СИЛАИ РАҲМНИ УЗМАНГ!
24 ноябр 2021 й.
56 марта ўқилди.

 
СИЛАИ РАҲМНИ УЗМАНГ!

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда «силаи раҳм» дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди.
Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَىٰ وَيَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ ۚ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

«Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур». 
(Наҳл сураси, 90-оят).
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу айтади: «Арафот кечасида Пайғамбар алайҳиссалом билан ўтирган эдик. Шунда у зот айтиб қолдилар:
– Бугун кечаси силаи раҳмни узган киши мен билан ўтирмасин, орамиздан кетсин.
Давранинг четида ўтирган бир киши ўрнидан туриб, чиқиб кетди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, у киши қайтиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом:
– Нима учун даврамиздан туриб кетдинг? – дедилар. У айтди:
– Эй Аллоҳнинг Расули, сиздан бояги гапни эшитиб, холамникига бордим. У киши билан жанжаллашиб, орамиз бузилган эди. Борганимдан кейин холам менга: «Нимага келдинг, бу сенинг одатинг эмас эди-ку?» деди. Мен сиз айтган ҳадиснинг хабарини бердим. Мендан кечирим сўради, мен ҳам ундан кечирим сўрадим».

Пайғамбар алайҳиссалом:
– Яхши қилибсан, кел, жойингга ўтир! – дедилар. Сўнгра:
– Огоҳ бўлинглар, силаи раҳмни узган қавмга Аллоҳнинг раҳмати тушмайди! – деб огоҳлантирдилар.

Ибн Умардан ривоят қилинади: «Ким Аллоҳдан қўрқса, силаи раҳм қилса, унинг умрига умр қўшилади, моли кўпаяди ва аҳли уни яхши кўради».

Шарҳ: Бу ривоят ҳам аввалги ҳадиснинг ўзи бўлиб, бошқа кишилар томонидан ривоят қилинган. Ҳадис уламолари ўз ривоятларини таъкидлаш учун бир ҳадис матнини бир неча санад билан қайта-қайта келтиришни одат қилишган.

Ибн Умардан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Роббидан қўрқса, силаи раҳм қилса, унинг ажали кечга сурилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради», дедилар».

Шарҳ: Бу ерда ҳам силаи раҳм қилган одамга нафақат у дунёда, балки бу дунёнинг ўзида ҳам яхшиликлар бўлиши таъкидланмоқда. Демак, силаи раҳм умрни зиёда қиладиган, ажални орқага сурадиган, ўз аҳлининг, яъни қавм-қариндошларининг муҳаббатига сазовор қиладиган нарса экан. Шунинг учун силаи раҳмга, қариндошларга яхшилик қилишга катта эътибор беришимиз лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таолога тақво қилган ва силаи раҳм қилган кишининг умри узоқ бўлиши.

2. Аллоҳ таолога тақво қилган ва силаи раҳм қилган кишининг моли кўп бўлиши.

3. Аллоҳ таолога тақво қилган ва силаи раҳм қилган киши аҳлининг, яъни барча яқинларининг муҳаббатига сазовор бўлиши.

Абдулбосит домла Раҳимов
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:50
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram