Миссионерлар найранги
12 сентябр 2017 й.
2528 марта ўқилди.

Миссионерлар найранги

Бугунги кунгача Ўзбекистон халқи бошидан кўп қийинчиликларни ўтказди. Асли ва негизи мусулмон бўлган аҳоли турли босимлар остида қолиб кетди. Собиқ иттифоқ даврида худосизлик босими, мустақилликка эришгач Исломга зид ва қарши бўлган турли оқимлар ҳамда Христиан динидан кириб келган миссионерлик ҳаракатлари босими. Четдан қаралса турли оқимлар ва миссионерлар ҳеч бир босим ўтказмагандек туюлади. Лекин эътиқоди ўзгариб қолаётган ёшлар қайтиб тўғри эътиқодга киришининг ўзи маънавий босим эмас-ми?! Бир нарсани йўқотиб қайта уни топишга кетган ҳаракат, қувват ва вақт маънавий босим эмас-ми?!

Шундан келиб чиқиб, миссионерлик  ҳаракати тўғрисида бизни ўзига жалб қилган маълумотларни етказишликка уриндик. Уларнинг найранги оқибатларини очишни мақсад қилдик.

Аслида “миссионерлик” атамаси – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш маъносида келади. Миссионерлик асосан, христианлик динига хос бўлиб, бу ҳаракат Византия империясида христианлик дини давлат дини сифатида эълон қилинганидан бошлаб олиб борилган. Бу ҳаракатнинг илк намоёндалариЕвропа ва Яқин Шарқдаги кўп худоликка сиғиниб келаётган аҳолини якка худоликка даъват этишни ўз олдиларига мақсад қилишган. Кейинчалик эса мақсад ўзгара бошлайди. Ҳозирги кунда мамлакатнинг 80% - 90% аҳолиси якка худоликни даъво қилиб турган давлатларда ҳам улар миссионерлик ҳаракатини олиб боришмоқда.

Христиан миссионерлик ташкилотларининг мақсадлари асосан уч нуқтага қаратилган:

                  I.            Халқларни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб мамлакатлари таъсири доирасига тушуриш.

               II.            Халқлар ўртасида ўз эътиқодига шубҳа уйғотиш, ишонч ва эътиқоддан юз ўгиртириш ва ундан чиқишига олиб келиш.

            III.            Хриситианликни қабул қилганларни ўз эътиқодида қаттиқ туришини таъминлаш ва шу орқали уларнинг сафини “янги христианлар” билан тўлдириш.

Бу мақсадларга эришиш учун улар ҳеч нарсани аямайдилар ва доимо ўз услуб ва методларини такомиллаштириб борадилар. Улар қуйидагиларни ўз мақсадлари йўлида фойдаланадилар:

-         Хайрия ёрдамларини кўрсатадилар. Моддий ёрдам, тиббий ёрдам, озиқ-овқат билан таъминлаш ҳам киради.

-         Бепул христианликни тарғиб қилувчи китоб ва рангли журналларни тарқатадилар.

-         Тиббий соҳа, касб-ҳунар ва таълим-тарбия соҳаларига махсус кадрларни юборадилар.

-         Миссионерлик руҳидаги кутубхона, инглиз тили ва компютер дарсларини ўргатувчи ўқитувчи ва хоналарни ташкил қиладилар.

-         Сафларига қўшилган “христианларни” чет элга пул топиш мақсадида юборадилар. Аслида эса, уларни янги миссионер қилиб, тайёрлаб қайта юртига жўнатадилар.

Миссионерлар ижтимоий қатламнинг асосини ташкил қилган ёшларга алоҳида эътибор қаратишади. Улар учун қулай ҳамда шароити мукаммал бўлган турли лагерлар ташкил этишган. Охирги манбаларга кўра, дунё бўйича 300 дан ортиқ лагерларига эгалар. Мисол учун Қозоғистон мамлакатида “Нива” номли лагерда 5 йил давомида 3000 та бола дам олганлиги қайд этилган. Унда дам олганларнинг 80% динга эътиқод қилмайдиган оилалар фарзанди бўлган. Лагер дастурига кўра мавсум тугашига бориб (15 кунда), дам олувчиларнинг ярми Исо Масиҳни тан олган.

Миссионерлар иш услубида маккорлик энг аввалги ўринни эгаллайди. Буни мамлакатимизда олиб борган ишларидан ҳам билиб олсак бўлади. 2002 йили рамазон ойи яқинлашганида улар ўзбекча “Муборак Рамазон ойи - 2002” номли тақвим-буклет (Олмаотада босилган) тарқатишди. “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” деб бошланувчи бу тақвимда “Рўза ҳақида” дейилиб, Инжил китобидан иқтибослар келтирилган. Оғиз ёпиш ҳамда очиш дуолари, деб ҳам Инжилдан қандайдир парчалар берилган. Буклетнинг иккинчи бетида мусулмонлар тақвимига кўра, оғиз ёпиш, ифторлик ва намоз вақтлари кўрсатилган. Макру ҳийлани қаранг! “Бисмиллоҳ..”, Рамазон ойи, рўза тартиблари, рўза вақти, намозлар - буларнинг ҳаммаси мусулмонларники бўлса-ю, қолган парчалар Инжилдан ёзилса!?

Шунингдек, миссионерлар ахлоқ-одобни яхшилаш билан шуғулланмайди. Балки бузуқлик ва ахлоқсизлик улар учун оддий ҳол. Улар янги кирган христианлар учун турли тунги “дискотекалар”ни, ҳар хил ахлоқсиз ўйинларни, ресторан ва тунги клубларни очиб қўйиб кўнгил хушликка даъват қилишади.

Миссионерлар макри билан танишиб қолган кишида: “Уларнинг бу ишларидан асосий мақсад нима?”– деган савол туғилади. Бу берилган саволга шундай жавоб берамиз:“У ҳам бўлса - сиёсий мақсаддир”. Минг йилдан буён аждодлари мусулмон бўлган, бугунги кунда ҳам авлоди шу динга ихлос қўйган, урф-одати, тарихи бир-бири билан уйғунлашиб кетган халқимизни парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли туман сиёсий ва иқтисодий босимлар ўтказиб, хотиржам яшашга йўл қўймасликдир.

Миссионерларни ортида туриб, катта маблағ билан таъминлаб турган, ахборот ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган кимсалар бу диёр фарзандларини маънавиятини йўқотишга ҳаракат қиладилар. Бунда ўзларини жон куяр одам қилиб кўрсатиб, “тузоқ”қа илинганлардан фойдаланадилар. Бунга содир бўлган воқеани мисол сифатида айтишимиз мумкин. Ўттиз йил олдин Индонезия давлатининг Шарқий Тимор қисмига миссионерлар кириб жойлашишди. Мазкур ҳудудда шиддат билан одамларни христианлаштиришга уринишди ва мақсадларига ҳам эришишди. Орадан йигирма беш йил ўтгач ҳудудда мусулмонлар ва христианлар орасида чиқарилган тўполондан сўнг бутун Ғарб олами ва уларнинг оммавий ахборот воситалари бир овозда оёққа туришди. Оқибатта эса улар Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олишди. Ажратишга ёрдам берган кимса эса “Нобел” мукофоти совриндори бўлди.Шарқий Тимор ўзининг катта захирага эга бўлган нефт ва гази билан машҳур бўлган. Миссионерлик ҳаракатидан мақсад эса шу бойликка эга бўлиш эди. Ҳозирги пайтда Шарқий Тимор энг камбағал давлатларнинг бири ҳисобланади.

Миссионерларнинг “жонкуярликлари” ва “ғамхўрликлари” ортида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Виждон эркинлигини таъминлаш” каби сиртдан чиройли кўринувчи шиорлар ниқоби остида оддий давлат органларидан тортиб то давлат раҳбарларининг ишларига аралашиб, мустақил давлатни бошқарувига йўл қўймасликни мақсад қилишган. Жамиятнинг бир соҳасига аралашиб, асабий ҳолатни сақлашга уринишади.Уруш ва жанжалга сабаб бўлишади.

Демак, бу ишларнинг динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режалаштирилган макр-найранг услуби. Уларда фақат диний мақсад бўлганида эди, ташвиши ҳам оз бўлар эди.

 

Бухоро шаҳар “Мавлоно Шамсиддин Маҳбубий”

жомеъ масжиди имом-хатиби Б. Манзитов

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:17
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram