ХУШМУОМАЛАЛИК
17 июн 2020 й.
1000 марта ўқилди.

 
ХУШМУОМАЛАЛИК

Ислом динимизда хушмуомалали ва ширин сўзли бўлиш энг олий фазилатлардан бири бўлиб, инсон қалбини мунаввар этадиган, юзида табассум ва хурсандчиликни намоён қиладиган гўзал сифатдир.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Одамларга ширин сўз бўлинглар”. (Бақара сураси, 83-оят).
Демак, ширин сўзли бўлиш яхши фазилат эканки Аллоҳ таоло одамларни ширин сўзли бўлишга чақирди. Инсон зоти доимо яхши сўз ва меҳр-муҳаббатга эҳтиёж сезади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам муҳтождир. Хушмуомалали киши барча инсон қалбига йўл топа олади, у халқ орасида ҳам, оиласида ҳам, эъзозга эга бўлади. Хушмуомалали ва ширинсўзли бўлиш нафақат унга ажр олиб келади. Балки у инсонни дўзахдан ҳам сақлайди.
Адий ибн Ҳотимдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланинглар. Ким уни топа олмаса, чиройли сўз билан (дўзахдан) сақлансин”, - дедилар”.
Битта бутун хурмони ҳам топа олмаган киши яримтасини топса, уни садақа қилиш билан дўзах ўтидан сақланар экан. Агар садақа қилишга ҳам ҳеч нарса топа олмаса, ҳеч бўлмаса, бир оғиз ширин сўз айтиб бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланиш мумкин экан. Инсон кўнглини кўтариш, унга ёрдам кўрсатиш савобли ишдир. Шунингдек яхши сўз билан ҳам садақа савобига эришмоқ мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинада: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамнинг зиммасида ҳар бир бўғини учун садақа лозимдир. Қуёш чиқадиган ҳар кунда икки кишининг орасини ислоҳ қилиш садақа, бировни уловига кўтариб қўйишга ёрдам бериш ёки нарсасини кўтариб бериш садақа, ширин сўз садақа, намоз ўқиш учун қўйилган ҳар бир қадамда садақа ва йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш садақадир”, - дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам зикр этган бу гўзал ишларда садақа савоби борлигининг сабаби, бировни кўнглини кўтариш ва уни хурсанд қилишдадир. Демак ҳар бир мўмин - мусулмон бу фазилатларга сазавор бўлиши лозим. 
Ширин сўзли бўлиш инсон ҳаётида муҳим бўлиш билан бирга у ҳар бир амални адо этишда ҳам муҳим ҳисобланади. Ҳаж амалини мисол қилиб олганимизда ҳам, ундаги талаблардан бири инсонлар билан ширин муомалада бўлишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас”, - дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Мабрур ҳаж нима?” - дея сўрашди. “Таом едириш ва мулойим сўзлаш”, - дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло бандасини ҳар бир яхшилигини самарасиз қолдирмайди. Албатта, уни мукофотлайди.


Ромитан тумани Хокимулломир жомеъ масжид 
имом - хатиби Ғолиб Муротов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:17
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram