахассисларнинг фикрича, ёши ўнга етмаган бола одатда мустақил равишда интернетдан фойдаланиш учун зарур бўлган танқидий, таҳлилий фикрлаш ва шу асосда маълумотларни фарқлаш уларни ажрата билиш, қобилиятига эга эмас. Шу сабаб сўнгги пайтларда интернет орқали таҳдид этиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу каби тармоқ безорилигининг энг биринчи қурбонлари айнан ёшлар қатлами, хусусан, ўсмирлар ҳисобланади. Бугунги кунда интернет тармоғидан келадиган баъзи бир ножўя маълумотлардан эҳтиёт бўлайлик.
Пешку туман “Хўжа Бешик” жомеъ масжид
имом-хатиби Жумаев Носир
«орқага