ҚУРЪОН – МЎЪЖИЗАГА БОЙ МАНБА
15 октябр 2024 й.
«орқага
196 марта ўқилди.
ҚУРЪОН – МЎЪЖИЗАГА БОЙ МАНБА
Қуръони каримнинг мўъжизалари унинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган илоҳий калом эканлигини тасдиқловчи ҳайратланарли хусусиятлар ва инсоният ақлини лол қолдирадиган жиҳатлардир. Қуръони карим мўъжизалари қуйидаги асосий турларга бўлинади:
1. Луғавий ва адабий мўъжизаси
Қуръони каримнинг услуби ва тили инсон сўзидан юқори бўлиб, ҳеч бир шоир ёки адиб унга тенг келадиган матн ёзолмаган, ёзолмайди ҳам.
Қуръони карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида амалда бўлган араб тилидаги энг юқори адабиётни ҳам бутунлай ортда қолдирган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда унга ўхшаш бирор сура ёки оят келтиришга чақирган, лекин ҳеч ким бунга қодир бўлмаган, бўлолмайди ҳам:
“Агар ушбу Қуръонни бирор тоққа нозил қилганимизда эди, сен унинг Аллоҳдан қўрққан ҳолда парчаланиб кетганини кўрган бўлардинг” (Ҳашр сураси, 21-оят).
2. Илмий мўъжизалари
Қуръони каримда бундан 14 аср аввал айтилган баъзи илмий фактлар замонавий фан ютуқлари билан тасдиқланган.
Жумладан:
Коинотнинг кенгайиши:
“Осмонни Биз қудрат билан бино қилдик ва, албатта, Биз уни кенгайтирувчимиз” (Зориот сураси, 47-оят).
Замонавий космология коинот кенгаяётганини тасдиқлайди.
Инсон эмбрионининг ривожланиши:
Қуръони каримда инсон ҳомиласи "лахта қон" (алақ) босқичидан бошлаб ривожланиши аниқ тасвирланган:
“Биз инсонни лойдан яраттик. Сўнг уни нутфа (суюқлик) қилиб мустаҳкам жойга (бачадонга) жойладик. Сўнг нутфани лахта қонга, лахта қонни бир бўлак гўштга айлантирдик...” (Мўъминун сураси, 12-14-оятлар).
Замонавий тиббиёт буни тасдиқлаб, Қуръони каримнинг ҳайратомуз илмий аниқлигини кўрсатади.
Тоғларнинг ўрни:
Қуръони карим тоғларни ернинг мустаҳкамлиги учун мўлжалланган "михлар" деб атайди:
“Тоғларни эса (ерга) мих қилиб қўймадикми?” (Наба сураси, 7-оят)
Геология тоғлар ер қобиғини барқарорлаштиришини аниқлаган.
3. Қуръоннинг сақланиш мўъжизаси
Қуръони карим нозил қилинганидан бери бирор ҳарфи ҳам ўзгартирилмаган. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Ўзи сақлашини ваъда қилган:
“Албатта, зикрни (Қуръонни) Биз нозил қилдик ва, албатта, Биз уни (ҳар қандай ўзгаришдан) сақловчимиз” (Ҳижр сураси, 9-оят).
Бундан бошқа барча китоблар таҳрирланган бўлса-да, Қуръони карим асрлар оша ўз асл ҳолича сақланиб қолган ва қолаверади.
4. Хабар беришдаги мўъжизаси (Ғайб хабарлари)
Қуръони карим нозил бўлган даврда шу пайтгача ҳеч ким билмаган оламшумул воқеаларни баён қилган ва кейинчалик уларнинг ҳақиқатга айлангани тасдиқланган. Масалан:
Румнинг ғалабаси:
Қуръони каримда Форс империясидан мағлубиятга учраган Рум империяси қисқа вақт ичида ғалаба қозониши ҳақида башорат қилинган:
“Рум (лашкари) мағлуб бўлди. Яқин жойда, лекин улар мағлубиятларидан сўнг яқинда ғалаба қилурлар” (Рум сураси, 2-3-оятлар).
Бир неча йил ичида Рум форсларни мағлуб этди ва бу ҳақиқат рўёбга чиқди.
Фиръавн жасади:
Қуръони карим Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн воқеасида Фиръавннинг жасади қутқарилиб, кейинги авлодлар учун ибрат бўлишини айтган:
“Энди бугун Биз сени (Фиръавнни) тананг билан қутқарурмиз, токи сендан кейингилар учун ибрат бўлсин” (Юнус сураси, 92-оят).
19-асрда Фиръавннинг жасади Нил дарёсида топилган ва у ҳали-ҳануз сақланиб келмоқда.
5. Руҳия ва қалбга таъсир этувчи мўъжизаси
Қуръони каримнинг ўқилиши инсон қалбига чуқур таъсир қилади, уни хотиржамлик ва Аллоҳ таолога муҳаббатга, яқинликка чорлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
“Қуръон ўқилганда, уни тингланг ва сукутда бўлинг, шояд раҳм қилинсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят).
6. Қуръони каримнинг ҳаётий йўл-йўриқ сифатидаги мўъжизаси
Қуръони карим фақатгина ибодат учун эмас, балки ҳаётнинг барча соҳалари учун йўл-йўриқ беради. У иқтисод, сиёсат, ахлоқ, муомалат, олди-берди, оилавий муносабатлар каби масалаларда мукаммал ечимларни тақдим этади.
Қуръони каримнинг ҳар бир ояти Аллоҳ таолонинг илоҳий каломи эканлигини исботлайди ва унинг мўъжизавий хусусиятлари ҳар бир асрда янги қирралари билан намоён бўлаверади.
Ҳамидуллоҳ Арипов
Мир Араб олий мадрасаси
Қуръони карим ва тажвид фани
катта ўқитувчиси