Исломда раҳбарга итоат
16 декабр 2021 й.
730 марта ўқилди.

 
Исломда раҳбарга итоат

Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли суннат ақидавий йўналишида бош матнлардан ҳисобланмиш «Ақидатут-таҳовия”да мавзуга доир қуйидагича матнлар бор:
و لا نري الخروج علي ائمتنا و ولاة امورنا و إن جاروا، ولا ندعوا على احد منهم، و لا ننزع يدا من طاعتهم، و نري طاعتهم من طاعة الله تعالي فريضة ما لم يأمروا بمعصية، و ندعوا لهم بالصلاح و النجاح و المعافات
«Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз» (Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий).
Пешқадам салафларимиздан бири — Имом Таҳовийнинг бу жумлалари аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабининг эътиборли муҳим ҳужжатларидан бўлиб, унда фуқаро ва ҳукумат муносабатларига доир, аҳли суннат мазҳабининг усулий муҳим масалаларидан қуйидаги бандлар баён қилинмоқда:
1. Раҳбарга итоат қилиш ва ҳатто зулм қилса ҳам унга қарши қурол кўтариб чиқмаслик;
2. Шариатга зид бўлмаган ҳолатларда раҳбарга итоат Аллоҳ ва Расулуллоҳга итоат каби фарз деб эътиқод қилиш;
3. Ҳукумат раҳбарларига насиҳат қилиш ва яхшилик тилаб дуо қилиш;
Аҳли суннат вал-жамоат таълимоти шуки, гуноҳ бўлмаган ишларнинг барчасида ҳокимларга итоат қилиш вожиб. Агар улар Аллоҳга осий бўладиган ишларга масалан: ароқ ичиш, зино қилиш, ўғирлик қилиш, порахўрлик қилиш, ноҳақ одам ўлдириш, каби ишларни буюрса бажарилмайди. Шу билан бирга оддий фуқаронинг бу каби буйруқ берувчи бошлиққа қарши қурол кўтариши, уни мансабидан ағдаришга интилиш аҳли суннат ақидасига кўра жоиз ҳам бўлмайди. Ҳукуматга қарши ҳаракатларнинг барчаси оддий фуқаро учун фақат ғам-ташвиш, кулфат келтиради. Бу каби ҳаракатлар ҳатто қон тўкилиши каби катта офатларга сабаб бўлиши мумкин. Имом Ғаззолий ҳазратлари «ал-Иқтисод фил-эътиқод» номли рисоласида: «Битта мусулмоннинг бир томчи қонини хато қилиб тўкишдан кўра, юзта кофирни хато қилиб тирик қолдириш енгилроқ хатодир» — деганлар.
Илгари бошлиққа эътироз билдирмоқчи бўлган салафларимиз ҳаргиз жамоъатчилик олдида чиқиш қилишмаган. Улар айни Расулуллоҳнинг таълимотига амал қилганлар. Икки саҳиҳ тўпламда келтирилишича Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан унинг биродарлари халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга айрим муаммоларни гапиришни сўрашади. Шунда Усома розияллоҳу анҳу уларга: «Биласизларми, мен нима десам уни сизлар ҳам эшитиб қоласизлар-ку», деб уларнинг гувоҳлигида гаплашишдан бош тортади. Қози Ийоз раҳматуллоҳи алайҳ бунга шундай изоҳ беради: «Усома ўшанда бошлиққа очиқча эътироз билдириш эшигини биринчи бўлиб очиб беришдан қўрққан эди. Чунки у бунинг оқибати яхши эмаслигини биларди. Бундай ишларда мулойимлик, ҳалимлик билан кўпчиликка билдирмасдан иш тутилса яхши натижа бўлади».
Ҳа азизлар, мана шу ҳодисада биз учун зарур одоб намунаси бор. Бу айни салафи солиҳларимизнинг одати бўлган. Биз Расулуллоҳнинг ортидан боришни истар эканмиз, Ул зотнинг яқинларига тақлид қилишимиз керак. Кечагина пайдо бўлган фитначи хаворижларга эмас.

Ромитан туман “Хўжа Али Ромитаний” жомеъ
масжид имом-хатиби Бобир Жўраев
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:25
Куёш: 06:05
Пешин: 13:10
Аср: 17:45
Шом: 19:25
Хуфтон: 21:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram