ТEРМИЗИЙЛАР МEРОСИ ОЛИМЛАР НИГОҲИДА
27 сентябр 2024 й.
133 марта ўқилди.
ТEРМИЗИЙЛАР МEРОСИ ОЛИМЛАР НИГОҲИДА
Сурхон замини буюк алломаларни етиштирган ва дунё тамаддунига бебаҳо маънавий хазина туҳфа этган заминдир. Бу заминдан ислом илми ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк муҳаддислар, мутасаввифлар, ижодкорлар етишиб чиққан. Ислом илмларининг тараққий этишида, айниқса Термиз шаҳри алоҳида ўринга эга бўлган. Шу боис Термизда кўплаб алломалар етишиб чиққан. Бу диёрдан “Термизий” тахаллуси билан ижод қилган 200 дан зиёд алломанинг етишиб чиққанлиги фикримизга далилдир. Улар ҳадис, фиқҳ, тилшунослик, шеърият, тарих ва тасаввуф каби йўналишларда ноёб асарлар яратган. Чунончи Ҳаким Термизийнинг илмий қарашлари мусулмон оламида ҳозирги кунда ҳам юксак эътирофларга сазовор бўлаётган бўлса, Имом Термизий ҳадис илмидаги бебаҳо асарлардан ҳисобланган “Сунани Термизий” орқали илм-фан ривожига бебаҳо ҳисса қўшди.
Муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган, ҳадис илмининг дарғаларидан бири, буюк ватандошимиз Имом Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш бугунги кундаги долзарб масалалардан ҳисобланади.
Бугунги кунда Ислом динининг асл мазмун-моҳиятини кўрсатиб беришда, динлараро ва миллатлараро бағрикенглик, дўстлик, ижтимоий ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамфикрлилик қадриятларини халқимиз орасида тарғиб қилишда, ислом тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган Имом Термизийнинг улкан ҳиссасини тадқиқ этишда, у зотнинг илмий-маънавий меросини, ижодий фаолияти ва шахсияти билан боғлиқ маънавий-маърифий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази асосий таянч ташкилотга айланиб бормоқда. 2017 йил 14 февралдаги Президент қарори асосида ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтган қисқа фурсат ичида Имом Термизийнинг бағрикенглик, тинчлик ва мўътадиллик ғояларини ўзида жамлаган бебаҳо асарларини таржима ва таҳқиқ қилиш, кенг халқ оммаси учун мўлжалланган оммабоп рисолалар тайёрлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Имом Термизийнинг бой маънавий меросини ўрганишда юртбошимиз томонидан қабул қилинган “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қарор асосида Дин ишлари бўйича қўмита, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида 12-сентябрь санасида “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Ушбу конференцияда мамлакатимизнинг бир қатор таниқли олим ва тадқиқотчилари иштирок этишди. Ислом тамаддуни ривожига бебаҳо ҳисса қўшган Термиз заминида бу каби халқаро конференцияни ўтказишдан асосий мақсад дунё илмий жамоатчилигини юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, мамлакатимизнинг зиёрат туризми борасидаги улкан имкониятларини намойиш қилиш, Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа улуғ аждодларимизнинг ҳадис, тафсир, фиқҳ, фалсафа каби илмлар ривожига қўшган ҳиссаси борасида ўзаро тажриба алмашишдан иборат.
Умуман олганда, бугунги кунда термизий алломаларнинг дурдона асарларини халқимизнинг маънавий мулкига айлантириш, ушбу маънавий меросни ўрганишга қаратилган конференция ва илмий анжуманларнинг сон ва сифатини ошириш ёш авлоднинг турли адашган оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга, жамиятда бағрикенглик, тинчликсеварлик ва биродарлик ғояларининг қарор топишида муҳим маънавий асос вазифасини бажаради.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий тадқиқот бўлими бошлиғи
«орқага