Макка тафсир мактаби
25 феврал 2015 й.
2962 марта ўқилди.

 Макка тафсир мактаби

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирдлари Саъид ибн Жубайр ибн Ҳишом Асадий. Кунялари Абу Муҳаммад. “У киши асли ҳабашистонлик, қора танли, аммо қалби соф киши эдилар” – деб Имом Заҳабий Саъид ибн Жубайр ибн Ҳишом Асадийга таъриф берадилар. У киши тобеинларнинг катталаридан, исломдаги тафсир илмининг пешқадамларидан бўлиб, кўп солиҳ амаллар қилувчилардан эдилар. У киши дастлаб Мадина фақиҳи Абдуллоҳ ибн Утбанинг котиблари бўлганлар. Сўнгра ўзларини илмга бағишлаганлар, ҳатто буюк олимлардан бўлиб етишганлар. У киши илмни Абдуллоҳ ибн Аббосдан, Ибн Умардан, Абдуллоҳ ибн Муғаффал Музанийдан олганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос у кишининг илмларига ишонганларидан фатво сўраб келувчиларни шогирдларининг ҳузурига жўнатар эканлар.
У кишининг тафсир илмида тутган ўринлари:
   У зот қироатда тобеинларнинг билувчироғи эдилар. 
   Исмоил ибн Абдулмалик айтадилар: “Саъид ибн Жубайр Рамазон кечалари бизларга имомлик қилардилар. Бир кеча Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қироатларида ўқисалар, яна бир кеча Зайд ибн Собитнинг қироатларида ўқирдилар ва бошқа куни яна бошқа қорининг қироатида ўқир эдилар”. У зот Қуръони Карим маъноларини чуқур ва пухта билиб, тушуниб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қуръонни ўзларининг фикрлари билан тафсир қилишдан сақланар эдилар.
   Ибн Халикон айтганлар: “Бир киши Саъид ибн Жубайрдан Қуръоннинг баъзи жойини тафсир қилиб беришларини сўради. Шунда  у киши ғазабланиб: “Мен учун тупроққа қоришиб кетишим, Қуръонни ўзимча тафсир қилишимдан кўра яхшироқдир”, – дедилар. Дарҳақиқат, тобеинлар у зотнинг илм чўққисига етишганларига гувоҳлик берганлар. Хусусан, Тафсир ва Қуръон илмларида.   
Қатода айтганлар: “Инсонларнинг олимлари тўртта деб биламан. Ато ибн Абу Рабоҳ – Ҳаж маносикларини билишда. Саъид ибн Жубайр – Тафсир илмида. Икрима – сийратшуносликда. Ҳасан Басрий эса ҳалол ва ҳаром масалаларини билишда”. 
Суфён Саврий айтганлар: “Тафсир илмини ушбу тўрт олимдан олинглар: Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид ибн Жабр, Икрима ва Заҳҳокдан”.
Вафотлари 
   Саъид ибн Жубайр 94-ҳижрий йилда қатл қилинганлар. Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий у кишини зулм қилиб ўлдирган. Чунки Саъид ибн Жубайр билан Ашъас золим Ҳажжожга қарши чиқишган эди. Ибн Ашъас ўлдирилиб, унинг тарафдорлари мағлуб бўлишгач, Саъид ибн Жубайр Маккага қочиб кетганлар. Ўша пайт Макка волийси Холид ибн Абдуллоҳ ал-Қасрий бўлиб, у Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳни ушлаб Ҳажжожга жўнатади. Шунда Ҳажжож билан Саъид ибн Жубайрнинг ўртасида қуйидаги мулоқот бўлиб ўтган:
Ҳажжож: Исминг нима?
Саъид: Саъид ибн Жубайр.
Ҳажжож: Йўқ, сен Шақий ибн Кусайрсан.
Саъид: Эй Ҳажжож, онам менинг исмимни сендан кўра яхшироқ билганлар.
Ҳажжож: Сен ҳам бадбахтсан, онанг ҳам бадбахтдир.
Саъид: Ғайб фақат Аллоҳгагина аён.
Ҳажжож: Мен сени дунёнгни оловга айлантираман.
Саъид: Агар мен бу иш қўлингдан келишини билганимда, сени илоҳ билиб, сенга сиғинардим.
Ҳажжож: Сен Муҳаммад ҳақида нима дейсан?
Саъид: Аллоҳнинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳидоят нури.
Ҳажжож: Али ҳақида нима дейсан? Жаннатийми, йўқми?
Саъид: Эй Ҳажжож, агар жаннатга кирсанг, у ерда ким борлигини ўзинг билиб оласан.
Ҳажжож: Сен Халифалар тўғрисида нима дейсан?
Саъид: Мен уларга вакил (назоратчи) қилиб жўнатилмадим.
Ҳажжож: Сенга улардан қай бири ёқади?
Саъид: Қайсилари Холиқини рози қилувчироқ бўлса.
Ҳажжож: Хўп! Қайси бири рози қилибди?
Саъид: Буни ёлғиз Аллоҳ билади.
Ҳажжож: Нима учун кулмайсан?
Саъид: Махлуқ қандай қилиб кулсин? У лойдан яратилган бўлса, лойни эса дўзах ейди-ку?
Ҳажжож: Ундай бўлса биз нима учун куламиз?
Саъид: Қалблар бир хил эмас!
   Сўнгра Ҳажжож ёқут, маржонларни келтиришни буюрди. Улар Саъиднинг олдиларига қўйилди. 
Саъид:Агар унда яхшилик ва ҳалоллик бўлмаса, дунё учун тўпланган нарсаларда яхшилик йўқдур.
   Шунда Ҳажжож най ва дўмбирачиларни чақиртирди. Сурнайчилар чала бошлаганларида, Саъид ибн Жубайр йиғлаб юбордилар.
Ҳажжож: Сени нима йиғлатди, бу бир ўйин- кулги-ку?
Саъид: Бу ўйин-кулги эмас, балки маҳзунликдир. Мен сурнай овозини эшитганимда қиёмат ёдимга тушади. У кунда ҳам сур чалинади. Дўмбиранинг овози эса сабабсиз чопилган дарахтни эслатади. Бу ғижжаклар эса... Бас, ким шуларни хуш кўрса, қиёматда шулар билан бирга тирилтирилади.
Ҳажжож: Эй Саъид, сенга вайл бўлсин.
Саъид: Йўқ. “Дўзахдан озодман, жаннатга, албатта, кираман” – деб даво қилувчиларга вайл бўлсин.
Ҳажжож: Эй Саъид, сени қандай ўлдирай? Танла!
Саъид: Сен ўзинг танла, Аллоҳга қасамки, мени қандай ўлдирсанг, қиёматда Аллоҳ таоло сени ҳам шундай ўлдиради.
Ҳажжож: Сени кечириб юборишимни хоҳлайсанми?
Саъид: Агар кечириш бўладиган бўлса, у ҳам Аллоҳдандир. Аммо сенинг азобдан қутулишингга бирон бир чоранг йўқ.
Ҳажжож: Уни олиб кетинглар, ўлдиринглар!
   У кишини олиб кетаётганларида кулиб юбордилар. Бу хабарни Ҳажжожга етказишганда, у кишини қайтаришга амр қилди.
Ҳажжож: Нима учун кулдинг?
Саъид: Мен содир бўлаётган ишларга: Аллоҳнинг чегараларини пайҳон қилишинг ва Аллоҳнинг сенга бўлган Ҳалимлигига кулдим.
Ҳажжож: Уни ўлдиринглар! 
У кишини ерга, қиблага қаратиб ётқиздилар.
Саъид: “Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман...” (Анъом сурасининг 79-оятини  ўқидилар.)
Ҳажжож: Унинг юзини қибладан бошқа тарафга буринглар.
Саъид: “Машриқ ҳам, мағриб ҳам Оллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангиз, ўша жой Оллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз, Оллоҳ (ҳамма томонни) қамраб олгувчи, билувчи Зотдир”. (Бақара сурасининг 115-оятини ўқидилар).
Ҳажжож: Уни юзтубан ётқизинглар.
Саъид: “Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз”. (Тоҳа сурасининг 55-оятини ўқидилар.)
   Кейин Саъид ибн Жубайр дуолар қилдилар. Вахшийлар у кишини ўлдиришди. 
   Шундан сўнг Ҳажжож ухлаганида, тушида Саъид ибн Жубайрни кўрарди. У киши унинг ёқасидан олиб: “Эй Аллоҳнинг душмани, мени нега ўлдирдинг?” – дер эдилар. Ҳажжож: “Мени Саъид билан нима ишим бор эди-я?! Мени Саъид билан нима ишим бор эди?!” – деб ҳасрат ва надомат қилди. Оз фурсатдан кейин аянчли ҳолда ўзи ҳам ҳалок бўлди.
   Имом Аҳмад айтадилар: “Саъид ибн Жубайр ўлдирилдилар. Ваҳоланки, ер юзи у кишининг илмларига муҳтож эди”.
 
Азизхўжа Иноятов
"Хўжа Таббанд" масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:48
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram