“Чашмаи-Айюб” жомеъ масжиди тарихи
13 апрел 2020 й.
«орқага
1539 марта ўқилди.
“Чашмаи-Айюб” жомеъ масжиди тарихи
Ўрта асрлар Турон заминидан муҳаддислар, олимлар, файласуф ва табибларни етказиб беришда асосий ҳисса қўшиб келган. Айниқса, Бухоройи шариф дейилганда, бутун мусулмон олами Имом Исмоил ал-Бухорий ҳурматларига ва шу юртда яшовчи инсонларга муносабатлари илиқлашади.
2020-йил "Ислом Ҳамкорлик ташкилоти" томонидан "Бухоро Ислом маданияти пойтахти" - деб эьлон килингани бежиз эмас. Бухорода мадраса, масжидлар, работлар-у карвонсаройлар, ҳовузлар-у ҳаммомлар бунёд этилиб, бу иншоотлар Бухоро халқининг илмий юксалишида, маърифати кенг дунёга тарқалишида асосий ҳисса қўшиб келган. Ҳаттоки, Бухоро шаҳрининг чекка туман ва қишлоқларида ҳам масжид-у мақбаралар обод этилганига гувоҳлик берувчи меъморий ёдгорликлар ҳозирги давргача сақланиб қолган.
Шундай ёдгорликлардан бири, Бухоро вилоят Вобкент тумани (собиқ Хайрободча фуқаролар йиғини) Хайробот қишлоғида жойлашган Чашмаи-Айюб хазираси (хазира деганда улуғ олим ё авлиё дафн қилинган жой устига қурилган) иншоот ва масжидни мисол қилиб келтириш мумкин. Манбаларда маълум қилинишича, Бухоройи шарифда Имом Исмоил ал-Бухорий даврлари ва кейинчалик ҳам, кўпдан кўп муҳаддислар (муҳаддис - Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини кўпини ёд олган ва ўргатувчи) яшаб, илм олиб ва илм бериб ўтганларидан дарак беради.
Ушбу мўътабар кишилар жумласига, Абу Саъд ал-Харжуши ҳазратлари ҳам кирадилар. Бу улуғ муҳаддис олим 1017-йил вафот этганларидан сўнг Хайробот қишлоғидаги мозорга дафн этилганларидан 191 йил ўтиб, Хоразм шохлар даврида қабрлари устида хазира (киравериш дарвоза 9 метр баландлик, энига 5 метр келадиган меъморий ёдгорлик) барпо этилади. Ҳозирги вақтгача шу дарвоза қисми сақланиб қолинган. Меъморий ёдгорликнинг киравериш қисми пештоқига узунлиги 3,60 м, энига 0,51 см бўлган қадимий бўртма арабий битиклар билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари (дарахт япроғи рангида) битилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: "Авваллари мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди эса зиёрат қилаверинглар". Бу иморат (муҳандислик иншооти) олти юз бешинчи ҳижрий йилда қуриб битказилди (605 х/й. 1208 м/ й ) деб ёзилган. Ушбу ҳадисни муҳаддис уламоларимиз қуйидагича шархлайдилар: Жаҳолат даврида кишилар қабристонларга бориб турли бидъат ва хурофот одатларни қилар, ҳатто ўтган марҳумлардан мадад ҳам сўрар эдилар. Ислом дини кенг ёйилиб мўъмин-у мусулмонлар нажот ва мададни ёлғиз Аллоҳдан эканлигини тушиниб етганларидан сўнг, вафот этган инсонлардан ибрат олиб, уларнинг ҳақига Қуръон тиловатлар ва дуолар қилиш учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен сизларни авваллари қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди эса зиёрат қилаверинглар ", - деб ижозат берган ҳадислари шиордай қилиниб, Буюк Ипак йўлининг Кармана-Ванғози, Хайробод-Бухоро йўли ёқасида жойлашган, ушбу меъморий ёдгорликка ёзилгани ва ҳозиргача тўлалигича сақланиб қолганини кўриб ўтган, ота-боболаримизнинг нечоғлик маърифатли эканликларини баъзи хорижликлар кўриб тасанно айтмай иложлари қолмайди. Ушбу меъморий ёдгорликни, Айюб алайҳиссалом номлари билан айтилишида ҳам бир ҳикмат бор. Қуръони Каримда Айюб алайҳиссалом сабр-бардошли пайғамбарлар тимсоли сифатида зикр қилинади. У киши кўп фарзандли ва бадавлат инсон бўлганлар, дастлаб Аллоҳ таоло имтиҳон қилиб, мол-у дунёларига талофат етганига сабр қилдилар, оилалари тарк этиб, яккаланиб қолганларида ҳам сабр қилдилар, сўнгра ўзларига бир дард келди янада қаттиқроқ сабр қилдилар. Аллоҳ таоло Қуръон Каримнинг Сод сураси, 42-оятида марҳамат қилади: "Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)". Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бемор ҳолдаги ўз набийси Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига итоат этиб оёқлари билан ерни тепдилар, у ердан сув чиқди, ичдилар, ички беморликдан фориғ бўлдилар, чўмилдилар ташқи беморликдан соғайдилар. Айюб алайҳиссалом Шом юртларида яшаб, бизни юртларимизга келмаганлар. Аммо бизнинг халқимиз, Айюб алайҳиссаломнинг сабр-тоқатларига ҳурмати баландлигидан у киши номларига масжидлар барпо қилишган. Чашмаи-Айюб ёдгорлигида ҳам иккита тош (чашма) қудуқ мавжуд, бу сувни дастлаб, Айюб чашмасидек шифобахш деб, даврлар ўтиши билан Айюб чашмаси (форсий тилда) деб аталиб, келган бўлиши ҳам мумкин. Юртимизда Қашқадарё вилояти ва Бухоро шаҳрида ҳам Айюб алайҳиссаломнинг номлари билан аталувчи меъморий ёдгорликлар мавжуд. Вобкент туманидаги Чашмаи-Айюб ёдгорлигига эътибор бериб қаралса, 812-йилдан буён, Айюб алайҳиссалом барча мусибатларга сабр қилганларидек бу ёдгорлик ҳам дастлаб, Чингизхоннинг Бухоро халқи ва маданияти бошига солган кулфатлари, тожи тахт устида хонликлар-у амирликлар етказган талофати, охирида собиқ советлар масжид-у мақбараларга етказган талофатларнинг гувоҳи бўлиб, Айюб алайҳиссаломдек сабр ила салобат тортиб турганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ёдгорликка кошинлар билан безатилган Пайғамбаримизнинг ҳадислари ва ғиштлар билан турли хил зеб беришлар мутахассисларнинг фикрича, кейинги авлод вакиллари барпо этган меъморий обидаларга андаза вазифасини ўтаган дейдилар. Ҳа, азизлар албатта Бухоро Ислом маданияти пойтахтилигига дунё ҳамжамияти иқрор бўлмаслигига илож йўк. Ёдгорликнинг шарқий томонида (аввал масжид бўлган) 1903-йилда барпо этилган масжид мавжуд. Собиқ иттифоқ даврида пахта қуритилувчи ва минерал ўғитлар омборхонаси сифатида фойдаланиб келинган. Истиқлол шарофати билан "Чашмаи-Айюб" жомеъ масжид номи билан Адлия рўйхатидан ўтказилиб, халқимиз мўъмин-мусулмонлари ихтиёрига топширилди.
Вобкент тумани “Чашмаи-Айюб” жомеъ масжид
имом – хатиби А.Раҳимов