Ироқ тафсир мактаби (давоми)
13 май 2015 й.
3390 марта ўқилди.
Ал-Асвад ибн Язид роҳимаҳуллонинг таржимаи ҳоли
Унинг тўлиқ исми Абу Абдурраҳмон Ал-Асвад ибн Язид ибн Қайс Ан-Нахаъий бўлиб, тобиъийнларнинг улуғларидан ва Ибн Масъуд р.а нинг ровийларидан саналади. Ал-Асвад Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан, Умар розияллоҳу анҳудан, Алий розияллоҳу анҳудан, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ва бошқалардан ҳам ривоят қилган.Унинг ҳақида Имом Аҳмад, Яҳё ибн Муъин, Ибн Саъд сингари уламолар яхши фикр айтганлар, “Олти саҳиҳ’’ муаллифлари ҳузурида ҳам эътироф этилган ровийдир. Иброҳим Ан-Нахаъийнинг таъкидлашича, у киши Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фатвоси қабул қилинадиган шогирдларидан бири саналган. Ал-Асвад ибн Язид ҳижрий сананинг етмиш туртинчи ёки етмиш бешинчи йили Куфа шаҳрида вафот этган.
Мурра Ал-Ҳамадонийнинг таржимаи ҳоли
Унинг тўлиқ исми Абу Исмоил Мурра ибн Шароҳил Ал-Ҳамадоний Ал-Куфий Ал-Обид бўлиб, халқ орасида сер ибодатлиги, тақвосининг кучлилиги туфайли “Мурра аттоййиб” (ёқимли аччиқ), “Мурра Ал-хойр” (яхши аччиқ) деб машҳур бўлган. Ҳорис Ал-ғанавийнинг таърифлашича, Мурра саждада шу қадар узоқ ётар эканки, унинг юзи шилиниб кетар экан. Бир кунда етти юз ракат намоз ўқир экан. Устозлари Абу Бакр Ас-сиддиқ розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу,Алий розияллоҳу анҳу,Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ва бошқалар эдилар. Имом Аш-Шаъбий эса Муррадан илм ўрганган шогирдлардан биридир. Мурра ҳижрий сананинг етмиш олтинчи йилида вафот этган.
Омир Аш-Шаъбийнинг таржимаи ҳоли
Унинг тўлиқ исми Абу Амр Омир ибн Шароҳил Аш-Шаъбий Ал-Куфий Ат-тобиъий Ал-жалил бўлиб, Куфа шаҳрининг қозиси эди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу, Алий розияллоҳу анҳу, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуларнинг ўзларидан эшитмаган ҳолда улардан ҳадис ривоят қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу, Оиша розияллоҳу анҳо, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Абу МусоАл-Ашъарий розияллоҳу анҳу ва бошқалардан эшитиб ривоят қилган. Аш-Шаъбийнинг эътирофича, беш юз саҳобани кўрган, аммо уларнинг қирқ саккизтасидан ривоят қилган. Аш-Шаъбий илмда юксак даража соҳиби бўлган. Ибн Сирин айтади: “Мен Куфага келганимда саҳобалар кўп бўлишига қарамай, Аш-Шаъбийнинг алоҳида ҳалқаси бўлиб, уларга дарс айтар эди”. Жуда кўп ҳамзамон олимларнинг тасдиқлашича, Аш-Шаъбий турли илм фанларини аъло даражада эгаллаган бўлишига қарамай, тафсирда раъй билан маъно айтишга бутунлай қарши экан. Ўзининг этирофича, у шундай деган: “Уч нарса, яъни Қуръон, руҳ ва раъй ҳақида мен ўлгунимча ҳам ҳеч нарса демайман”. Омир Аш-Шаъбийнинг туғилиши ва вафоти ҳақида турли ихтилофлар мавжуд бўлиб, машҳурроғи шуки, у ҳижрий сананинг йигирманчи йилида туғилган, бир юз тўққизинчи йилида эса вафот этган.
Ал-Ҳасан Ал-Басрийнинг таржимаи ҳоли
Унинг тўлиқ исми Абу Саид Ал-Ҳасан ибн Абил-Ҳасан Ясор Ал-Басрий бўлиб, онаси Хайра Умму Саламанинг хизматкори эди. Ал-Ҳасан Ал-Басрий Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалигининг охирги икки йили қолганда туғилган, Водил-Қуро деган қишлоқда ўсган. Фасиҳ, тақволи киши бўлиб, у ваъз қилганда таъсирланмаган одам топилмас эди. Ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу, Ибн Умар розияллоҳу анҳу, Анас розияллоҳу анҳу ва бошқа кўпгина саҳобалар ҳамда тобиъийлардан ривоят қилган. Бир неча аҳли илмлар Ал-Ҳасан Ал-Басрийнинг Қуръони карим, Пайғамбар суннатлари ва ҳалол ҳаром масалаларни яхши билишига, салоҳи, тақвоси, ваъзининг таъсирчанлиги бемисл эканлигига гувоҳлик берганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ал-Ҳасандан масала сўранглар, чунки, бизлар эсдан чиқараётган пайтимизда у ёдлаган”. Матар Ал-Варроқ айтади:” Жобир ибн Зайд Басра аҳлининг пешвоси эди. Ал-Ҳасан чиққандан кейин, гўёки у охиратда бўлиб келгандек, ҳар бир нарсани ўз кўзи билан кўргандек очиқ-равшан гапиради”. Бакрул-музний айтади: “Кимки, замонасининг биз билган энг улуғ олимини кўриш хурсанд этадиган бўлса, Ал-Ҳасан Ал-Басрийга қарасин. Биз ундан кўра олимроқни топганимиз йўқ”. Абу Жаъфар Ал-Боқий айтар эди: “Бу одам (Ал-Ҳасан) нинг гаплари пайғамбарларнинг гапларига ўхшайди”. Ибн Саъд айтади: “Ал-Ҳасан барча фазилатларни жамқилувчи, олим, обрўли, фақиҳ, ишончли, омонатли, обид, фасиҳ, гўзал қоматли ва юзли, салобатли эди”. Ривоят қилган ҳадислари “Олти саҳиҳ” муаллифлари орасида ҳам мўътабардир. Ал-Ҳасан Ал-Басрий ҳижрий сананинг бир юз ўнинчи йилида саксон саккиз ёшида вафот этган.
Қатоданинг таржимаи ҳоли
Унинг тўлиқ исми Абул Хаттоб Қатода ибн Диома Ас-Садусий Ал-Акмаҳ, асли араб миллатидан бўлиб, Басрада яшаган, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу, Абит-Туфайл, Ибн Сирин, Икрима, Ато ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳумлар ва бошқалардан ривоят қилган. Қатоданинг ёдлаш қобилияти ўткир, араб шеърлари билан яқиндан таниш, араб тарихини, араб насабларини, араб тилини ҳам яхши билгани учун тафсир илмида шуҳрат қозонган эди. Унинг муҳофазасини нақадар ўткирлиги қуйидаги ривоят қилинган ҳадисдан кўриниб туради:
Саллом ибн Мискиннинг ривоят қилишича, Амр ибн Абдуллоҳ айтади: “Қатода Саъид ибн Ал-Мусайябнинг олдига келиб, бир неча кун давомида ундан бир неча савол сўради. Саид ибн Ал-Мусайяб унга: “Сен мендан сўраган ҳамма саволларингни ёдингда сақлаяпсанми?”-деди. Қатода “Ҳа” ишопрасини қилди ва бирма бир такрорлаб: “Мен мана бу саволни бердим, сиз бундай жавоб бердингиз.Бу ҳақда Ал-Ҳасан мана бундай ҳадисни айтган эди” –деб, ҳамма айтилган ҳадисларни такрорлади. Шунда Саид: “Сенга ўхшаганни Аллоҳ бошқа яратмаган бўлса керак”-деди. Яна бир ривоятда Саид ибн Ал-Мусайяб: “Менга келган ироқликлар орасида Қатодага ўхшагани йўқ”-деб баҳо берган эди.
Муаммар шундай дейди: “Мен Або Амр ибн Алодан Аллоҳ таолонинг ушбу:
و ما كنا له مقرنين
“бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик” ояти каримасининг маъносини сўрадим. Абу Амр саволимга жавоб бермади. Мен дедим: “Бу саволимни Қатодадан сўраган эдим, у: “муқринийна”нинг маъноси “мутийқийна”-деди. Қатоданинг жавобига сиз нима дейсиз,эй Або Амр?”. Абу Амр: “Агар Қатода шундай деган бўлса, жуда тўғри айтибди. Агар Пай0амбар (с.а.в) нинг қадар тўғрисида айтган ушбу : “Қадар ҳақида гапирилса эҳтиёт бўлинглар” –деган ҳадислари бўлмаганда эди,мен Қатодага замондошларидан бирортасини тенглаштирмаган бўлар эдим”.
Қатода ҳижрий сананинг бир юз ўн еттинчи йилида эллик олти ёшда вафот этди.
Юқорида номлари санаб ўтилган олимлар тобиъийлардан чиққан муфассирлар булиб, улар асосан саҳобийлардан, баъзи жойларда аҳли китоблардан ривоятлар асосида, баъзан эса ўзларининг ижтиҳодларига таянган ҳолда тафсир қилган зотлар эдилар.
Улардан кейинги замонларда эса тафсир илмини табаъа тобиъин, яъни тобиъийлардан илм ўрганган олимлар жамоаси давом эттирганлар. Улар Қуръон оятлари маъноларини келажак авлодга янада кенгроқ, мукаммалроқ тафсир қилиб берганлар. Шу тариқа Қуръон оятлари тафсири бугунги кун даражасига етиб келган. Аммо Қуръон тафсирлари қанча кўп бўлишига қарамай, турли тилларга таржималар қилинганига қарамай, унинг маъноларини тушунишда янада янги таржима ва тафсирларга эҳтиёж сезилмоқда. Чунки, Қуръон маъноларини ўз фойда ва хоҳишларига буриб юбориш ҳоллари, оят ҳукмларининг ҳикматидан бехабар бўлган ҳолда, луғатини яхши билмаган ҳолда ҳукм чиқариш ҳоллари юз бермоқда. Қуръон илмидан узоқ бўлган омма халқ эса, ундай ғаламисларнинг фасод мақсадидан бехабар бўлгани учун, уларнинг ўзини катта олим, иғволарини эса даъват, деб ҳисоблаб, ҳидоят йўлидан адашмоқдалар. Динга раҳна солувчи бундай ғаламислар ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай деган эдилар: “Кимки Қуръонни ўз билганича тафсир қилса, у борадиган жойини дўзахдан тайёрлаб қўйибди” .
Азизхўжа Иноятов
Хўжа Таббанд жомеь
масжидиимом татиби
«орқага