ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ
08 октябр 2022 й.
731 марта ўқилди.
ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз!...” (Нисо сураси, 29-оят).
Яъни, ҳиндларнинг жоҳилларига ўхшаб, ўзингизни-ўзингиз ўлдирмангиз ёки ўзингизни ҳалокатга ташламангиз.
Мазкур фикрни Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) бу оятни совуқ (шамоллаш) хавфи бўлганида таяммум қилишга таъвил этганлари ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бунга эътироз билдирмаганлари тасдиқлайди.
Ёки қатл этилишига сабаб бўладиган жиноятни қилмангиз, маъносида.
Айрим уламолар: “Ўзларингиз”дан мурод диндошлардир. Зеро, мўминлар битта жон кабидир. Шунга кўра, оят бир-бирингизни ўлдирмангиз, деган маънодадир”, дейишган.
“...Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”(29-оят).
Яъни, сизларга бошқача меҳрибон бўлгани туфайли баъзи ишларни буюради ва айрим амаллардан қайтарди.
“Кимда-ким шу (қотиллик)ни адоват ва зулм юзасидан қилса, албатта, Биз уни дўзахда куйдирамиз. Бу (эса) Аллоҳга осондир” (30-оят).
Яъни, ким Аллоҳ қайтарган ишларни қилса, жумладан ботил йўллар билан мол еса ёки ноҳақ қон текса, Аллоҳ уни дўзахга маҳкум қилади.
Жундуб ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Сабрсизлик қилиб пичоқ олди-да, қўл (томири)ни кесди ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди” (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Ким заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарни тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад ўзини заҳарлайди. Ким ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темир тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради” (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Собит ибн Заҳҳоқдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. Ким бир мўминни кофирликда айбласа, уни қатл этгандек бўлибди. Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёмат куни ўша нарса ила азобланади” (Имом Бухорий, Муслим ва ривояти).
Бир киши жароҳатининг оғриғига чидолмай, ўлимини тезлатиб, қиличининг тиғи билан ўзини ўлдирди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у ҳақида: “У дўзах аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва ривояти).
Аллоҳ таолодан бизларни ҳидоятига йўллашини, нафсимиз ёвузлиги ва амалларимиз ёмонлигидан сақлашини сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли, мағфиратли ва раҳмли Зотдир.
Вобкент тумани “Анжир Фағнавий” жомеъ масжиди
имом-хатиби Ғолиб домла Очилов
имом-хатиби Ғолиб домла Очилов
«орқага