“ХЎЖА БАДАРҒА” ЖОМЕЪ МАСЖИД ТАРИХИ
26 май 2020 й.
1007 марта ўқилди.
 
“ХЎЖА БАДАРҒА” ЖОМЕЪ МАСЖИД ТАРИХИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Менга ибодат қилсинлар деб, биз инсонларни яратган Роббимизга чексиз ҳамду-санолар бўлсин! Умматимга Ер юзининг ҳамма жойи намозгоҳ (масжид) қилинди, деган суюкли Пайғамбаримизга беҳисоб дуруду салавотлар бўлсин! Ва баъд: Маълумки, Ислом динининг илк даврларидан бошлаб, масжидлар қурилиши ривожланган. Аслида инсоният яратилганидан буён масжид бунёд этилган. Каъбатуллоҳ, Масжидул-Ақсо каби. Исломда биринчи масжид, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан қурган Қубо масжиди. Шундай қилиб бизнинг Турон заминларига ҳам Ислом келиши билан масжидлар бунёд этилиши бошланди. Шулардан бири ўзининг қадимий тарихига эга бўлган Шофиркон заминидаги ҳозирги "Темирчи" қишлоғида қадимий хонақоҳ ўрнида барпо этилган масжиддир. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи мажмуасидан Хожа Ориф Моҳитобон ар-Ревгарий зиёратгоҳи томон манзилга отланганингизда, чамаси саккиз км масофа босиб ўтилганда, табаррук тарихий манзилда бунёд этилган "Хўжа Бадарға" жомеъ масжиди жойлашган. Ушбу мажмуа улкан тарихий силсилага эга бўлиб, Етти пирларнинг иккиталари Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ориф Моҳитобон ар-Ревгарий илм асносида учрашиб суҳбат қурган манзилларидан бири бўлган. Ҳазратларнинг учрашувини тасаввур этиб, Юнус Эмронинг сатрлари ёдимизга келди:
Бизга дийдор керак, дунё керакмас,
Бизга маъво керак, даъво керакмас,
Бизга қадр кечасидир бу кеча,
Қўй, тонглар отмасин, саҳар керакмас 
Ушбу табаррук манзилгоҳда учрашган икки буюк тариқат илми Устозларининг гўзал анжумани хусусида шоира Зулфия Мўминованинг  қуйидаги изоҳий сатрларини келтирмоқликни жоиз деб топдик. Ё, Аллоҳим, ўзингнинг ишқинг султон айлаган икки табаррук зот учрашмоғидан, суҳбатлашмоғидан ҳам гўзал анжуман бормикин дунёда? Ўзингнинг йўлингда сирланган, дурланган, нурланган икки буюк суҳбатидан ҳам нафосатли мажлис бормикин бу дунёда? Дейдиларки, улар суҳбатлашмасдан ҳам бир-бирига кўзқараш ила кўнглида нелар кечаётганини англар эканлар. Дейдиларки, улар учрашган куни атроф-жаҳон ёришиб, ҳарорат кўтарилар, яхшилик кўпаяр экан. Қаердандир минг турли қушлар учиб келиб, минг турли жонбахш овозда хониш этар, гуллар очилиб, борлиқ яшилланар, олам меҳрга, эътибору эҳтиромга тўлар экан.Тарихда ушбу манзилгоҳ “Рўйбинон” дея номланган. “Рўйбинон” форсча сўздан олинган бўлиб, “юз кўришмоқ, дийдорлашмоқ” маъносини англатади.Масжидга Хўжа Бадарға деб ном берилишида ушбу заминга тақводор, авлиёсифат кишининг илм асносида келиб, яшаб қолишликлари сабаб бўлган. Маълумотларга кўра, Хўжа Бадарға ўзлари асли бу ерлик эмас балки, Когон ёки Қарши томонлардан бўлганлар. Ўша пайтларда бу жойда хонақоҳ, ҳужра бўлиб, хонақоҳдан фақат тўрт қадимий устунлар сақланиб қолган холос. У ернинг мударриси Хўжа Рўшнои исмли шахс бўлган. Хўжа Бадарға ҳазратлари илм талабида ушбу мударриснинг хизматларида бўладилар ва устозларидан олган илм зиёсини халққа таратиб, кўп манфаатлар етказиб, эл-юртнинг эъзози, меҳри ва ҳурмат-эътиборига мушарраф бўладилар. Вафотларидан сўнг шу жойда дафн қилинганлар. Масжид 2003-йил 24-январ куни, Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан, № 100-рақам билан диний ташкилот устави рўйхатидан ўтказилган ва ўз фаолиятини бошлаган. Собиқ Иттифоқ даврида шу ерлик мусулмонлар масжидни омборхонага айлантириб асраб қолишган. Масжид меҳроби ташқаридан билинмайди. Бу ҳам шўро давридаги ота-боболаримизнинг шаръий ҳийласи бўлиб, бундан кўзланган мақсад, биз авлодларга ушбу мажмуани етказиш бўлган. Аллоҳ раҳмат қилсин, уларни!Аллоҳнинг инояти бўлмиш, ҳур замонамиз шарофати ила динимизга бўлган юксак эътибор натижасида, ҳозирги кунда саҳоватпеша халқимиз ташаббуси ҳамда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг сай-ҳаракатлари билан янги 256 метр квадрат ўлчамдаги масжид, мақбара, дарвоза ва таҳоратхона қурилишлари режа асосида давом этмоқда.

Фируз Абдуллаев,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги матбуот ходими 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:17
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram