Ривоят асосида ёзилган тафсир (давоми)
22 декабр 2015 й.
4581 марта ўқилди.

 Ривоят асосида ёзилган тафсир (давоми)

Исломга куч ишлатиш ва урушлар қилиш билан тазйиқ ўтказолмаган, илмий мунозара ва мужодаладан ожиз бўлган бошқа тоифа ислом душманлари ҳам жуда кўп ёлғон ривоятларни тўқиб, уларни саҳобийларга нисбат беришиб, шу нопок йўл билан исломга зарба беришга уринганлар. Бундай ҳаракатларнинг таъсирида жуда кўп муфассирларнинг ажойиб асарлари зоеъ бўлди. Ҳаммёқни шубҳа ўраб олгандан сўнг, озгина заифлик аралашган ривоятлар ёки асарлар бутунлай мардуд бўлди, эътибордан қолди, йўқотилди. Бошқа томондан эса, кейинги ёзилган асарларда ривоятларнинг саҳиҳи билан заифи аралашиб кетди, саҳиҳлар заиф деб, заифлар саҳиҳ деб баъзи муфассир ва муҳаддислар номига туҳмат тошлари отилди. Лекин бундай зарарлардан қатъий назар, илмий нуқтаи назардан қараганда ғаразгўй  кимсаларнинг ҳаракати ҳам илмий қийматга эга. Агарчи уларнинг ижтиҳодини иснод жиҳатидан мавзуъ (ёлғон тўқима) дейилса ҳам, тафсир, таъвил, ижтиҳод ва мустақил фикр жиҳатидан қимматли илмий янгилик дейиш мумкин. Ҳар бир мавзуъ ривоят эгаси қандай мақсадда тафсир қилган бўлса ҳам, бир ижодкорнинг шахсий фикри сифатида ўрганишга лойиқдир, чунки эҳтимол бошқа муфассирларнинг раъйлари ва ижтиҳодий факрларига нисбатан энг тўғри фикр унинг фикридир.
 
 б) исроилиётларнинг кириб қолганлиги;
 
“Исроилиёт” сўзи, яҳудийлардан ривоят қилинган маълумотларни билдирса ҳам, биз бу ерда умумийроқ маънода, яъни яҳудий ва насронийлардан ривоят қилинган асарларни назарда тутамиз. Чунки Исломнинг аввалида яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам мусулмонлар билан доим бирга аралашиб яшаганлар, дунёнинг турли чеккаларидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб, Мадинага келиб исломни қабул қилганлар. Ҳар икки дин аҳлларининг ҳам алоҳида диний маданиятлари мавжуд эди. Бунинг устига Таврот ва Инжилнинг кўп ҳукмлари Қуръон ҳукмларига мос келарди. Масалан: Тавротдаги қасос ҳукми Қуръондаги қасос ҳукмининг айни ўзи эди. Тавротдаги қадимги пайғамбарларнинг тарихи Қуръондаги пайғамбарлар тарихига монанд эди. Яҳудийлар қўлида Тавротдан ташқари Мусо алайҳиссаломнинг суннатлари, умматларига қилган насиҳатлари, Мусодан бўлмаган, балки бошқа яҳудий олимларнинг шарҳлари, донишмандларнинг мақоллари ҳам мавжуд эдики, бу асотирлар вақт ўтиши билан муқаддаслаштирилиб, Таврот саҳифалари орасига қўшиб юборилган эди. 
 
Насронийларнинг Инжили ҳам мустақил муқаддас бир китоб бўлиб, Исо алайҳиссаломга нозил қилинган бўлиб, насроний динининг ҳам алоҳида маданияти мавжуд бўлсада, кейинчалик насронийлар ўз инжилларини “янги аҳд” деб атаб, ўзидан олдинги муқаддас Таврот ва Забурни “қадимий аҳд” номи билан Инжилга қўшиб олдилар. Яҳудийлар дини ва насронийлар дини аралашиб кетди. Яҳудий ва насроний олимлардан баъзилари Исломни қабул қилганларидан кейин мусулмон олимлари ўз мусулмон биродарларидан эшитган аралаш ривоятларни (исроилиётларни) ҳам қабул қила бошладилар. Бу нарса албатта Қуръон тафсирида ҳам ўз таъсирини намоён қилмасдан иложи йўқ эди. Негаки, аввалги муқаддас китобларда ёзилган аҳкомлар, қиссалар Қуръонда ҳам мавжуд бўлиб фақат қисқача баён этилган, баъзи тарихий вақеалар  айтилиб, воқеа содир бўлган шаҳарлар номи зикр этилмаган эди. Буларнинг муфассал баёнини эса Исломни қабул қилган яҳудий ёки насронийлар бажану дил сўзлаб берар эдилар. 
 
 
Азизхўжа Иноятов
Бухоро туман Чаҳор Бакр жомеъ
Масжиди имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:47
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram