АБУ БАКР КАЛОБОДИЙ – ЙИРИК ТАСАВВУФ НАЗАРИЁТЧИСИ
2424 марта ўқилди.

 

АБУ БАКР КАЛОБОДИЙ – ЙИРИК ТАСАВВУФ НАЗАРИЁТЧИСИ

(вафоти 990 ёки 995 й.)

1. Абу Бакр Калободийнинг ҳаёт йўли

Ўрта асрларнинг йирик алломаларидан ҳисобланган таниқли тасаввуфшунос олим, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутакаллим ва файласуф «Тож ул-ислом» (Ислом тожи) ва «Дарбони Бухоро» (Бухоро дарвозабони) лақаблари билан машҳур бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Яъқуб ал-Калободий ал-Бухорий ал-Ҳанафий Бухоро шаҳри яқинидаги Калобод маҳалласида дунёга келган. Турли манбаларда ҳамда муаллиф асарларининг турли қўлёзма нусхаларида унинг исми жузъий деталлар билан фарқланиб туради. Барча манбаларда унинг куняси «Абу Бакр» шаклида келтирилади, аммо «Тож ул-ислом», «Сўфий» (мутасаввиф сифатида), «Ҳофиз» (муҳаддис сифатида), «Ориф», «Муҳаддис», «Шайх», «Имом», «Зоҳид» каби турли хил нисбалар ва унвонлар билан тилга олинади.  
Калобод маҳалласи ундан етишиб чиққан ва ислом оламида донг таратган буюк олимлар билан машҳур бўлиб, Абу Наср Аҳмад  ибн Муҳаммад Калободий, Абул Қосим Убайдуллоҳ Калободий, Абу Саҳл Абдулкарим ибн Абдураҳмон Калободийлар шулар жумласидандирлар.
Калобод – аслида Гулобод номининг арабчалашган кўриниши бўлиб, араб алифбосида «г» товушини ифодалайдиган ҳарф бўлмаганлиги сабабли бу ном Калобод шаклида ёзилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги замон ўзбек шарқшунослари Калободийни Гулободий деб ҳам эслатишади. Шундай бўлса-да, асрлар давомида ушбу алломанинг номи Калободий кўринишида ёзиб келинганлигини инобатга олган ҳолда, ҳозирги замон жаҳон шарқшунослигида ушбу алломанинг номини шу шаклда келтиришади. Айтиб ўтиш лозимки, Калободийнинг номи бугунги замонга оид бўлган айрим арабча ва форсча манбаларда Калобозий шаклида ҳам учрайди. 
Бошланғич таълимни ўзи туғилиб ўсган жойида олган бўлғуси аллома кейинчалик ўша замонда кенг тарқалган диний ва дунёвий илмларни ўрганишга киришади. Фиқҳ ва ҳадис илмлари бўйича саксон тўрт олимнинг асарларини ўқиб чиққан Калободий Аҳмад бин Наср Нишопурий, Муҳаммад бин Абдуллоҳ бин Юсуф Нишопурий, Муҳаммад бин Али бин Ҳусайн Ҳофиз Исфаройиний ва Муҳаммад бин Фазл Бухорий Куморий каби олимлар ҳузурида ушбу илмларни пухта ўрганади. Шунингдек, Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий калом илмида, Муҳаммад бин Аҳмад бин Иброҳим Форсий ҳамда Мансур Ҳалложнинг шогирдларидан бўлган Абулқосим Форис бин Исо Бағдодийлар эса тасаввуф илмида Калободийнинг устозлари бўлишган. 
Абу Бакр Калободий маълум муддат давомида қозилик лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. Аммо Калободийнинг асосий фаолияти ўзи ўрганган илм соҳаларида, хусусан, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф борасида тадқиқотлар олиб бориш ва бу борада фундаментал асарлар ёзиш билан боғлиқ бўлган. Шуниям эслатиб ўтиш лозимки, Калободий тасаввуф тарихи ва таълимотини чуқур ўрганган бўлса-да, ўзи бевосита сўфийлик йўлига кирмаган, балки тасаввуфга тадқиқотчи нуқтаи назаридан ёндошиб, биринчилардан бўлиб тасаввуф назариясига асос солган.
Калободий илмий фаолиятнинг ўзи билан шуғулланиб қолмасдан, кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган. Унинг тасаввуфга оид асарига шарҳ ёзган Мустамлий Бухорийдан ташқари Абу Наср Аҳмад бин Али Моямрағий ва Абу Бакр Аҳмад бин Али бин Муҳаммад Исфаҳоний каби олимлар ҳам Абу Бакр Калободийнинг энг машҳур шогирдларидан ҳисобланишади.
Абу Бакр Калободий 990 ёки 995 йили вафот этган ва Бухоро шаҳрининг «Шўристон» қабристонида Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг шогирдларидан бўлган Хожа Абдуллоҳ Барақий қабри ёнида дафн этилган.

2. Абу Бакр Калободийнинг илмий фаолияти ва асарлари

Юз мингдан кўпроқ ҳадисни ёддан билган Абу Бакр Калободий биринчи навбатда забардаст ҳадисшунос сифатида таниқли бўлган. Унинг аксарияти бизнинг давримизгача етиб келмаган асарларининг катта қисмини ҳам айнан ҳадисга оид асарлар ташкил этади. Жумладан, турли манбаларда унинг «Арбаъин фил ҳадис» («Қирқ ҳадис») ва «Амолий фил ҳадис» («Ёзилган ҳадислар») каби асарлар ёзгани, шунингдек, Имом Бухорийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам») китобига шарҳ битгани эслатиб ўтилган. Бироқ унинг бизгача етиб келган ва «Маъоний ул-ахбор» («Ҳадис маънолари») номи билан ҳам шуҳрат топган ҳадисга оид «Баҳр ул-фавойид» номли асари унинг бу борадаги энг йирик асарларидан ҳисобланади. Ушбу китоб беш юз тўқсон икки ҳадисни ўз ичига олади. Бошқа бир манбада келтирилишича, «Маъоний ул-ахбор»да бир-бирига ўхшаш ёки бир-бирига зид келадиган турли хабарлар ва ҳадислар орасидан тадқиқ, таққослаш ва мувофиқлаштириш орқали танлаб олинган икки юз йигирма икки ҳадис келтирилган.
Абу Бакр Калободийнинг ҳадис илмидаги шуҳрати шу даражада бўлганки, ҳадис илмининг йирик вакилларидан бўлган Ибн Ҳажар Асқалоний (1372 – 1449) «Фатҳ ул-Борий» ҳамда Абдуррауф Миновий «Файз ул-қадийр» асарларида Калободий тўплаган ҳадисларга таянишган. 
Суннийликнинг ҳанафий мазҳабига эътиқод қилувчи йирик фақиҳ олим бўлган Калободийнинг фиқҳга оид «Муъаддил ус-салот», «Ал-ашфоъ вал автор» ва «Фасл ул-хитоб» каби асарлар ёзганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар қолган. Бундан ташқари, унинг Қуръон тафсирига оид асар ҳам яратганлиги тўғрисида тахминлар мавжуд.
Булардан ташқари калом илмида ҳам етук олим бўлган Калободийнинг бу борадаги асарлари ушбу соҳа вакиллари учун манба бўлиб хизмат қилган. 
Абу Бакр Калободий илмий фаолиятининг яна бир муҳим қирраси тасаввуф тадқиқотлари билан боғлиқдир. Калободийнинг сўфийлик тўғрисидаги энг қадимги ва илк асарлардан бири бўлган «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» («Тасаввуф аҳли йўлини таништириш») номли асари унга оламшумул шуҳрат келтирди. Гарчи Абу Бакр Калободий ўз даврининг турли илм соҳаларида тадқиқотлар олиб бориб, қимматли асарлар яратган бўлса-да, айнан мана шу асар ушбу алломани илк тасаввуф назариётчиларидан бири сифатида дунёга танитди. Калободийнинг ўзи томонидан ушбу китобга шарҳ сифатида ёзилган «Ҳусн ат-тасаввуф», шунингдек, бизгача етиб келмаган «Шараф ул-фақри ва аҳлиҳи» асарлари ҳам тасаввуф тадқиқотларига бағишланган.
Абу Бакр Калободий ўз илмий тадқиқотларида ўзига хос илмий услубдан фойдаланган. Олим асарида оят, ҳадис, саҳоба, тобеин, машҳур шайхларнинг сўз, амаллари ва сўфий шоирларнинг насиҳатомуз шеърларидан ибратли намуналардан фойдаланган. Калободий ушбу услубни муайян таълимотлар – ҳанафийлик ва тасаввуф манфаатларини ёқлаш ва асослаш мақсадида қўллаган илк назариётчи олим бўлиб чиқади.  
Унинг ушбу услуби кейинги даврларда Хожа Абдуллоҳ Ансорий, Мустамлий  Бухорий, Ибн ал-Арабий, Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий, Муҳаммад Порсо, Абдураҳмон Жомий ва Имом Раббоний каби тасаввуф назариётчилари томонидан янада ривожлантирилди.

3. «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» асари ва унинг илмий аҳамияти

Эътиқод масалаларида турли ғоявий ихтилоф ва курашлар майдонига айланиб бораётган Мовароуннаҳр IX аср ўрталарига келиб ўзига хос кучли ғоявий иммунитетга эга бўлди. Яъни бу даврда ислом динининг ҳанафия мазҳаби фиқҳига асосланган ва аҳли суннат вал-жамоатни мўътазилия ва қарматия каби бузғунчи оқимлардан ҳимоя қилишга қаратилган ашъария ва мотуридия калом мактаблари юзага келди. 
Бир томондан, турли фиқҳий-ақидавий мазҳаблар, бошқа томондан, ўзининг етарли даражада илмий-назарий асосларга эга бўлмаганлиги боис юнон фалсафаси таъсири остида қолиб кетиб, ҳар хил бидъатлар гирдобида шариат аҳкомларидан тобора узоқлашиб бораётган тасаввуф таълимотини ҳам ҳанафия мазҳаби фиқҳи ҳамда мотуридия ақоиди асосида ислоҳ этиш ва уни ҳанафия мазҳабини иккинчи ғоявий мактабига айлантириш зарурати ҳам туғилган эди. Бу тарихий заруратни рўёбга чиқариш Бухоронинг илм-маърифат аҳли зиммасига тушди. 
Ана шундай мураккаб бир вазиятда Қуръон, ҳадис, фиқҳ, калом, фалсафа, тарих илмларини пухта ўзлаштиришдан ташқари тасаввуф тарихи ва таълимотидан ҳам яхши хабардор бўлган Абу Бакр Калободий илмий-назарий жиҳатдан мустаҳкам асосланган Бухоро тасаввуфшунослик мактаби дастури – назарий асосини яратиш ва шу орқали тасаввуф таълимотини ҳанафия фиқҳи ва мотуридия илоҳиёти асосида ислоҳ этишдек масъулиятли ва ўта муҳим вазифани бажаришга киришди. Унинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари натижасида тасаввуф назариясига оид фундаментал асар бўлмиш «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» («Тасаввуф аҳли йўлини таништириш») асари юзага келди. Ушбу асарнинг номини қисқача қилиб «Ат-Таъарруф» кўринишида эслатиш одат тусига кирган.
Калободий етмиш беш бобдан иборат бўлган бу асарда суннийлар томонидан қабул қилинган ислом тасаввуфининг  асл моҳияти ва ҳақиқий манзарасини тасвирлаб беришга киришиб, тасаввуф таълимоти ислом динининг моҳияти  ҳисобланган ишқ йўли эканини исботлаб беришга муваффақ бўлди. Шунингдек, бу олим тасаввуф таълимотига нисбатан билдирилган салбий фикр-мулоҳаза, туҳмат ва иғволарнинг асоссиз эканини исботлаб, бу таълимотни ислом дини таркибидаги мустақил йўналиш сифатида тавсифлаб берди, тасаввуф аҳли мавқеида туриб, аҳли суннат вал-жамоатга мухолиф бўлган мазҳаб ва фирқаларга раддия бериш мумкинлигини кўрсатди. Шу тариқа Калободий фиқҳий жиҳатдан ҳанафийлик, ақидавий жиҳатдан суннийликка асосланган Мовароуннаҳр тасаввуфшунослик мактабига асос солди.
Асосий мақсади суннийлик йўналишидаги тасаввуфни ҳимоя қилиш ва унинг ислом шариатига мос келишини исботлашдан иборат бўлган «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» асарида тасаввуф таърифи ва моҳияти, тасаввуф тарихи, тасаввуф адабиёти, тасаввуф тушунчалари ва атамалари изоҳи ҳамда тасаввуф мақомлари ва ҳоллари шарҳи билан биргаликда фиқҳий ва каломий масалалар ҳам ўртага ташланган. Шу тариқа асар биратўла тасаввуф тарихи, адабиёти, терминологияси ва назарияси ҳамда ислом ҳуқуқи ва теологиясига оид асар сифатида шаклланган.
Абу Бакр Калободийнинг «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» асари тасаввуфшунослик борасидаги илк назарий манбалардан бири сифатида ўзидан кейинги давр тасаввуф тадқиқотларига катта таъсир ўтказди. Ушбу асарга араб ва форс тилларида кўплаб шарҳлар битилган бўлиб, уларнинг энг биринчиси ва энг муҳими Калободийнинг ватандоши ва шогирди бўлмиш Мустамлий Бухорийнинг (ваф. 1043 й.) форс-тожик тилида ёзган ҳажм жиҳатидан ангчагина йирик «Шарҳ Ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўлини таништириш» асарига шарҳ) асаридир. Мустамлийнинг «Нур ул-муридин ва фазиҳат ул-муддаъин» («Муридлар учун нур ва даъвогарлар учун қўрқув») номи билан ҳам машҳур бўлган ушбу шарҳи Калободий асарининг янада кўпроқ ва кенгроқ шуҳрат қозонишида катта ўрин тутди. Чунки айнан ана шу илк шарҳдан сўнг Калободий китобини араб ва форс тилларида шарҳлаш ёки ундан манба сифатида фойдаланиш анъанаси юзага келди. Мустамлийдан сўнг «Шарҳ Ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф» асарига ёзилган шарҳлар жумласига номаълум муаллифнинг «Хулосайи шарҳи таарруф», Хожа Абдуллоҳ Ансорий ал-Ҳиравийнинг (1005 – 1088) «Шарҳ Ат-Таъарруф», Қози Алоуддин Али ибн Исмоил Табризий Қунавийнинг (в. 1328/1329) «Ҳусн ат-тасарруф фи шарҳ Ат-Таъарруф», Неъматуллоҳ ал-Ардабилийнинг «Ромуз ул-орифин ва кунуз ул-ошиқин», Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирдларидан бири Хожа Муҳаммад Порсонинг (1348 – 1420) «Фасл ул-хитоб» ҳамда Мулла Муҳаммад Олим аш-Шошийнинг «Шарҳи таъарруф» асарлари киради. 
«Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» асари нафақат тасаввуфни таништириш ва унинг назарий асосларини ривожлантиришда, балки, умуман, унинг асл ҳолатида сақланиб қолишида ҳам катта ўрин тутган. Шу сабабли ҳам ушбу асарни сўфийларнинг кейинги авлодлари юқори баҳолашган. Хусусан, шайх Яҳё ас-Суҳравардий (ваф. 1191 й.) «Агар Калободийнинг «Ат-Таъарруф» асари бўлмаганида эди, биз тасаввуф нима эканлигини билмаган бўлардик» деган эди. 
Калободийнинг «Ат-Таъарруф» китоби тасаввуф тараққиётининг «олтин асри»да ушбу таълимот тўғрисида яратилган, назарий ва амалий билимларни ўзида умумлаштирган энг биринчи тизимли концептуал асардир.  
Калободий «Ат-Таъарруф» китобида шариат ва тариқат ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишга ҳамда уларни ўзаро мувофиқлаштиришга эришди. У тасаввуф таълимотини аҳли суннат вал-жамоат ақоиди асосида ислоҳ этиш масаласини ўртага ташлади, фиқҳий масалаларда ҳанафий мазҳабига асосланди, сохта сўфийларни фош этиш орқали бу соҳада илмий-танқидий ёндашиш усулини жорий этди.
«Ат-Таъарруф» нинг қўлёзма нусхаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида 3154-V тартиб рақами остида сақланмоқда. Қўлёзма колофонидаги маълумотга қараганда, у 415/1025 йили кўчирилган, аммо котибнинг номи кўрсатилмаган. Калободийнинг 990 ёки 995 йилда вафот этганлиги эътиборга олинса, мазкур қўлёзма муаллиф вафотидан кейин 35 ёки 40 йил ўтгач кўчирилган бўлиб чиқади. Бу эса қўлёзма қадимий ва мўътабар эканлигидан далолат беради. Қўлёзма таълиқ ва настаълиқ хатларида аралаш кўчирилган. 
Абу Бакр Калободийнинг «Ат-Таъарруф» асари илк бор 1934 йили Қоҳирада, ушбу асарнинг инглиз тилига қилинган таржимаси эса «Тасаввуф доктринаси» номи билан 1935 йили Лондонда таниқли инглиз шарқшуноси А. Ж. Арберри (1905 – 1969) томонидан нашр этилди.  
Бундан ташқари, ушбу асар 1960 йили Қоҳирада таниқли мисрлик олимлар Абдулҳалим Маҳмуд ва Тоҳа Абдулбоқийлар томонидан ҳам нашр этилиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди. 
1993 йилда эса араб тадқиқотчиси Аҳмад Шамсиддин Байрутда «Ат-Таъарруф» китобининг танқидий матнини босмадан чиқарди. Асар шундан кейин ҳам бир неча марта нашр этилган бўлиб, унинг энг сўнгги нашри 2001 йили Байрутда амалга оширилган.
«Ат-Таъарруф» асари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Ушбу асарнинг Отақул Мавлонқул ўғли ва Мавлуда Отақул қизи томонидан ўзбек тилига қилинган таржимаси «Тасаввуф сарчашмаси» номи билан 2002 йили Тошкентда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босмадан чиқди.
Бундан ташқари, ўзбек тадқиқотчиси Б. Намозов Абу Бакр Калободий фалсафий қарашлари борасида тадқиқот олиб борган. Унинг «Абу Бакр Калободий тасаввуфий қарашларининг фалсафий асослари» номли рисоласи 2009 йили Тошкен шаҳрининг «Фан» нашриётида чоп этилди.
Абу Бакр Калободийнинг «Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф» асари тасаввуф тарихи ва таълимоти, ислом фалсафаси ҳамда юртимиздаги илм-фан ва фалсафий фикр тараққиёти тарихини ўрганиш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эгадир.

Комилжон Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 
Абу Райҳон Беруний номидаги 
Шарқшунослик институти 
катта илмий ходими
тарих фанлари бўйича 
фалсафа доктори (PhD)
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:51
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram