Қоракўл туман "Бозорхўжа" жомеъ масжид тарихи
18 август 2020 й.
992 марта ўқилди.
Қоракўл туман "Бозорхўжа" жомеъ масжид тарихи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Аллоҳнинг масжидларини албатта фақат Аллоҳга, қиёмат кунига имон келтирганлар, намозларини адо этадиган, закотларини берадиганлар ва Аллоҳдангина қўрқадиганлар обод қилишади. Ана шундайларгина ҳидоят топишлари мумкин”. (Тавба сураси, 18-оят).
Ушбу ояти каримадаги "масжидларни обод қилиш" жумласининг маъноси анча кенг: уларни моддий жиҳатдан безатиш, тоза-покиза тутиш ва керакли жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда ободончилигидан ташқари уни маънавий жиҳатдан ҳам обод қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Маънавий обод қилишга эса уларда мунтазам жамоат билан намоз ўқиш, одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш, эътикоф ўтириш каби Аллоҳ розилиги учун қилинадиган солиҳ амаллар киради. Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидларни Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганлар, намозларини барча арконларига риоя этиб. Ўз вақтида адо этадиган, закотларини ҳақдорларга берадиган, Аллоҳдан қўрқувчи тақволи мўминларгина обод қилишади. Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: Масжидни обод қиладиган кишини кўрсангиз, унинг имонига гувоҳ бўлинг. Аллоҳ таоло "Аллоҳнинг масжидларини албатта, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганларгина обод қилишади", - деган". (Имом Термизий ривояти).
Тафсири ирфон 2-китоб. 191-бет.
Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий.
Ҳақ таолога беҳисоб ҳамд-у сано, шукрлар бўлсинки, миллатимизни ислом динига мансуб қилиб яратган. Қоракўл Қоракўл туманидаги "Бозорхўжа" жомеъ масжиди ҳудудида азалдан динига, Ватанига, элига содиқ инсонлар истиқомат қилиб келишган. Улар юқори хўжалар ва қуйи хўжалар деб номланган икки қишлоқ ўртасидан жой ажратиб, ҳашар йўли билан мажид барпо этишган. Аҳоли масжиднинг ёнидаги йўлдан ўтиб бозорга бориб келишган. Бозор хўжалар қишлоғида жойлашгани учун масжидни "Бозорхўжа" - деб аташган. Собиқ империя даврида нафақат масжидлар, балки зиёли уламолар, қорилар, урф - одатларимиз хорланди, камситилди, харобага айланди. Мустақиллик шарофати билан "Бозорхўжа" масжиди қайта таъмирланиб, 2001-йил 4-апрель 91-рақамли гувохнома асосида фаолият бошлади. Хомийлар кўмаги ёрдамида янги замонавий таҳоратхона қурилди. Намозхонлар учун барча қулайликлар мавжуд. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганда жаннатдан манзил тайёрлайди".
Дарҳақиқат, "Бозорхўжа" масжиди тобора обод бўлиб намозхонлар сони хам кўпайиб бормоқда. Масжид Ўзбекистонни қўшни Туркманистон билан боғловчи (М-37) йўл бўйида жойлашгани сабабли доимо мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжига хизмат қилиб келмоқда.
Қоракўл туман "Бозорхўжа" жомеъ масжид
имом - хатиби Исмат Исмоилов.
«орқага