Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси
09 март 2023 й.
«орқага
1335 марта ўқилди.
Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси
Абу Ҳанифа асос солган ҳанафийлик мазҳаби VIII аср ўрталарида, унинг ҳаётлик чоғиданоқ тарқала бошлаб, ушбу асрнинг охирларида бошқа ўлкалар, жумладан, Мовароуннаҳрга ҳам етиб келган эди. Турли шаҳарлардаги ҳанафия марказларининг шаклланишига Ироқ ва Хуросон мактаблари салмоқли таъсир кўрсатди. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф.189/805 й.)нинг шогирди Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий (150/768202 – 216-17/832203 ЙЙ.) Бухоро мактабига асос солди.
Тўлиқ исми Аҳмад ибн Ҳафс ибн Забурқон ибн Абдуллох ибн Бухорий. Дастлабки илмларни ўз юртида эгаллайди. Сўнгра Бағдодга бориб, у ерда Абу Ҳанифа асҳобининг кўпларини учратган, улардан Муҳаммад ибн Ҳасаннинг бир неча йил илмий мажлисларида бўлган, унинг “Мабсут» китобини кўчирган. У Имом Муҳаммаддан кейин энг кучли, энг ишончли, энг тақводор фақиҳ ҳисобланган. Бунга далил сифатида қуйидаги ривоятни келтириш мумкин: Абу Ҳафс билан бирга Имом Муҳаммаддан таҳсил олган Абу Сулаймон Жузжонийнинг таъкидлашича: “Устозим Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан: “Агар сиз вафот этсангиз илмни кимдан олайлик?”, дея сўрадим. Шунда устозим: “Ҳеч ким мендан илмни Абу Ҳафс Бухорийчалик ололмаган”, дедилар .
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Субазмуний (258/872-340/952) Абу Ҳафс ҳақида қуйидаги ривоятни келтиради: “Афлаҳ ибн Муҳаммад Абу Юсуфнинг мажлисида бўлган, ундан “Амолий”ни ёзиб олган, Аҳмад ибн Ҳафс эса Афлаҳ билан мажлисда Абу Юсуфнинг ҳузурига боришдан олдин бирга бўлган. Аҳмад ибн Ҳафс Абу Юсуфни умри охирлаган бир даврда учратди. Кейин Имом Муҳаммадга бориб, унинг китобларини эшитди ва унинг ҳузурида фиқҳни ўрганди” .
Демак, Абу Ҳафс Абу Ҳанифанинг мумтоз шогирдлари саналган Муҳаммад ва озмуддат бўлса-да, Абу Юсуфнинг ҳам мажлисида бўлган. Шамсиддин Заҳабийнинг хабар беришича, Вакиъ ибн Жарроҳ, Абу Усомалар ҳам унинг устози бўлишган .
Айтиш жоизки, Мовароуннаҳрда фиқҳнинг ривожланишида Абу Юсуфдан кўра Имом Муҳаммаднинг қарашлари кўпроқ таъсир кўрсатган. Илм олиб ўз юртига қайтган Аҳмад ибн Ҳафс шу тариқа ҳанафий мазҳаби таълимотини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келган шахс сифатида танилди . Шунинг учун Ёқутий: “Бухоро фақиҳлар академияси ва фозиллар маконидир. Бухородан кўра илм аҳлига ҳурмати кучлироқ шаҳар аҳлини кўрмаганман”, дея эътироф этади .
Абу Ҳафс Кабир нафақат фиқҳ соҳасида самарали ижод қилган, балки у ҳадис ва калом илмларининг ҳам етук билимдони саналади. VIII-X асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Ироқ ва бошқа минтақалардан етишиб чиққан ҳанафий муҳаддислари ва фақиҳларининг фаолиятлари ҳақида Абдуллоҳ Субазмуний ўзининг “Кашфу-л-осор” асарида қимматли маълумотлар келтирган. Жумладан, асарда Абу Ҳафс Кабир ва унинг авлодлари Бухородан чиққан илк ҳанафий муҳаддислари қаторида зикр этилган. Абу Ҳафс Кабир Муҳаммад ибн Ҳасандан қилган ривоятида: “Нарсалар яхши ва ёмон тарзда тақдир қилингандир. Аҳли суннанинг барча фақиҳлари шунга иттифоқ қилишган. Қадар борасида тортишманглар. Муҳаммад (а.с.) саҳобалари ҳақида фақат яхши гапиринглар. Йўл топиш мақсадида юлдузларга қарашда зарар йўқ”, деган. Олим шу мазмундаги ривоятлар ҳамда ўз қарашларини шогирдларига уқтирган. Демак, Абу Ҳафс ислом илоҳиётида мўътадил йўлни танлаб, турли адашган ақидавий оқимларга қарши раддиялар берган. Фикримиз далили сифатида, фақиҳнинг ҳозирги кунга қадар топилмаган, аммо номи кўплаб асарларда учрайдиган “Китобу-т-тахриж” номли асаридан Лутфуллоҳ Насафий “Тасмия шарҳи” бобидан келтирган иқтибоси, унинг ақидага доир фатволари, шунингдек, ўғли Абу Ҳафс Сағирнинг калом илмига атаб ёзган асарларини келтириш мумкин.
Шарқшунос А.Б. Холидов ва бир неча тадқиқотчилар Мовароуннаҳр ҳамда Хуросонда араб халифалигида илк бора мадрасалар барпо этилганини зикр этиб, биринчи мадраса Бухородаги “Форжак” мадрасаси деган фикрни олға сурадилар . Абу Бакр Муҳаммад Наршахий ўзининг “Тарихи Бухоро” асарида 326/937 йили Бухорода содир бўлган ёнғиндан Форжак мадрасаси ҳам зарар кўрганлигини қайд этиб ўтади . Кейинчалик мадраса қайта тикланади. Мўғуллар даврида яшаган ва машҳур “Жавомиъул-ҳикоя” асарининг муаллифи Ибн Авфий (XIII аср) мазкур мадрасада мударрис Масъуд Имомзода қўли остида таълим олгани ушбу мадрасанинг мўғуллар даврида ҳам фаолият юритганлигини кўрсатади .
Абу Ҳафс Кабир мадрасаси
Абу Ҳафс Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига ката ҳисса қўшган мадрасага асос солган. Бу ўз замонасида машҳур мадрасалардан саналиб, ҳозирги “Пойи Калон” мавзесида жойлашган. Наршахийнинг маълумотига кўра, Абу Ҳафс Кабир бомдод намозидан кейин талабаларга дарс берган . Олим кўплаб шогирдларни тарбиялаб, камолга етказди: Абу Абдуллох Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс (Абу Ҳафс Сағир), Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадокорий, Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизғукий, Абу Заҳҳок Фадл ибн Ҳассон Сутиканий, Ҳорис ибн Абул Вафо Бухорий, Довуд Шарғий, Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғийлар , шулар жумласидандир .
Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Хунoмaтий, Абу Ҳасан ибн Толиб Ғишатийлар ундан ривоят қилишган. Абдулкарим Самъоний “Ансоб” номли асарида келтиришича, Абу Ҳафснинг шогирдлари Харожир деган қишлоқда кўп бўлган . У туфайли Бухоро шаҳри ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бирига айланди.
Абу Ҳафс Кабир доим шогирдларига шундай насиҳат қилар эди: “Қуръонни кўп ўқинглар. Чунки Қуръон мусҳаф ва қалблардан тез кетади” .
Тарихчи А.Вамбери ўзининг “Тарихи Бухоро” ва Садатий “Тариху-д-дувал” номли асарларида Имом Абу Хафс Кабир Бухорийнинг мадрасаси ислом оламининг турли ўлкаларидаги олимлар ва талабаларнинг орзу қилган мадрасаси бўлганини таъкидлашган .
Тадқиқотчи Ножи Маъруф шу маълумотга асосланиб, мадраса 513/1119-20 йилда ҳам мавжуд бўлган деб таъкидлайди. Лекин “Жавоҳирул-музиа” асарида машҳур Шамсу-л-аимма Кардарийдан (ваф. 642/1244 й.) фиқҳ ва ҳадис илмини ўрганган шогирди Аҳмад ибн Масъуд ибн Аҳмад Соидий Абу Ҳафс Кабир мадрасаси мударриси бўлгани тўғрисида маълумот беради. У 655/1254 йили Бухорода вафот этган ва Калабод (Гулобод) қабристонига дафн этилган. Юқорида келтирилган маълумотлар Абу Ҳафс Кабир мадрасаси Бухорода XIII асрда ҳам фаолият юритганлигидан далолат беради .
Бухорода фаолият олиб борган “Садру-ш-шариа”лар ва уларнинг оила аъзолари фиқҳ илмини ўз замоналарининг машҳур олимларидан олганлар. Фиқҳ илмини ўрганишда силсилалари Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирга етиб боради.
Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати Бухорога, қолаверса, ислом оламига тарқалди. Олимлар унинг илму фазлини баҳолаб, уни “муаллими ислом”, яъни “Ислом динининг муаллими”, унинг шарофати билан Бухорони “Қуббатул-ислом”, яъни “Ислом дини гумбази” ва у яшайдиган маҳалла дарвозасини “Ҳақроҳ”, яъни “Ҳақ йўл” деб аташган. Ҳатто, араб диёри олимлари бирор масаланинг жавобини топишда қийналиб қолишса, Бухорога Абу Ҳафс Кабирнинг олдига бир кишини юбориб, ўша масаланинг ечимини билиб олишар эди. Наршахийнинг айтишича, ҳожилар карвони келаётганида, карвондан бир киши Абу Ҳафснинг ёнига келиб, ундан масала сўраганда, Абу Ҳафс ҳайратланиб: “Ўзингку Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?”, деса у: “Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, лекин улар қониқарли жавоб бера олмадилар ва менга Бухорога бориб, бу масалани Абу Ҳафсдан ёки унинг фарзандидан сўрагин, улар сенга бу масаланинг жавобини айтишади дейишди” — деб жавоб беради .
Маълумки, Ислом ҳуқуқи нафақат соф ҳуқуқий меъёрлар мажмуидан иборат, балки у диний расм-русмлар, ахлоқий мезонларни ҳам қамраб олади. Абу Ҳафс Кабир мана шундай талабларга риоя қилиб, ўзи яшаган жамият ҳаётидаги барча диний ва дунёвий масалаларни давр талабларига жавоб берадиган, маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда умумий шариат нормаларини ишлаб чиқди. Абу Ҳанифанинг фиқҳ ва шариат қонуншунослик таълимотларини маҳаллий урф одатларга мослаштириш ғояларини илгари сурди. Абу Ҳафс Кабир амир бўладими оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб берар эди. Олди-сотди ёки ибодат масалаларини ҳам жуда аниқлик билан ечарди. Шу боис одамлар олимни “Ҳожатбарор имом” деб ҳурмат қилишган. Ҳозирги кунга қадар Бухоро аҳолиси Абу Ҳафс Кабир зиёратгоҳини “Имоми Ҳожатбарор” зиёратгоҳи дея ардоқлаб келади.
Абу Ҳафс Кабир юқори мансаб эгалари олдида ҳам ўз нуфузига эга бўлган. Зандавистийнинг “Равзату-л-уламо” номли асарида келтирилишича, султон Абу Ҳафс Кабир Бухорийга салла тортиқ қилган. Салла муҳим илтифот қилинган кийимлардан бўлиб, амирлар уни ўзлари танлаган ва яқин кишиларига совға қилганлар.
Абу Ҳафс берган фатволар ва унинг асаридан олинган иқтибослар кейинги давр уламоларининг фиқҳий асарларида кенг истифода этилади. Жумладан, Абу Наср Аҳмад ибн Умар (ваф. 586/1190 й.)нинг “Фатовойи Аттобия”, Бурҳониддин Маҳмуд (551/1156-616/1219 й.)нинг “Муҳиту-л-Бурҳоний”, Абу Бакр ибн Масъуд Косоний(ваф. 587/1191 й.)нинг “Бадоиъу-с-саноиъ фи тартиби-ш-шароиъ", Фаридиддин Деҳлавий(ваф. 786/1385 й.)нинг “Фатовойи Татархония”, Алоуддин Бухорийнинг “Ҳайратул-фуқаҳо”, Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф Самарқандийнинг “Салоти Масъудий”, Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб (ваф. 1118/1707 й.)нинг буйруғи билан Шайх Низомиддин Балхий (XVII-XVIII) бошчилигида йигирма уч нафар фақиҳ томонидан ёзилган “Фатовойи Оламгирий” каби жуда кўплаб асарларда учрайди.
Баъзи асарларда олим ҳақидаги маълумотларга алоҳида боблар ажратилган. Масалан, Сўфи Оллоёрнинг “Маслаку-л-муттақин” асарида “Ҳикояти Хожа Абу Ҳафс Кабир Бухорий” ёки “Баёноти Хожа Абу Ҳафс Кабир” сарлавҳалари остида боб мавжуд. Биринчи маснавий ўттиз олти мисрадан иборат.
Сўфи Оллоёр Абу Ҳафс Кабир асарларидан фойдаланиб, “Фарзандларга насиҳат” бобида яхши хулқ-одоб, яхши инсоний фазилатлар, ҳақ-ҳуқуқини таниш, ота-она, қариндош, ёр-биродарларга ёрдам қўлини чўзиш, улар ҳурматини қозониш, меҳнатни улуғлаш каби отанинг насиҳатларини баён этган . Аҳмад ибн Маҳмуднинг “Мозороти Бухоро” (Тарихи Муллозода) номли асарида ҳам олим ҳақида алоҳида бўлим ажратилган .
ХІХ-ХХ асрларда яшаб ижод этган Мухлис Намангонийнинг Абу Ҳафс Кабирга атаб ёзган мухаммасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз . Айрим адабиётларда олимнинг асари деб бошка муаллифнинг асарини нисбат берилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, 2007-йилда нашр этилган Сўфи Оллоёрнинг “Маслаку-л-муттақин” номли асарининг илова қисмида Абу Ҳафс Кабирнинг “Китобу-л-аҳво вал-ихтилоф” номли китоби ҳам бўлган, дейилади. Ислом энциклопедияси ва Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида Абу Ҳафс Кабир “Ал-Аҳвоъ ва-л-ихтилоф” (“Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар”), “Ар-радду ала-л-лафзийя” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) китобларининг муаллифидир, деган жумлаларни учратиш мумкин . Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг (926/1519-990/1582) “Катоиб аъломил-axйор мин фуқаҳо мазҳаби-н-Нумон ал-мухтор”, Умар Ризо Каҳҳоланинг “Муъжаму-л-муаллифин”, Султон Муҳаммад ибн Қаландаршоҳнинг “Рисолайи Султоний” номли асарларида ва яна бир қанча табақот жанридаги китобларда бу асарларнинг муаллифи Абу Ҳафс Кабирнинг ўғли Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс деб келтирилади. Абдулкарим Самъоний бу китоблар билан бир қаторда Абу Ҳафс Сағирнинг “Китобу-л-иймон” номли асари борлиги ҳақида эслатиб ўтади . Юқоридаги маълумотларга таянган ҳолда мазкур асарлар Абу Ҳафс Кабир асарлари эмаслиги, агар шундай бўлганда кейинги давр уламолари томонидан ёзилган фиқҳий манбалардаги кўплаб учрайдиган иқтибосларда бу асар номлари ҳам тилга олинган бўлар эди, деган хулосага келамиз.
Қўлёзмалар фондида сақланаётган Лутфуллоҳ Насафийнинг (XIV аср) “Фиқҳи Кайдоний” номли китобига Саъдуддин Тафтазоний (722/1322-792/1392 йй.) томонидан ёзилган шарҳнинг нусхаларида бу ҳақда маълумот келтирилади. Асар нусхаларининг муқаддима қисмида қўйидаги жумлалар келтирилган: “...устознинг бир асарлари бор бўлиб, Хожа Абу Ҳафс Кабир уни “Китобу-т-тахриж” деб номлаганлар.
Манбаларда Абу Ҳафс Кабирнинг вафоти хусусида турли ривоятлар мавжуд. Масалан, Хожа Муҳаммад Порсо (748/1348-822/1420 йй.) "Фаслу-л-хитоб” номли асарида куйидаги ривоятни келтирган: Имом Мустағфирий Абдулвоҳид ибн Руфайддан у эса Буҳайр ибн Насрдан ривоят қилишича, Буҳайр: “213 йилда Абу Ҳафс: “Етти йил ичида вафот этмасам, Аллоҳнинг ҳузурида мен учун яхшилик йўқ”, дер эди. Шундан сўнг ўн тўртинчи, ўн бешинчи йилларда ҳам шу сўзларни эшитдим. Ҳақиқатдан ҳам Абу Ҳафс 217/832 йилда вафот этди” .
216-17/832 йилда вафот этган Абу Ҳафс Кабир Бухородаги Дарвозаи нав қаршисидаги тепаликда дафн этилган. Мухаммад Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” номли асарида келтиришича: “Марҳум Хожа Абу Ҳафснинг саройи, кишилар у жойни қанчалик тузатиб турганликларига қарамай, бу кунгача сақланиб қолган эмас, лекин ундан айрим нишоналаргина боқийдир, савмаа – ибодат қилинадиган жой ҳам у уйда ўз ўрнида турибди . ...Қабри Дарвозайи навда, дуо қабул бўладиган жой деган ном билан машҳур. У тепаликни Хожа имом Абу Ҳафс тепалиги дейдилар... У жойни “Ҳақроҳ дарвозаси” дейилишига сабаб шуки, одамлар ўша ерда, марҳум Абу Ҳафс ҳузурига келиб фатво олар эдилар ва бу фатвони ҳақ деб билар эдилар. Шу жиҳатдан улар Ҳақроҳни "ҳақ” деб атаганлар” . Академик В.В. Бартольд унинг мақбараси устида “Мовароуннаҳр уламоларининг устози” деган ёзув бўлганини қайд этади . Асрлар давомида Абу Ҳафс Кабир мақбарасига кўплаб вақфлар қилиниб, унинг ҳудуди кенгайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивидаги “Вақф ҳужжатлари рўйхати” (И-323)да бунинг мисолини кўриш мумкин.
Ҳазрати Имом мозори Бухоронинг кўпгина обидалари сингари, шаҳарнинг узоқ ва мураккаб тарихига гувоҳ бўлди. Буюк аждодларнинг номлари ва уларнинг дафн этилган жойларини босқинчилик йиллари ҳам, собиқ совет тузуми ҳам йўқ қила олмади. Обидалар ёпилиб, уларнинг аксарияти шаҳарнинг ташландиқ жойларига айлантирилганини Бухоро халқи яхши эслайди.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг муқаддас зиёратгоҳлар таъмирланиб, уларнинг аҳоли орасидаги эътибори янада кучайди. Қадриятларимиз ва урф-одатларимиз тикланди. Муқаддас зиёратгоҳларда ётган уламоларнинг ЮНЕСКО томонидан юбилейлари нишонланиб келинмоқда. Шу боис Бухородаги Абу Ҳафс Кабир мажмуаси мустақиллик йилларида таъмирланиб, гўзал зиёратгоҳга айлантирилди. Ҳазрати Имом дарвозаси қайтадан тикланди.
2009 йилда Бухоро вилояти ҳокими ташаббуси билан Ҳазрати Имом мақбарасида кенг кўламда таъмирлаш ишлари олиб борилди. XVI асрда қурилган хонақоҳ, ҳовуз, минора ва меҳмонхона қайта таъмирланди. Ҳазрати Имом мозорида олиб борилган қурилиш ва археологик қазишмалар жараёнида қабр устига қўйиладиган қабртош (сопoлдaн ишланган ғишт бўлаклари) топилди. Бундай қабртошларда дафн этиш анъанаси VIII-X асрларга мансуб бўлиб, ундаги ёзувларнинг аксарияти сақланиб қолинмаган. Ўша даврга оид бу турдаги топилмалар Ўрта Осиё қазилма ёдгорликлари орасида камдан-кам учрайди.
Биринчи қабр тошидаги ёзув насх хатида, диакретик белгилари йўқ. Бу қабртош Абу Ҳафс Сағирнинг қабр тоши бўлиб, хати сомонийлардан кейинги даврга тўғри келади.
Иккинчи қабртош эса ноёб ҳисобланиб, бугунги кунга қадар Марказий Осиёда топилган қабртошларнинг энг қадимгиси ҳисобланади. Ундаги ёзув куфий ҳатида бўлиб, тоҳирийлар ёки сомонийларнинг илк ҳукмронлик қилган даврига бориб тақалади. Бу қабртош IX аср ўрталарига мансуб бўлиб, Абу Ҳафс Кабирнинг вафот этган йилига тўғри келади. Шунинг учун иккинчи қабр тоши Абу Ҳафс Кабирнинг қабри устига қўйилган бўлиши ҳам мумкин. Мазкур топилма олим дафн этилган жойдан топилганлиги бунга далил бўла олади. Балки унинг ўғиллари ёки шогирдларидан бирининг қабртоши бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ушбу топилмалар Бухоронинг буюк олимлари тарихига яна бир янги саҳифани очади.
Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг шахсияти ва фаолияти ҳали кенг ўрганиладиган мавзулардан бири бўлиб, у ҳақда кўплаб тадқиқотлар қилиш мумкин. Ҳанафий мазҳаби манбаларининг аксариятида бу олимдан иқтибослар келтирилади. Олимнинг “Китобу-т-тахриж”, “Фавоид”, “Фатово”, “Масоил” ва бошқа асарларини излаб топиб, илмий истеъфодага киритиш долзарб вазифалардан саналади.
Чиқирчи жоме масжиди имом хатиби
Бозоров Ваҳоббиддин Нуриддинович
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1.Аҳмад ибн Маҳмуд. Мозороти Бухоро. Қўлёзма. – B. 94.
2.Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф Самарқандий. Салоти Масъудий. ЎзР ФАШИ асосий фонди. № 4041. 1333 й.- 244в.
3.Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катоибул-аълом ал-ахйар мин фуқаҳои мазҳабин-Нуъмон ал-мухтор. ЎзР ФА ШИ қўлёзма. № 91/II.
4.Султон Муҳаммад ибн Қаландаршоҳ. Рисолайи Султоний.
5.Зандавистий. Равзату-л-уламо. Қўлёзма. – B. 14.
6. Абдуллоҳ Субазмуний. Кашфу-л-осор. ЎзРФАШИ Асосий фонд Қўлёзма. №3105. 749/1348 йилда кўчирилган.
7.Алоуддин Бухорий. Ҳайрату-л-фуқаҳо. ЎМИ кутубхонаси. Қўлёзма. № 934.
8.Хожа Муҳаммад Порсо. Фаслу-л-хитоб. ТИА манбалар хазинаси. Тошбосма №34.
9.Абдулҳай Лакнавий. Фавоиду-л-баҳийя. УЗР ФАШИ. Асосий фонд. Тошбосма. №6855.
10.Сўфи Оллоёр. Маслаку-л-муттақин. Манбалар хазинаси. Қўлёзма. №161.
11.Ал-Ёқутий. Талхису-л-осор. Қўлёзма. – B. 54.