“ҚУТАЙБА ИБН МУСЛИМ” ЖОМЕ МАСЖИДИ ҲАҚИДА
12 июл 2023 й.
Асқад домла Раҳмонов
1073 марта ўқилди.
“ҚУТАЙБА ИБН МУСЛИМ” ЖОМЕ МАСЖИДИ ҲАҚИДА
Масжидлар – илм-маърифат улашиладиган, намозлар жамоат билан адо этиладиган, ўзаро бирлик, ҳамжиҳатлик маскани ҳисобланади. Яратганга тоату ибодатда бўлиб, зикри илоҳийни васф этилишидан, «Аллоҳнинг уйлари» дея номланди. Шу боис мўмин-мусулмонлар уни обод этишга ошиқади.
Бугунги мавзумиз шундай зикри илоҳийни васф этилиши учун бунёд этилган “Қутайба ибн Муслим” жоме масжиди ҳақида боради.
Масжид илк бор 1991 йил Жондор туман Халқ банкининг шимолий томонидаги бинода “Мирзо Содиқ Жондорий” номи билан фаолият бошлаган.
1992 йил ушбу ҳудуднинг жанубидан туман ҳокимининг қарорига асосан ер ажратилди. Олд айвонли чўпкори бино қурилиб, масжид шу жойга кўчирилди.
Саҳоватли тадбиркор Фарҳод Рамазонов ҳомийлигида 1995 йил масжид ҳудудининг жанубий қисмидан, 150 киши сиғимли янги бино барпо этилиб, “Усто Фарҳод” номига ўзгартирилди.
2008 йил, Мирамин домла Ҳайитов ва Собир домла Раҳимовлар бошчилигидаги кўмакчилар иштирокида, икки масжидни боғловчи янги бино барпо этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йил 03 июль №1452-рақамли хатига асосан мазкур уч давр (1992, 1995, 2008 йиллар) оралиғида қурилган масжид, бугунги кунда замон талабларига монанд лойиҳалар асосида 29 метр баландликка эга минора ҳамда бинонинг икки ён томони айвон пештоқлари билан ўралган 6000 намозхон сиғимига эга янги масжид қуриб битказилмоқда.
Масжидга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Бухоро вилояти бошқармасининг 2023 йил 14 июндаги 43р-сонли гувоҳномаси асосида, Марказий Осиё минтақаларида Ислом дини кириб келиши ва ривожи учун бемисл ҳисса қўшган уммат фидокори Қутайба ибн Муслим (42/661) номи берилди.
Маънавиятимиз таянчига сабачи масжиду мадрасаларимиз обод бўлсин! Динимиз, миллатимиз учун камарбаста бўлиб турган азизларимиздан Яратган рози бўлсин! Юртимиз тинчлиги, осойишталиги, фаровонлиги ва барқарорлиги бардавом бўлсин!
Асқад домла Раҳмонов
Жондор туман бош имом-хатиби
«орқага