Тобиъийнлар тафсирининг қиймати
24 июн 2015 й.
3707 марта ўқилди.
Тобиъийнлар тафсирининг қиймати
Агар бирор масалани ҳал қилишда Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ва саҳобалардан ривоят қилинмаган далил топилмаса, тобиъийларнинг тафсирларига мурожат қилиб, уланинг сўзларини қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида ислом уламоларининг қарашлари турличадир:
Имом Аҳмаддан икки хил фикр келтирилган. Бир сўзларида қабул қилиш, яна бир сўзларида қабул қилмасликни айтганлар.
Ибн Уқайл, тобиъий сўзини қабул қилмаслик таклифини берганлар.
Шуъба ибн Ал-Ҳажжож нинг айтишича:
“ Тобиъийларнинг сўзлари қабул қилинмайди, деганлар шундай сабаб кўрсатадилар: “Тобиъийлар бевосита Пайғамбаримиз (с.а.в)дан эшитмаганлар. Шунинг учун уларнинг тафсирини саҳобалар тафсири даражасига кўтариб бўлмайди. Бунинг устига тобиъийлар Қуръоннинг нозил бўлиш ҳолатига, нузул вақтидаги аломатларга шоҳид бўлмаганлар. Шундай экан улар муродни тушунишда хато қилган бўлишлари, далил бўлмайдиган нарса ва ҳолатни далил деб тушунишларит мумкин. Бунинг устига тобиъийларнинг адолати саҳобаларнинг адолати билан тенг деб бўлмайди”
Бу ҳақда Абу Ҳанифа (р.а) шундай деганлар:
“Пайғамбаримиз (с.а.в) дан келган хабарларни бош ва кўзимиз устига қабул қиламиз. Саҳобалардан келган хабарларни қабул қилишда ихтиёрлимиз; хоҳласак қабул қиламиз, хоҳламасак йўқ. Аммо тобиъийнлардан келган хабарга келсак, улар ҳам, биз ҳам уламолармиз”.
Баъзи муфассир уламолар аксинча фикр билдирганлар:
“Тобиъийнларнинг сўзлари тафсирдан олинади, чунки улар аксар тафсирларини саҳобалардан олганлар. Масалан: Мужоҳид эътироф этиб шундай дейди: “Мен Мусҳафни “Фотиҳа” сурасидан охиригача Ибн Аббос ҳузурларида уч марта ўтказдим. Ҳар бир оятдан сўнг тўхтаб, унинг маъносини сўрар эдим”.
Қатода ҳам: “Қуръонда бирор оятни қолдирмасдан маъносини эшитдим”-деган. Шунинг учун баъзи муфассирлар ўз тафсирларида тобиъийнлар ривоятларидан ҳам фойдаланганлар.
Шуъба ибн Ал-Ҳажжож шундай дейди:
“Тобиъийнларнинг сўзлари ҳужжат бўлолмайди. Ҳақиқатда ҳам, бир тобиъийннинг сўзи унга мухолиф бўлган тобиъийнга ҳужжат бўлолмайди, мухолифининг сўзини ҳеч ким қабул қилмайди. Шундай экан, тобиъийнлар бир сўзда иттифоқ бўлсалар, бошқа ҳужжат қидириб юрмасдан шу сўзни олинади. Агар тобиъийнлар ихтилофда бўлсалар, уларнинг сўзлари тарк қилинади ва Қуръоннинг, суннатнинг ёки умуман арабнинг луғатига, саҳобийларнинг қавлига қайтилади”.
Демак, Тобиъийнларнинг сўзини тафсирда ҳужжатсифатида олиш жоиз эмас. Хусусан, аҳли китоблардан ривоят қилинган бўлса, ундай сўзлар тарк қилинади.
Аммо уларнинг сўзлари раъй билан ҳам эмас, аҳли китоблардан ривоят қилинган ҳам эмас, балки саҳобийлардан ривоят қилинган бўлса уни олиш мумкин. Тобиъийнлар иттифоқ қилган б0лсалар, уни олиш вожибдир.
Тобиъийнларнинг тафсири бир неча аломатлар билан ажралиб туради:
1.Тобиъийнлар тафсирига яҳудийлар ва насронийлардан қилинган жуда кўп ривоятлар кириб қолган. Бунинг сабаби аҳли китобларнинг кўпчилиги ислом динига кирганлигидир. Уларнинг зеҳнига шарийъат аҳкомларига алоқаси бўлмаган турли хабарлар, масалан: яралишнинг бошланиши, вужуднинг сирлари, коинотнинг яратилиши ва бошқа кўплаб қиссалар ўрнашиб қолган. Бу хабарларни Қуръони карим муфассал эмас, ижмолан баёнини ёки ишорасини қилиб ўтган. Қуръондаги бундай хабарлар, айниқса яҳудийлар ва насронийлар ҳақидаги маълумотларни инсон нафси батафсилроқ билишга, тушунишга қизиқади. Шунинг учун тобиъийнлар аҳли китоблардан эшитган бундай “исроилиётлар”ни таҳрир ва танқид қилмасдан ўқувчига қизиқарли бўлсин, деб ўз тафсирларига қўшиб юборганлар. Исроийлиётларнинг аксари аҳли китоблардан мусулмон бўлганАбдуллоҳ ибн Салом, Каъбул-Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббаҳ ва Абдул-Малик ибн Абдул-Азиз ибн Журайждан ривоят қилинган.
2.Бу даврдаги тафсир тобиъийнларнинг саҳобалар билан учрашиб, улардан эшитиб, қилган ривоятлари асосида юзага келган. Бироқ, Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларида саҳобалар бил-иттифоқ ривоят қилганларидек умумий маънода эмас, балки ҳар бир тобиъий ўз устози-имомидан эшитганини хоссатан ривоят қилган. Масалан: Маккаликлар Ибн Аббосдан, Мадиналиклар Убай ибн Каъбдан, Ироқликлар эса Ибн Масъуддан ривоят қилиб, ўз ривоятларини бошқадан устун қўйганлар.
3. Бу даврда ихтилофли мазҳабларнинг намояндалари тафсирлардан асосан ўз мазҳабларининг бошқалардан афзал эканлигини, ўз фикрларининг бошқалар фикридан устун эканлигини исботлашда фойдалана бошладилар. Натижада, тафсирлар мусулмонларга Қуръон маъноларини тушунтириб берувчи илмий манба бўлишдан кўра, аксар ҳолларда аҳли илмларнинг мунозара майдонига айланиб қолган эди. Масалан: тобиъийн муфассирлардан Қатода ибн Диъома ўз тафсирида Аллоҳнинг қазо ва қадарини тушунтиришга қаттиқ ружуъ қилгани учун, унинг ҳақида “қадарий” деб гумон қилинган. Натижада, унинг тафсири эътимоддан ва эътибордан қолган.
Ал-Ҳасан ал-Басрий ҳам ўз тафсирида қақдқрни исботлашга уриниб, унга унамаган кишини кофирга нисбат берган. Бунинг оқибатида Ал-Ҳасаннинг тафсиридан қилинган ривоят ҳам баьзи олимлар наздида қимматга эмас, деб саналади.
Чор Бакр жомеь масжиди
имом хатиби
Азизхўжа Иноятов
«орқага