Одамлар мазҳабсизлик йўлини тутсалар нима бўлади?
ХХ аср сўнгида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлдики, у ҳам бўлса, мазҳабсизликка чақирувчилар тоифасидир.
Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эьлон қилаётган мазкур тоифадаги шахслар Қурьон ва Сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофга замин бўлиши ва бу ислом бирлигига раҳна туғдиришини жар солмоқдалар. Ислом дини пайдо бўлганига ХIV аср бўлибдики, бу динни қораловчилар, ўзларини қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланувчиларнинг сони кундан-кунга турли холатлар билан намоён бўлиб бормоқда.
Ҳаракат тарафдорларининг даьвочиси “Исломда унга эьтиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс бирор бир шарьий масалада улардан бирининг йўлини лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади” деган иддао билан барчани тўғри йўлдан адаштиришга харакат қилмоқда. Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгини Китоб (Қурьон) ва Суннат туриши лозимлигини таькидлашади. Уларнинг фикрича “Бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса Китоб ва Сунна таьлимотидан кўра, кўпроқ шахсларнинг ижтиҳод фикрларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар хижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эьтиборидан, бидьат ишлардан саналиб Сунна таьлимотига кўра хар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожааат қилганлар. Улар бирор бир масалада Қурьон ва суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эьтибор қаратиладиган, эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор бир мужтаҳид имомга тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб уларни Рабб қилиб олишдир” дейдилар.
Одамлар мазҳабларнинг занжиридан, уларга қарам бўлиб қолишдан тийилиб ижтиҳод майдонида сайр қилишса нима бўлади?.
Агар ҳамма одамлар саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига амал қилишдан воз кечишса нима бўлади?
Албатта, бу ишнинг орқасидан содир бўладиган нарса бу шубҳасиз шу одамлар учун ҳалокатдан бошқа нарса бўлмайди. Одамлар уйларини обод қиламан деб хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб ўз жонларини ҳалок қиладилар. Бунга сабаб шуки улар ижтиҳод ўз ўрнига қўя билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб уни татбиқ қилдилар, одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам беришлик, илм ўрганишлик ва тўғри йўлни топишда бир бирлари билан боғлиқликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннати санияларига бепарволик қилдилар.
Бу ҳақиқатни ҳамма билади. Ҳатто мазҳабсизликка чорлагувчиларнинг ўзлари ҳам биладилар. Бироқ ана шу одамлар айни қонунни дийний мутахассисликлар, ҳалол-ҳаром ҳақидаги аҳкомлар борасида нима учун англаб етмайдилар?! Биз билмаймиз!
Бугун бизларда одамларнинг якка ва жамоат тарзидаги барча ҳолатларига алоқадор такомилига етган бир фиқҳ борки уни мужтаҳид имомлар ва уларнинг уламо издошлари излаб топишган ва ёзиб кетишган. Зеро бугун у кўз ўнгимизда намоён бўлиб аниқ бир сўз билан бизга “сизлар билан ижтимоий, жиноий ва бошқа муаммоларингизда ушбу фиқҳни татбиқ қилишингизнинг ўртасида фақатгина уни ўзларингиз учун афзал бўлган қолипга солишингиз бор холос!”, деб турибди. Биз агар ана шу фиқҳий бойлигимизни ҳар бир мусулмон учун ижтиҳод қилиш ихтиёрига бериб қўядиган бўлсак ушбу фиқҳнинг тақдири шамоллар учириб юрган қуруқ ҳашакларнинг тақдири каби бўлиб қолган бўларди.... қарасак мустаҳкам фиқҳ иморатимиз хароб бўлган, деворлари уёқ- буёқларга парчаланиб сочилиб кетган бўлади. Ва бу фақатгина такаббур кимсаларгагина шубҳа қиладиган натижадир, холос.
Бугунги кунда мусулмон киши учун намоз, рўза, закот ва шахсий ҳаётида учрайдиган дийний муаммоларнинг ҳукмларини тўртта мазҳаблардан бирортаси асосида ёзилган кичкинагина бир китобчани ўқиш орқали тушуниб олиши учун кенг имкониятлар мавжуд. Модомики мужтаҳид эмас эканми саҳоба ва тобеъийнларнинг улуғларидан фатво сўраган кўпгина одамлар сингари ҳукмларни англаш ва уларнинг далилларидан хабардор бўлиш унинг учун шарт эмас.
Бирор мазҳабни тушунмаслик ёки унга амал қилмаслик бу кишининг ўз эътиқодига киради, бу биз учун муоммо эмас бироқ биз рад этаётган ва бизни ташвишга солаётган нарса шуки ана шу одамлар ўзлари амал қилаётган фикр ва қарашларини мазҳаббоши имомларга қарши курашиш ҳамда улар билан мусулмонлар оммасининг ўртасидаги мустаҳкам алоқани кесиб ташлаш, ҳозирги кунда уларнинг кўплари қилаётгани каби масжидлар-у маҳаллаларда бўладиган барча маросимларда фитналар қўзғашлик учун ўткир қурол қилиб олишларидир.
Аллоҳнинг йўлига ва динига даъват қилишни тарк қилиб қўйганлар, нотўғри йўлда юрганлар ва уларнинг залолат, шубҳа ва адашишлари билан ишлари йўқ. Аммо ўзларининг ижтиҳодларига қарши иш қилган ёки тўртта имомлардан бирининг мазҳабини бардавом ушлаган ёхуд ижтиҳод қилишга қодир эмаслигини ва тақлид қилишга муҳтожлигини ошкора айтган ҳар қандай диндор билан охири йўқ бўлган тортишувлар қиладилар ва охири улардан нафратланиб залолатга кетганликда айблайдилар, имомларини жоҳилга чиқарадилар, уларнинг китобларини эса занг босган ва ҳақ йўлдан оғишган деб сифатлайдилар!!
Бирор одамни қўлида тасбиҳ билан ўз зикрдаги вазифаларини бажариб ўтирганини кўриб қолсалар уни аҳмоққа чиқарадилар ва залолатга кетган бидъатчи деб атайдилар. Азон айтганидан сўнг муаззин Расул алайҳис саломга ошкора тарзда саловот айтса уни мушрикка чиқарадилар ва қайтиб бу ишни қилишдан огоҳлантирадилар.
Биз аҳли сунналарни ҳам ўз эътиқодимизча тақлид қилибми ёки ижтиҳод қилибми намоз ўқишимизга қўйиб берсалар уларга нима зарари бор?!
Уларнинг бор йўқ мақсадлари мужтаҳид имомлардан бирортасининг мазҳаби асосида амал қилмасдан туриб ҳам Китоб ва Суннатдан шариат аҳкомларини англаб олишга қудратимиз етади деб даъво қилиш эмасми ахир?! Мана биз, мисол учун уларни ўша ишларни қила оламиз, деб даъво қилишлари учун ўз ҳолларига қўйиб қўйдик. Токи ўзлари учун –ўзлари истагандек- янги, ўша тўртта мазҳаблар билан ёнма-ён турадиган ва ибодатга доир масалалардан атига ўнтагинаси узра барпо бўладиган олий бир мазҳабга қўлларидан келса албатта асос солсинлар, ўзлари истаганларидек қилиб ана шу масалаларни айлантирсинлар ва имомларнинг фиқҳ ва ижтиҳодларидан ўзлари қанча истасалар шунча узоқлашсинлар!
Бироқ ана шуларнинг барчасидан кейин ҳам нима учун бошқаларни жоҳилга, аҳмоққа ва залолатга кетганга чиқаришади?!
Нима учун тўртала мазҳаббоши имомлар ва уларнинг кўплаб асарлари, ижтиҳодлари-ю уларга тақлид қилгувчиларни ёмонлайдилар ва масхара қиладилар?!
“Абу Ҳанийфанинг хатолари” деб атаётган нарсаларни ахтаришлик билан вақтни бекорга зоеъ қилишнинг нима кераги бор?!
Мажлисларда Шофеъийга таъна қилиш, киши зино йўли билан туғилган валади зино қизига уйланиши дуруст деб фатво бергани учун унинг фиқҳини масхара қилиш нима учун?! Агар у Шофеъий ўзининг “ал -Умм” китобида бу тўғрида айтган гапларини ўқиган бўлганида эди албатта ўзининг ғароиб жоҳиллигидан нафратланиб кетган бўлар эди!
Модомики мусулмоннинг ижтиҳод қилишга қурби етмас экан мужтаҳид имомлардан бирортасига тақлид қилмоғи зарур. Бемазҳаблар далил- ҳужжатларни орқага ташлашни, кейин ҳаммани лаёқатлари йўқ бўлса ҳам ижтиҳод қилишга, ўзларидан олдин миллионлаб мусулмонлар эргашиб келган мужтаҳид имомларга тақлид қилишдан воз кечишга ундаб, бу ишлари билан Аллоҳнинг шариайъатини ўзларининг ҳар хил хаёллари ва гумонлари орасида парчалаб ташлаб, ҳалол-ҳаромга доир аҳкомларни Китоб ва Суннатдан ўзлари тушунган ва хаёл қилгандек чиқариб олишга чорлашни қайси бир холис инсон жоиз деб биларкин?!.
Ҳар хил даражадаги одамларнинг олдига ижтиҳод эшигини ланг очиб қўйишлик бу шубҳасиз Исломга ва ислом шариатига кўз тикиб турганлар учун ижтиҳод пичоғи билан уни парча-парча қилиб ташлашларига имконият яратиб бериш эканлигини қайси одам билмайди?! Бугун ижтиҳод пичоғи билан Исломнинг аҳкомларини пора-пора қилиб ташлашга тайёр турган қўллар кеча шу ишни қилиб кетган қўллардан чандон-чандон бугун кўпроқлигига шубҳа йуқ.
Бугун уша бемазҳаблар, мусулмонларнинг энг покиза имомлари тузиб кетган, улардан мусулмонлар авлодма-авлод қабул қилиб келган барқарор аҳкомларни ўз ҳолига қўйиб, ҳали ҳеч бир имом назар қилмаган ва баҳс юритмаган, мусулмонлар оммаси Аллоҳнинг улар тўғрисидаги ҳукмларини билмаганликларидан шикоят қилиб юрган янги пайдо бўлган масалаларда ижтиҳод қилиш учун енгни шимармоғлиги зарур. Агар улар ижтиҳод қилиб бирор натижага эришса ва натижалари Китоб ва Суннатдаги масалага муофиқ бўлса, улардан аҳкомларни қандай қилиб чиқариб олганини кўрсатса ана шунда биз уларга тўртала имомларнинг ихтиёрини топширамиз ва ўз ижтиҳодлари билан уларнинг ижтиҳодларини насх-бекор қилишларига қўйиб берамиз ҳамда ҳамма одамларни уларни қўйиб ушаларга эргашишларига чақирамиз, лекин аниқки улар бу нарсага эришолмайди.
Ҳақиқатан олиб қарайдиган бўлсак улуғ алломалар ўзлари агар фалончи бўлмаганида адашиб кетар эдим деб турсалару илми йўқ жоҳил инсон эса тақлид қилиш эргашиш йўқ деб ўзича ҳукм чиқаришга харакат қилса, шубҳасиз мана шу нарса оқибатида кейинчалик турли ихтилофлар, фитналар кўпайиб кетиши турган гап.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзини динида собитқадам қилсин. Мусулмонларимизни турли фитна ва алдовлар қурбони бўлишидан Аллоҳ таолонинг ўзи асрасин!.
“Абу Ҳафс Кабир” жомеъ масжиди имом хатиби: А Абдуллаев.
«орқага