СОХТА СЎФИЙЛАР
Сўфий сўзининг келиб чиқиши ва ҳақиқий сўфилар. Сўфийлар деб аслида тасаввуфга эргашган солиҳ инсонларга нисбаттан айтилади. Чунки , улар Аҳли суннати вал жамоанинг покиза эътиқодидан чиқмаган ҳолда, доимо қалбларини ғафлатдан ҳимоя қилиш билан машғул зотлар ҳисобланади. Бу таълимот ҳижрий иккинчи асрда юзага келган. Сабаби ўша даврда бир тоифа аҳли илмлар дунёга ҳаддан зиёд берилиб кетмаслик мақсадида, ўз нафсларини тарбиялаш учун ва дин ишлари сусаймаслиги ғамида, ўзлари учун доимий тақво ва ибодатни лозим тутдилар. Ва ўша даврда ҳеч ким эътиборга олмайдиган матодан ўзларига қийим қилиб кийишга одатландилар. Бу мато сувф-жун бўлиб, кўпчилик олимлар “сўфий” сўзи шундан олинган дейишади. Бу мато майин бўлгани учун ҳам барча асрларда обидларнинг хос кийими ҳисобланган. Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда “Бадр уруши қатнашчиларидан етмиштасини кўрганман, барчасининг кийими фақат жундан эди”, дейилган. Сўфийлар нафсларини ана шудай камтаринлик ва оддийлик йўллари билан тарбия қилганлар. Шу билан бирга улар динимизнинг одоб ахлоқга доир барча кўрсатмаларига имкон қадар амал қилишганлар.
Тасаввуф йўли. Сўфийлар тасаввуф йўлиган эргашган одамлардир. Тасуввуф илми эса, шаръий одоблар ила зоҳирда туриб унинг ҳукмини ботинда кўриш. Шунингдек, шаръий одоблар ила ботинда туриб унинг ҳукмини зоҳирда кўриш. Шунда одобланувчи учун икки ила камол ҳосил бўлади. Баъзи олимлар тасаввуфга изоҳ бериб: “У бир мазҳаб бўлиб, мақсади қалбни Аллоҳдан бошқадан ҳоли қилиш, Ҳолиққа ихлос ила ибодат қилиш ҳамда Ундан бошқасидан ажралиш ила руҳни қудусият оламига олиб чиқишдир”, деганлар. Тасуввуфга берилган изоҳлардан “сўфий” диний ишларнинг барча одобларини жойига қўядиган, динда ҳаддан ошмайдиган, Ҳақни ҳам ҳалқни ҳам ҳурматини жойига қўядиган гўзал мақомдаги бир киши эканлиги келиб чиқади. Тасаввуф шариат кўрсатган доира асосидадир. Шундан ташқари чиқиш ёки ундаги нарсаларга амал қилмаслик тасаввуф ҳисобланмайди. Шаръий илмларни маълум миқдорда яхши ўзлаштириб, кейин тасаввуф йўлига кирган киши ҳақиқий сўфилик мақомига эришиши мумкин. Имом Молик роҳимаҳуллоҳи алайҳ бу ҳақида: “Фиқҳни ўрганмасдан тасаввуф билан шуғулланган киши диндан чиқади, зиндиқ бўлади. Фиқҳни ўргангану лекин тасаввуфдан хабари бўлмаган одам эса , бидъат аҳли бўлади. Ҳар иккаласини ўрганган инсон ҳақиқатга эришади.” , деб ўтганлар.
Ҳақиқий ва сохта шайхлар орасидаги фарқ. Кейинги пайтларда шаръий илмларни яхши билмай туриб, тасаввуф йўлига кириб олганлар кўпайиб кетмоқда. Уларнинг баъзилари ўзларни тасаввуф билимдони ва йўл кўрсатувчиси “Шайх” ,“Муршид”(устоз) ёки “Пир” деб даъво қилса, айримлари эса уларнинг илмсиз равишда олиб бораётган фаолиятларига эрганшиб, айтаётган барча гапларига сўзсиз ишониб, уларга “мурид”(шогирд) тушишмоқда. Ҳар бир нарсанинг аслини билиш учун унинг ҳақиқатига эътибор қаратиш афзал саналган. Тасуввуф илмини ҳам ҳаммадан ўрганиб, бўлмайди. Акс ҳолда инсон динда адашиб, ёмон оқибатларга рўбарў бўлиши, баъзи сохта шайхлар ҳатто диндан ҳам чиқариши мумкин. Баъзилар ҳақиқий муршидлик сифатига эга бўлган кишини яхши билмаганлиги сабабидан, сохта шайхларга мурид тушиб динда адашиб юришади. Шу сабабдан ўзлари ҳам сохта сўфига айланиб қолишганини билмай қолишади.
Ҳақиқий шайхнинг сифатлари. Тасаввуф илмнинг билимдони бўлган ҳақиқий устозни танлаш ва бу йўлда адашмалик учун эса муршиднинг бир неча сифатларига эътибор қаратиш муҳим саналади. Булар қуйдагилар:
Биринчиси- Муршид тирик Шайхни кўрган бўлиши керак. Унинг устозининг силсиласи эса Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга етиб бориш, ундан кейин эса унга Шайхи шу илмни ёйишликка ижозат берган бўлиши муҳим.
Иккинсиси- Муршид худди шу силсила ила диний илмларни олган бўлиши керак. Яъни, унга Исломий илмлар бўлмиш ақида, фиқҳ, ҳадис, тафсир каби диндаги муҳим илмларни ўргатган устозининг юқоридаги устозларининг силсиласи Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга етиб тақалган бўлиши керак. Мисол бир ҳадисни тушунтириш учун уни “Саҳиҳул Бухорий” ёки “Саҳиҳул Муслим” каби ҳадислар тўпламидан ўқиб беришнинг ўзи етарли эмас. Улардан хукм чиқариш илмларини ҳам билиш керак. Ҳеч вақтда ҳадисдан далил келтириб, унга маъно берган кишининг шу ҳадисдаги тушинчаси уни Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилиб келган ровийларникидан фарқли бўлиши мумкин эмас. Балки , ҳадисни айтганда у зот нимани ирода қилган бўлсалар бошқалар ҳам шуни тушиниши керак. Яъни муршид шаръий илмларнинг яхши билувчи киши бўлиши керак.
Учинчиси – Муршид ақидада аҳли суннати вал жамоанинг тан олинган имомлардан Абул Ҳасан Ашъарийнинг ёки Абу Мансур Мотуридийнинг йўлларидан бирини тутган бўлиши керак. Мазҳабда эса, Ҳанафий, Шофиъий, Моликий ёки Ҳанбалий каби бутун аҳли суннати вал жамоа тан олган йўлларнинг бирида бўлиши керак.
Тўртинчиси- Илмига амал қилган, парҳезкор, одоб - ахлоқи Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари мувофиқ бўлиши керак.
Мурид юқоридаги сифатларга эга бўлган зотни муршид деб эргашса, турли хил тойилишликлардан , ақидада, амалда ҳаддан ошишдан ўзини асраган бўлади. Бу илмларга эга бўлмаган, ўзини шайх деб даъво қилаётган кишилар сохта шайх бўлиб, уларга эргашадиганлар ҳам сохта сўфилар ҳисобланади. У Шайх илми йўқлиги сабабидан нафси нимани мақулласа, шогирдларига шуни буюраверади. Ўзини ҳам шогирдларини ҳам тўғри йўлдан адаштиради. Шундай сохта шайхларга эргашганлар орасида турли хил бидъатларга эргашиш, бир амалга мутаассибларча ёндашиш, шахсга сиғиниш, қабрпарастлик ҳолатлари ва яна кўплаб шариатга зид бўлган амаллар кузатилади.
Абу Бакр ас- Сиддиқ жомеъ масжида
Имом хатиба Орифжон Тўқсанов
«орқага