АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
2991 марта ўқилди.
АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ
Шарқ дурдонаси саналмиш Бухоро нафақат қадимги меъморий ёдгорликлари, балки илму фан, маънавият ва маърифат гулшани сифатида ҳам машҳурдир. Туронзамин шоирларининг бобакалони Рудакий, тиббиёт илмининг асосчиси Ибн Сино, Ҳадис илмининг султони Исмоил Бухорий минг йил муқаддам Бухоро шуҳратини оламга ёйдилар.
Истиқлолга эришган Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида, халқимизнинг ҳаётида, давлатимизнинг сиёсий ҳаётида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Асрлар мобайнида халқимиз сақлаб келаётган умуминсоний, миллий ва маънавий кадриятларни илмий тадқиқ қилиб, ривожлантиришга янги имкониятлар яратилди.
Хўжагон тасаввуфий тариқатининг устози муршиди, кейинчалик нақшбандия тариқати ва таълимотининг ҳақиқий асосчиси, улуғ инсонпарвар сўфий Абдухолиқ Ғиждувоний ҳисобланади. Улуғ мутасаввуф олим, шайх Абдухолиқ Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халфалари (муридлари) бўлиб, 1103 йилда Ғиждувон шаҳрида таваллуд топганлар. Тасаввуф ва суфийлик маданиятига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Улардан қуйидагилар: «Рисолаи соҳибия», «Мақомати шайхул-шуюх Юсуф Ҳамадоний», «Насиҳатнома», «Васиятнома», «Рубоийёт» ва бошқалар. Илк устози тафсир илмининг султони Имом Садриддин ҳисобланиб, йигирма икки ёшда Юсуф Ҳамадоний билан учрашади ва унинг муридига айланади. Хожа Юсуф Ҳамадоний Абдухолиқ Ғиждувоний қалбида Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббат борлигини билгач, суфийлар жамоасига олиб киради. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний устозининг Миллий маданий маънавиятимизнинг тарихини ўрганувчи барча олимлар "Рашахот айн ул ҳаёт" асарига ишончли манба сифатида мурожат этадилар.
Фахруддин Али Сафий ибн Ҳусайн ал Воиз Кошифийнинг "Рашахот айн ул ҳаёт" асарида Хўжаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувонийнинг хўжагон нақшбандия таълимотининг асосчиси эканлиги, бу таълимотнинг моҳияти, ўзига хос томонлари, бу таълимотнинг барча табақалар учун маъқул эканлиги ҳақида ёзилган. Бу манба хўжагонлик тариқатининг моҳиятини ўрганишда кенг китобхонлар оммасига ёрдам беради. XV асрнинг мўътабар адиби ва мутафаккири Абдураҳмон Жомий тасаввуфнинг йирик намояндалари ҳақида қомусий маълумотларни қолдирган. Бу улуғ зотнинг ҳозирча - 2 та асарида: "Нафахотул унс" ва "Баҳористон"да Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида ёзиб қолдирган маълумотлар бор. "Нафахотул унс"-(Қувончли туҳфалар") Абдураҳмон Жомийнинг тасаввуф аҳли таржимаи ҳоли ва ижодини ўз ичига олган тазкираси 1475-1476 йилларда ёзилган. Асарда турли даврларда яшаган тасаввуф тариқатининг 600 дан зиёд вақили ҳақида маълумот берилади. Асарнинг 242-243 бетларида Ҳазрат Хўжа Абдухолиқ Ғиждувонийга оид тавсиф баён этилган. Алишер Навоий бу асарлардан илҳомланиб, "Насойимул муҳаббат" номли асар яратган. Алишер Навоийнинг "Насойимул муҳаббат мин шамойимул футувват" тарихий-фалсафий асарида улуғ зот ҳақида маълумот бериб, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳақида тавсифлар ифодаланган.
"Абдулланома" тарихий асарининг муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий (XVII аср) "Хожайи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний" деб ҳурмат билан ул зотнинг номларини тилга олади. Бундан маълум бўладики, у кишини Хўжаи Жаҳон деганлар, шу манбада туғилган йиллари 1111, вафотлари 1179. Қабрлари ўз она юртлари Ғиждувонда деб кўрсатилган. Бухоро вилояти Ғиждувон шахридаги “Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” жомеъ масжиди шайху-шуюх қутбизамон сохибикаромат Абдулхолиқ Ғиждувоний хазратлари номлари билан аталади. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний “Хўжаи жахон”, “Зикр қалб султони”, “Икки олам Хўжаси”, “Қутби замон”, “Офоқи замон” каби жуда кўп сифатлар берилган. Хазрат Хўжагон Нақшбандия тариқати асосчиси, шу жойда тариқат пешвоси бўлиб “бўз тўқиш” касби билан шуғулланганлар. Хўжагон тариқати асоси Қуръон ва ҳадисга таяниб, бидъату хурофот, сохта пиру-муридликка қарши қаттиқ курашиб, тама ва миннатдан инсониятни қайтариб халол мехнат орқасидан кун кечиришликка Оллоҳ берган ризқни кўпчилик билан бахам кўришликка ундаб келганлар.
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги