Ромитан туман “Хоки Мулломир” жомеъ масжид тарихи
12 август 2020 й.
930 марта ўқилди.
Ромитан туман “Хоки Мулломир” жомеъ масжид тарихи
Ҳаким Мулло Мир Абдуллахон II даврида энг олий диний лавозим Шайхулислом даражасига кўтарилган, бу мансаб “Шайхулраис” ёки “Шайхулислом” деб аталган.
“Шайх” сўзи араб тилида кекса, оқсоқол маъносида бўлиб, арабларда исломдан илгари ҳам уруғ, қабила бошлиқлари шайх деб юритилган. Кейинчалик ислом дини тарқаган мамлакатларда йирик билимдон кишилар, олимлар, руҳонийлар, уламолар шу унвон билан аталган.
Б. Нақшбандгача бўлган тасаввуф аҳли вакиллари ўз тариқатларини давлат ишларига аралашмаган ҳолда ташвиқот қилиб борган бўлсалар, Нақшбандия тариқатининг улуғ авлиёси Хожа Аҳрор Вали давридан бошлаб ўз фалсафаларини амалга оширишда хонларнинг давлат сиёсатига тааллуқли масалаларига ҳам аралашиб, уларни тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилганлар. Ҳаким Мулло Мир ҳам мамлакатда амалга оширилаётган ишларга диний фатво бериб, тўғри йўл кўрсатиб борган.
Ҳазрат Ҳаким Мулло Мирнинг устодлари Аллома Мавлоно Асомиддин ҳисобланиб, у кишидан Ҳаким Мулло Мир Қуръон ва шариат илмини пухта эгаллаган.
“Туҳфат аз - зоирин” китобида келтирилишича, у киши олим, валиюллоҳ бўлиб, Ҳаким Мулло Мир номи билан машҳур бўлганлар. Ҳазратнинг диний тасаввуф илмига оид бир неча асарлари ва асарларга ёзган шарҳлари мавжуд.
Манбаларда битилишича Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ўғли Фахриддин Али ас - Сафий шоир, ёзувчи ва тарихчи бўлиб, унинг “Рашаҳоти айн ал - ҳаёт” китоби Ҳаким Мулло Мир ҳазратларининг тавсиялари ва аниқ йўл - йўриқлари асосида ёзилган.
Ҳаким Мулло Мир ҳазратлари “Ҳаким” ва “Қутб ул - ақтоб” яъни қутблар қутби унвонларига сазовор бўлган.
Бу ерда “Ҳаким” қудратли ҳикмат эгаси, нафис ва нозик илмларни билувчи шахс маъносини англатиб, ҳозир ҳам халқимиз илмли инсонларни “ҳаким” деган ном билан улуғлашади. “Қутб ул - ақтоб” яъни қутблар қутби энг улуғ мартабали шайхларга бериладиган унвон маъносини англатган. Тарихий манбаларда битилишича, “Қутб ул - ақтоб” унвони мусулмон оламида фақат икки кишига берилган экан.
Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида келтирилишича “Ҳаким Мулло Мир хонақоҳси” халқ орасида “Ҳазрати Эшон” номи билан машҳур бўлган тасаввуф илмининг улуғ вакили Ҳаким Мулло Мир томонидан 1571-1572 йилларда қурилганлиги кўрсатилган.
Хонақоҳ ёнида Абдуллахон II нинг хос навкарларидан бири Мир Дўстимбий Арғун томонидан ҳазрат шарафига масжид қурилган бўлиб, маскур масжид ҳозирги кунгача етиб келмаган.
Ҳаким Мулло Мир хонақоҳ олдидаги хилхонада дафн этилган, унда тикланган китобали мармар қабртошда ҳазратнинг 1587-йилда вафот этгани битилган.
Мазкур хонақоҳ ва уни қурдирган улуғ авлиё Ҳаким Мулло Мир тарихи бўйича ҳали кўп илмий ишлар қилинишини лозим, бу келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз саналади. Фарзандларимизни шу юрт тарихи билан фахрланиш руҳида тарбиялаш учун уларга бор тарихни илмий асосларда етказиб бериш муҳим вазифалардан биридир.
Ромитан туман “Хоки Мулломир” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Муродов
«орқага