ТАРИХ ЗАРВАРАҚИДАГИ ОЛИМЛАР
12 март 2021 й.
937 марта ўқилди.

 
ТАРИХ ЗАРВАРАҚИДАГИ ОЛИМЛАР
 
Айни дамда юртимизда миллий давлатчилигимиз тарихига оид ҳақиқатларни ойдинлаштириш, узоқ йиллар табаррук номи ва шони пинҳон тутилган улуғ аждодларимизнинг илмий-ижодий, маънавий-маърифий меросини халққа қайтариш йўлида қилинаётган хайрли ишлар беҳад қувончлидир. Мана шундай пинҳон ётган зотларни барҳаёт таълимотларини юзага чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан  эълон қилинган янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида Учинчи Ренессани юзага келтириш ғоясига замин яратади. Бу жараёнда “буюк мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий ва маданий меросини фундаментал асосда ўрганиш” вазифаси муҳим ўрин тутади. Халқимизда етти пушти, аждодларининг истиқоматгоҳи ва фаолияти тарихидан хабардор инсонларга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлинади. «Одамзод борки, авлод-аждоди кимлигини, насл-насабини, ўзи туғилиб вояга етган қишлоқ, шаҳар, хулласки, Ватанининг тарихини билишни истайди». Зеро, бу туйғу инсоннинг қадим бобокалонлари ва энг муҳими, ўз Ватанига чуқур ҳурмати, эътиқоди рамзидирБинобарин, пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларидан бирида: 
«Қариндошлик алоқаси бўлган насабларингизни ўрганинглар, чунки сийлаи раҳм  қариндошлар орасида меҳрни уйғотади ва молингиз кўпайишига сабаб бўлади ҳамда сизни яхшилик билан эслайдилар», – дея уқтирилади. 
Мусулмон оламида VIII–XII асрларда машҳур бўлган уламолар ҳақида мухтасар маълумот берувчи Абдулкарим ас-Самъоний «ал-Ансоб» асарида Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган алломаларга оид  қимматли маълумотларидан келтириб ўтади.
Аз-Зомининий. 
Зомин  («Зомиж» деб ҳам айтилади) – Самарқанд ноҳиясидаги шаҳарча. Бу ерда янтоқдан (таранжабин ) олинадиган шакар тайёрланади. Исрофил аз-Зоҳид аз-Зоминий бу нисбат билан машҳурдирлар. Бу киши тасаввуф шайхи ва зоҳид эдилар. Муҳаммад ибн Ҳамдавайҳ ас-Самарқандийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Шоҳ ас-Самарқандий ал-Фақиҳ ҳадис ривоят қилганлар. Абу Бакр Жамоҳир ибн Али аз-Зоминий Зоминнинг қозиси ва шайхи эдилар. Самарқандга келганлар. Шайх Бишр ибн Мусодан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ас-Самарқандий ҳадис ривоят қилганлар ва илм ўрганиб, Зоминда ҳадислар ёзиб олганлар. 
Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад ар-Розий аз-Зоминий - асли Рай аҳлидан бўлиб, Зоминда яшаб, шу ерда вафот этганлар. Муҳаммад ибн Айюб ва Ҳусайн ибн Аҳмаддан ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 302 (милодий 915) йилда Зоминда вафот этганлар. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Асад аз-Зоминий ҳам шу шаҳарчадан бўлиб, Абул Аббос ал-Мустағфирий нинг дўстларидан эдилар. Улар илм талабида Хуросонга бирга сафар қилганлар. Кейинчалик бир ўзлари Ҳижоз ва Ироқда бўлиб, илм ўрганганлар. Зоминда Абул Фазл Илёс ибн Холид аз-Зоминийдан, Марв ва Сарахс уламоларидан таълим олганлар. Ҳижрий 415 (милодий 1025) йилда Бухорода вафот этганлар. Абул Ҳасан Али ибн Абу Саҳл аз-Зоминий имом, зоҳид ва фозил кишилардан эдилар. Самарқандга келиб уламолардан дарс олганлар. Абул Ҳасан Али ибн Аҳмад ас-Санкбосийдан таълим олганлар. Ҳижрий 494 (милодий 1102) йили жумодул охир ойининг охирида Самарқандда вафот этганлар. Чокардиза қабристонида дафн қилинганлар .
Ал-Кушоний – Ушбу тахаллус билан ижод етук этган олимлар ҳам етишиб чиққан. Кушония давлати ҳозирги Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳудудига тўғри келади. Чунки Абдулкарим Ас-Самъоний “Насабнома” асарида Кушония қишлоқларидан ҳисобланган  Искарон ҳақида тўхталиб ўтиб: “Искарон-Самарқанднинг Суғд қишлоқларидан. Даббусиядан бир-икки фарсах узоқлигидаги Кушония қишлоғи ” деб келтиради. Шу билан бирга сўзимиз исботи тарзида Насабнома асарида олим Абу Ҳафс Умар ал-Бужайрий тўғрисида маълумот келтириб: “Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ал-Хушуфағний ас-Суғдий ал-Бужайрий Самарқанднинг Иштихон билан Кушония оралиғидаги жойлашган Хушуфағн  қишлоғидан” , деб ўтади. Бу қишлоқ қадимда бўлган у ердан кўпгина олим ва фозиллар етишиб чиққан. Афсуски мўғиллар босқинида кўпгина катта шаҳарлар вайрон қилингани каби бу шаҳар ҳам бузиб ташланган.
Кушония – Самарқанд ноҳиясидан ўн икки фарсах  узоқликда жойлашган Суғддаги шаҳар. Бу шаҳардан кўп олим, фақиҳ, фозил ва муҳаддислар етишиб чиққанлар. Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ал-Кушоний ал-Ҳожибий Кушония аҳлидан. Дунёда Имом ал-Бухорийнинг «Саҳиҳ ул-Бухорий» китобларини Абу Абдуллоҳ ал-Фарабрийдан ривоят қилган охирги муҳаддис олим. Жаҳонда Имом ал-Бухорийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»ларини Абу Абдуллоҳ ал-Фарабрийдан ривоят қилган бирорта ҳам ровий қолмаган вақтда – ҳижрий 316 (милодий 929) йилда оталари билан Фарабрга (Амударё бўйидаги Бухорога яқин шаҳарга) бориб, ал-Фарабрийдан Имом ал-Бухорийнинг мазкур китобларини таълим олганлар. Бу киши – кушониялик солиҳ шайх, ишончли ва машҳур муҳаддис. Бу зотдан таълим олиш учун кўп киши келарди. Абул Аббос ал-Мустағфирий, Абу Саҳл Аҳмад ибн Али ал-Абивардий, Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Бағдодий, Абу Наим Абдулмалик ибн Муҳаммад ал-Астрободий ва Муҳиб ибн Салим шулар жумласидандир. Бухородан қайтгач, икки кундан кейин ҳижрий 391 (милодий 1002) йили Кушонияда вафот этганлар. Абул Фатҳ Маймун ибн Тоҳир ал-Кушоний ал-Ҳожибий ҳам Кушония аҳлидан. Бу киши қози, раис ва имом-хатиб эдилар. Оталари Абу Аҳмаддан таълим олганлар. Ўзларидан эса Абул Қосим Убайдуллоҳ ибн Умар ал-Кушоний ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 480  (милодий 1088) йили Самарқандда вафот этиб, Чокардиза қабристонида дафн қилинганлар. Ёки ҳижрий 391 (милодий 1002) йилда вафот этганлар (китобнинг асл нусхасида шундай берилган). 
Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаззаб ал-Кушоний ҳам шу шаҳардан бўлиб, Наср ибн Муҳаммад ал-Ғунжирийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Ўзларидан эса ўғиллари имом Абул Вараъ Убайдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Кушоний ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 493 (милодий 1101) йилнинг зулқаъда ойида 78 ёшда вафот этганлар. Қози Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Кушоний имом эдилар. Самарқандга келиб «Дор ул-Жузжония»да Абу БакрАҳмад ибн Муҳаммад ал-Бухорийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Ҳуснихатга муҳаббатлари ниҳоятда кучли бўлганидан ҳатто кечқурунлари ҳам ой нурида ҳуснихат машқ қилиб, дарс тайёрлар эдилар. Кўриш қобилиятлари жуда яхши эди. Ҳижрий 443 (милодий 1052) йили 120 ёшда вафот этганлар. Абул Маолий Масъуд ибн Ҳасан ал-Кушоний имом, фозил, чиройли сийратли ва кўп хайрли иш қилувчи кишилардан эдилар. Самарқандда анча муддат имом-хатиб эдилар. Қусам разияллоҳу анҳу номли мадрасада дарс берганлар. Ҳижрий 540 (милодий 1146) йилда Самарқандда вафот этганлар. Қабрлари «Машҳади Қусам»нинг (Шоҳизинда қабристонининг) кираверишида. Ўғиллари Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Масъуд ал-Кушоний Бухорода қози бўлганлар. Абул Қосим Али ибн Аҳмад ал-Калободийдан таълим олганлар. Ҳижрий 552 (милодий 1158) йил рамазон ойининг тўртинчи кечасида, таровеҳ намозини ўқигандан кейин тўсатдан вафот этганлар. Жиянлари Абул Ҳасан Али ибн Мавжуд ал-Кушоний имом, фозил, воиз ва ҳақгуй эдилар. Амакилари Масъуд ибн Ҳасандан ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Сурхакатийдан таълим олганлар. Марвда яшаганлар, у ердаги «Хоқония» мадрасасида дарс берганлар. У кишини Марвда учратдим. Кейинчалик Бухоро ва Самарқандда ҳамда Марвда бўлганимда у зотдан баъзи нарсаларни ёзиб олдим. Мен билан Абул Ҳасан дўст эдик. Ҳижрий 480 (милодий 1088) йил рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси (яъни Лайлат ул- қадр кечаси) таваллуд топиб, ҳижрий 557 (милодий 1163) йил рабиъул аввал ойининг ўн еттинчисида, сешанба куни кечаси Марвда вафот этганлар .
Ал-Мустағфирий 
Мустағфир – боболарининг исмига берилган нисбат. Абу Али Муҳаммад ибн Муътаз ал-Мустағфирий Насаф аҳлидан. Абу Ҳафс Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ижлийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Ҳижрий 318 (милодий 931) йилда таваллуд топиб, ҳижрий 374 (милодий 985) йилнинг рабиъул охир ойида вафот этганлар. Ўғиллари Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ан-Насафий ал-Мустағфирий Насафда имом-хатиб эдилар. Бу киши фақиҳ, фозил, кўп ҳадис билувчи муҳаддис, тўғри сўз, фаҳм- фаросатли, маърифатли ва тақводорлардан бўлганлар. Ҳадис жамлаб, китоб тасниф этганлар. Хуросон, Марв, Сарахс шаҳарларида яшаганлар. Кўпроқ Абу Али Зоҳир ибн Аҳмад ас- Сарахсийдан таълим олганлар. Насафда Абу Саҳл Ҳорун ибн Аҳмад ал-Астрободийдан, Бухорода Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Ғунжор ал-Ҳофиздан, Марвда Абул Ҳайсам Муҳаммад ал-Кушмиҳанийдан ва бошқа кўп олимдан таълим олганлар. Бу зотдан менинг катта бобом қози Абу Мансур Муҳаммад ибн Абдулжаббор ас-Самъоний ва Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад ас-Самарқандий ал-Ҳофиз ҳадис ривоят қилганлар. Абул Аббос ал- Мустағфирий ан-Насафий кўп ҳадис жамлаганлар. Ўз даврларида Мовароуннаҳрда бу кишидай ҳадис жамловчи ва тасниф қилувчи ҳамда ҳадисларни яхши тушунувчи муҳаддис бўлмаган. Ҳижрий 350 (милодий 962) йилда таваллуд топиб, ҳижрий 432 (милодий 1041) йилнинг жумодул аввал ойида Насафда вафот этганлар. Қабрлари Насафнинг водий тарафида. Уни зиёрат қилганман. 
Шу ўринда шуни таъкишлаш ўринлики, Абул Аббос ал-Мустағфирий  Имом Бухорийнинг машҳур “Ал-Адаб Ал-Муфрад” (“Одоб дурдона”) асарини  Абу Наср  Аҳмад ибн Муҳаммад ан-Ниёзакий ал-Карминийдан ривоят қилганлар 
Абу Зар Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Мустағфирий ҳам Насаф аҳлидан бўлиб, Абул Аббос Жаъфар ал-Мустағфирийнинг ўғилларидан. Насафда оталаридан кейин имом-хатиб бўлганлар. Оталаридан ва кўп машойихдан таълим олганлар. Ниҳоятда илмли эдилар ва хайрли ишлар қилардилар. Бу киши ҳақларида Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Муҳаммад ан- Нахшабий ал-Ҳофиз «Муъжам уш-шуюх» («Шайхлар қомуси») китобларида зикр қилганлар. Имом ал-Бухорийнинг «Саҳиҳ ул-Бухорий» китобларини Абу Али ал-Ҳожибийдан таълим олганлар. Эшитган ҳадислари саҳиҳ эди. 

Абдуғафур Раззоқ Бухорий, Баҳоуддин 
Нақшбанд жомеъ масжиди имом-хатиби, 
Жалолиддин Сабуров, Ўзбекистон Халқаро 
Ислом Академияси 2-курс магистранти. 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram