Ҳаромдан сақланайлик!
04 март 2023 й.
424 марта ўқилди.

 Ҳаромдан сақланайлик!

   Азизлар! Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 157-оятида : “... У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”, деб марҳамат қилади.
  Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятда:  “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир”, деб айтилган (Байҳақий, Ибн Абу Шайба, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ва Шофеъий ривоят қилган).
 Яна бир бошқа ҳадисда: “Ҳар ким ўзини-ўзи заҳар билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади”, дейилган. Демоқчимизки, ҳар бир инсон ризқини ҳалолдан топиб, ҳалол нарсаларни истеъмол қилишлари лозим бўлади. Бугунги кунда баъзи бир инсонлар ҳалол бўлмаган, ҳарам бўлган ичимлик ва гиёҳванд моддаларини қабул қилиш, сотиш, тарқатишга уринаётганликлари ачинарли ҳолдир. Бу иш билан нафақат ўзлари балки инсониятнинг ҳаёти, соғлиги, дини, иймони, насли, келажагига катта хавф туғилишига сабаб бўлмоқдалар. 
Баъзи инсонларнинг “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?”, деган саволларига айтамизки, бу ҳам бўлса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мўъжизаларидан бири бўлиб, у зот ўзларидан кейинги инсонларнинг молига, жонига ва ҳатто наслига ҳам зарар келтирувчи иллатларнинг умумий хусусиятини бир сўз билан ифода қилиб: “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром”, деб марҳамат қилганлар. Маълумки, гиёҳванд моддалар нима деб аталишидан қатъи назар, уларда маст қилишлик ва баданни бўшаштиришлик сифати топилади. Шунинг учун уламоларнинг барчалари гиёҳванд моддаларини ҳаромлигига бир овоздан иттифоқ бўлишган.
Гиёхвандлик инсониятга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёхвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, хотирани сусайиши, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келиши, бевақт ўлим холатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Гиёҳванд аввало Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. 
Аллоҳ таоло бир неча оятларида барчамизни огоҳлантириб айтадики: “Аллоҳ сизларга ризқ килиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановвул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўркингиз!(Моида сураси 88-оят). 
Бошқа оятда эса “Ўз кўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят). 
Бошқа оятда эса “Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир” (Нисо сураси. 29-оят).
Шунинг учун ҳар биримиз келажагимиз бўлган фарзандларимизга ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, каерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан бохабар бўлишимиз даркор. Бир болага етти қўшни ота-она деган гап бор халқимизда, шундай экан азизлар, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборли бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга уларнинг тарбияларига илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, ватан учун, муқаддас динимиз учун хизмат қиладиган бўлишларига ҳаракат қилайлик.  

Ғиждувон туман "Соктари" жомеъ масжиди 
имом-хатиби Жасурбек Латипов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram