“Алишер Навоий” жомеъ масжид тарихи
28 май 2020 й.
1351 марта ўқилди.
“Алишер Навоий” жомеъ масжид тарихи
Когон шаҳар тарихдан биринчи темир йўл келтирилган ҳудудлардандир. Бу шаҳарни мана шу темир йўллари, икки шарқий ва ғарбий қисмга ажратиб туради. Шаҳарнинг ғарбий қисмида мустақилликгача масжид умуман бўлмаган. Ўша даврнинг фидокор ёши улуғларидан Хўжаев Салим ва Лойиқов Роиблар (Аллоҳ раҳмат қилсин) биргаликда масжид қуриш ташаббуси билан чиққанлар. Масжид қуришдек савоби улуғ ишга Юнусов Шариф, Рашидов Расул, Маҳмудов Умарлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб, 1989-1990 йилларда масжиднинг илк пойдевори қурилган. 1991-йилда Когон шаҳридаги “Когон пахта тозалаш заводи” раҳбари Муродов Сафар Мўминовичнинг завод томонидан кўрсатган ҳомийлиги билан масжиднинг асосий биноси тўлиқ қуриб берилган. Ўшанда бино 10х10 майдонда қурилган. Томи ҳашар йўли билар лойсувоқ қилинган. Шундан сўнг, масжидда қамиш устидан палас тўшалиб илк бор Лойиқов Роиб намоз учун масжид имоми этиб тайинланиб намоз ўқилган. Масжидга буюк бобокалонимиз Алишер Навоий номлари билан “Алишер Навоий” жомеъ масжиди дея ном берилган. Когон шаҳар ҳокимининг 1992-йил 14- апрелдаги 26-сонли қарорига асосан М.Таробий кўчасида жойлашган Алишер Навоий масжидига 600 м2 ер майдони ажратиб берган. Мустақиллик нашидаси ўлароқ халқимиз ўзлигини англашга, муқаддас дининига бўлган эҳтиёжи ортиб, намозхонлар сони секин аста кўпайиб, 1994-йилда масжидни кенгайтириш ишлари бошланган. Масжидда халқ ҳашар йўли билан қўшимча иккита янги бино, таҳоратхона ва Шарипов Ҳожи Исматнинг ташаббуси билан масжидда айвон қуриб битказилган. Масжид томини шифр қилишда, “Когон Темирйўллари” раҳбари Ихтиёр Фармонов ҳомийлик қилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 1999-йил 20-июн 262-сонли қарорига асосан Алишер Навоий масжиди 1999-йил 15-июн санаси билан Давлат Адлия Бошқармаси рўйхатидан ўтказилган. Масжид шу кундан эътиборан фаолиятини давом эттириб келмоқда. Орадан бир йил ўтиб масжидга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Сафаров Тўлқин имом этиб таъйинланган. Ёш имомнинг ҳаракати, диндаги хизмати ўлароқ шаҳар аҳолисининг диний эҳтиёжлари тўлиқ қондириб келинган. Йиллар мобайнида масжид ҳудуди кенгайиб борган ва охири 2012 - йилда Когон шаҳар ҳокими Ихтиёр Фармоновнинг қарорига асосан 733.0 м2 га етган. 2016-йилда масжиднинг асосий биноси тўлиқ реконструкция қилинган. 2017-йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг буйруғи билан масжидга Камолов Афзал имом хатиб этиб таъйинланган. 2018-2019 йиллар давомида масжидда қурилиш ишлари олиб борилиб, масжид айвони кенгайтирилган, таҳоратхона қайта қурилиб намозхонлар хизматига топширилган. Худди шу йилларда масжидда ҳар Рамазон ойларида илк бора таровеҳ намозларида қорилар Қуръони Каримни тўлиқ хатм қилиб келмоқдалар.
Аллоҳ таоло масжидларимизни обод қилганлардан ўзи рози бўлсин!
Когон шаҳар “Алишер Навоий” жомеъ масжиди
имом-хатиби А.Камолов
«орқага