Бидъат ва хурофотларнинг касри
18 сентябр 2017 й.
2878 марта ўқилди.

Бидъат ва хурофотларнинг касри

 

Алҳамдулиллаҳ ватанимиз истиқлолга эришганидан сўнг миллий ва диний қадриятларимиз тикланди. Турли соҳаларда бўлгани каби диний йўналишларда ҳам кўпгина ижобий натижаларга эришилди ва бу ютуқлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик, ватан равнақи, халқ фаровонлиги барчани қувонтиради.

Аммо жамиятда бир иллат борки, у кўплаб хонадонларда, кишилар орасида зиддиятлар чиқариш, фарзандни ота-онадан, ака-укаларни бир-бирларидан, қўни-қўшни ҳамда яқинларни юз кўрмас даражада узоқлаштиради. Бу иллатнинг номи БИДЪАТдир. Муқаддас ислом динимиз қоралаган бу разиллик минг афсуски ёшларимиз ўртасида ҳам урчиб кетмоқда.  Бидъат-хурофотларни баъзиларига юртимизга ислом дини кириб келишидан олдин аждодларимиз амал қилиб келган бўлса, баъзиларини ислом дини кириб келгандан сўнг динни яхши тушунмаслик ва ислом динини ниқоб қилиб, баъзилар мусулмончиликда йўқ бўлган янгиликлар киритиб ҳалқни чалғитиб манфаъат манбаига айлантиришган. Мустабид тузум даврида динимизга нисбатан салбий муносабат шакллантирилгани туфайли бидъат-хурофотлар кўпайгандан-кўпайиб, урчиб, ҳамма соҳани қамраб олган эди. Бирор муаммо пайдо бўлса, одамлар тегишли соҳадаги мутахассисларга мурожат қилишни унутиб, ҳали фолбинларга, мунажжимларга, башоратчилар ва яна қандайдир жинкашларга суянишар эди. Минг афсуслар билан айтамизки, Ислом динига нисбатан қалбларида муҳаббат юқори бўлган соддадил ҳалқимиз ҳали ҳануз бу бидъат-хурофотларга тушунмай амал қилиб келмоқдалар.

Ҳалқимиз орасида исломда бўлмаган қуйидаги маросимлар: “Биби сешанба”, “Мушкул кушод” ва исломда рухсат этилган “Мавлуд” ва бошқа баъзи маросимларда бидъад-хурофотларга ва исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. 

Айниқса, аёллар ўртасида ўтадиган баъзи: Бешик тўйи, чилла гузорон ва бошқа турли маросимларда ҳам бидъат-хурофотлар, қанақадир ақлга сиғмайдиган, динимизда – миллийлигимизда йўқ бўлган ишлар бўлмоқда. Бу мавзуларда телевидиния, радио ва матбуотда уламоларимиз, маънавиятчилар, маҳаллалар, имом-хатиблар ва исломшунос мутаҳасислар кўп бора тушунтириш ишлари олиб бормоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур “Диний  расм-русумларни ҳанафий мазҳаби асосида ўтказиш ва бидъат-хурофотларнинг олдини олиш  чоралари” мавзуида қилган маърузаларида аёллар орасида тарқалган бидъат-хурофотларнинг асл моҳияти ҳақида гапириб, жумладан, бундай деди:  “Айрим отинойиларнинг аёлларни “Биби Сешанба”, “Мушкулкушод” каби хурофий маросимлар ўтказишга ундаётгани ҳақида эшитяпмиз. Ваҳоланки, отинойилар ўз номи билан аёл-қизларни маърифатга чорлайдиган муаллималардир. Улар орқали бидъат-хурофот эмас, ҳақиқий илму маърифат тарқалиши керак.”      

 Дарҳақиқат, қуруқ гапга ишониб кетаверадиган, асоссиз ривоятларни далил сифатида қабул қиладиган аёлларимиз арзимаган ҳаётий масалаларда бир-бирлари билан ихтилофга бормоқдалар. Нафсининг қулига айланган фолбинларнинг айтган уйдурмаларига ишониб ёш оилалар ажрашишгача етиб бормоқдалар.

Ирбоз ибн Сориядан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда пайғамбар алайҳис салом айтадилар: “Мендан кейин яшаганлар кўп ихтилофларни кўради. Сизлар менинг ва мендан кейинги ҳидоят топган ўринбосарларимнинг йўлини тутинглар. Унга маҳкам ёпишинглар. Амалларга янгилик киритишдан сақланинг. Янги киритилган нарса бидъат, бидъат эса залолатдир”. (Термизий ривояти)

 

Азалдан оналаримиз дунё илм-фанига тамал тошини қўйган уламоларни тарбиялашган. Кўр-кўрона турли ташвиқотларга берилиб илмсиз отинойига, фолбинларга, бидъатчиларга эргашиб кетавермаганлар. Шу аждодларимиз изларидан бориб диний масалаларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва имом хатибларимиздан, урф-одат, тўй маросимларимиздаги удумларимизни ҳам кўпни кўрган кексаларимиз ва маҳалла фаолларидан сўраб амал қилишимиз даркор.

 

Асадулло Нажмиддинов

Мир Араб мадрасаси мударриси

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:17
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram